Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.02.2017

ҲАҚИҚИЙ АҲВОЛ

ютуқлар ҳақида камроқ гапириб, муаммоларни тезроқ бартараф этиш зарурлигини кўрсатмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекис­тон ХДП фракцияси аъзолари Денов туманида электорат вакиллари, сайловчилар билан учрашмоқда.

Маълумки, Денов туманида мустақиллик йилларида кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик йил сайин тараққий этмоқда. Бу эл фаровонлиги ва дастурхонлар тўкинлигига хизмат қиляпти. Аммо жойларда ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас.

— Туман деҳқон бозори ва унинг атрофидаги йўллар таъмирталаб бўлиб қолган, — дейдисотувчи Аҳмад Мўминов. — Автомашиналарни вақтинча сақлаш жойи йўқ. Раста кам бўлгани учун очиқ майдон ёки кўчада маҳсулот сотишга мажбурмиз. Бу эса ҳайдовчи, йўловчи, умуман, аҳолига қийинчилик туғдирмоқда...

Депутат ва сенаторлар Ҳазорбоғ қишлоғида аҳоли хонадонларида бўлиб, уларнинг фикрлари билан қизиқди. Очиқ, ошкора ва самимий кечган суҳбатларда коммунал хизмат, таълим ва тиббиёт соҳасидаги камчиликлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 — Ҳудудда 28 минг 800 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди Ҳазорбоғ қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Эргаш Қултўраев. — Еттита маҳаллада 5 минг 220 дан зиёд хўжалик бор. Оилалар сони 7 минг 634 тани ташкил қилади. Айни кунда аҳоли тоза ичимлик сувидан қийналмоқда. Ички йўлларимиз таъмирталаб...

— Уч нафар вояга етмаган фарзандим бор, — дейди Янги Ҳазорбоғ маҳалласида истиқомат ­қи­лувчи Ҳилола Муҳаммадиева. — Парламент аъзолари ша­роитимиз билан танишди. Уларга фуқаролик паспорти ололмай юрганимни айтдим. Оиламизни кўпдан бери қийнаб келаётган масала ижобий ечим топишига ишонаман.

Ҳудуддаги 11-сонли болалар боғчаси филиалида ёш авлод вакилларига яратилган қулайлик, амалий маш­ғулотлар самарадорлиги атрофлича ўрганилди.

— Муассасада 44 нафар бола тарбияланади, — дейди тарбиячи Гулсара Ашурова. — Боғча биноси эски, талабга жавоб бермай қолган. Хоналарни қўлбола печлар ёрдамида иситамиз. Стол-стул, шкаф ва бошқа жиҳозларимиз эскирган. Ички имкониятдан фойдаланган ҳолда иш юритаяпмиз...

— Қўлланмаларга ҳам эҳтиёж сезамиз, — давом этади тарбиячи Шаҳноза Лутфуллаева. — Болажонларга мос китоб ва қизиқарли адабиётларни кўпайтириш керак...

Тумандаги 27-умумтаълим мактабида ўқувчиларга яратилган шароит, таълим муассасасининг педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг касбий малакаси билан боғлиқ масалалар депутатларнинг диққат-марказида бўлди. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан ўтказилган жонли мулоқотда камчиликлар айтилди, уларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар билдирилди. Моддий-техник база, иситиш тизими, ўқувчиларнинг таълим жараёнига қамраб олиниши, дарсликлар билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

— Таълим даргоҳи 640 ўқувчига мўлжалланган, — дейди директор ўринбосари Фарҳод Эргашев. — Айни кунларда эса 1 минг 40 нафар ўғил-қиз икки сменада билим оляпти. Мактаб биноси 1972 йилда қурилган бўлиб, 2008 йилда жорий таъмирланганди. Аммо қурилиш ишлари сифатсиз амалга оширилгани сабабли иситиш тизими эса яроқсиз...

— Электр таъминотида ҳам камчилик бор, — суҳбатга қўшилади ўқитувчи Камол Бобоев. — Туман электр таъминоти корхонаси мутасаддиларига учрашдик. Аммо фойдаси бўлмаяпти...

Кўп тармоқли марказлашган поликлиниканинг Ҳазорбоғ бўлими ходимлари билан мулоқотда кадрларга бўлган эҳтиёж, дори-дармон билан таъминланганлик ҳолати каби масалаларга эътибор қаратилди. Маълум бўлишича, аҳолига тез тиббий ёр­дам кўрсатиш, оналик ва болалик муҳофазасини кучайтириш юзасидан муайян ишлар олиб бориляпти. Муассаса моддий-техник базасининг белгиланган талабларга мувофиқлиги, ходимларнинг касбий малакасини ошириш ишлари ўрганилди.

— Муассасамизда 54 нафар ходим меҳнат қилади, — дейди бўлим мудири Раъно Тўраева. — 14 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатамиз. Тўғрисини айт­ганда, ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Бўлим биноси ўтган аср­нинг 60-йилларида пойдеворсиз қурилгани сабабли бугун таъмирталаб бўлиб қолган. Тиббий асбоб-ускуналар ҳам етишмайди.

— Денов туманида қатор хайрли ишлар қи­лин­япти, — дейди Олий Мажлис Қо­нунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Қаҳрамон Мирзаев. — Шу билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас. 140 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллада 460 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилишини инобатга олсак, ҳар бир кишининг қувончу ташвиши бўлиши табиий. Ижтимоий-иқтисодий масалалар гуруҳларга бў­линган ҳолда ўрганиляпти. Аҳо­лини кўпроқ коммунал хизмат, тоза ичимлик суви муаммоси, таълим, тиббиёт, бандлик масалалари қийнаётганига гувоҳ бўлдик. Уларни ҳал этиш бўйича таклифлар беришимиз, қатъий тартиб-интизом асосида меҳнат қилишимиз, янги имкониятлар қидириб топишимиз зарур.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.