07.02.2017

БОЛАЛАР ИЖТИМОИЙ МОСЛАШУВИ

Пойтахтимизда «Ижтимоий инклюзия: болалар ижтимоий мослашувидаги янги ёндашувлар» мавзусида ўтказилган халқаро анжуманда жисмоний имконияти чекланган ва Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларни жамиятга мослашуви, ҳаётда ўз ўрнини топиши борасида Ўзбекистон тажрибаси яна бир бор эътироф этилди.

«Sen yolg’iz emassan» республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Болалар ижтимоий мослашуви маркази, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғ­лиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ЮНИСЕФ ва ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, депутатлар, олимлар, экспертлар, педагоглар, хорижлик мутахассислар иштирок этди.

«Sen yolg’iz emassan» республика жамоатчилик болалар жам­ғармаси ва Болалар ижтимоий мослашуви маркази васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тиллаева, Ўзбекис­тон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Халқ ­таълими вазири Улуғбек Иноятов, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, ЮНИСЕФнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ва бошқалар Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар тўғри йўлга қўйилганини таъкидлашди.

Криста ПИККАТ, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Болаларнинг ижтимоий мослашуви, таълим олиши ҳар доим жуда муҳим масала бўлиб келган. Бизнинг ташкилот илгари сураётган ғояларни халқаро жамоатчилик қўллаб-қувватлашига ишонаман. Ўзбекистонда бу борада яхши анъаналар бор.

Ўсиб келаётган ҳар бир бола маълум бир касб эгаси бўлишни, юртига хизмат қилишни истайди. Аммо жисмоний имкониятнинг чекланганлиги касб танлашда халақит беради. Яъни ҳамма ўзи истаган иш билан шуғуллана олмайди. Биз ана шундай болаларга ёрдам беришимиз, уларни қўллаб-қувватлашимиз ва бу йўлда барчамиз бирлашишимиз зарур деб ўйлайман.

Биз боқувчисини йўқотган ва жисмоний имконияти чекланган болаларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишини таъминлашимиз зарур. Ўз олдимизга қўйган асосий мақсадимиз шу. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибасида муҳим жиҳатлар борки, уни ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.

Саша ГРАУМАН, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

— Бугунги конференция келгуси режаларни белгилаб олишда жуда муҳим ўрин тутади. Мен Ўзбекистонда ­фаолият кўрсатаётган Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази томонидан олиб борилаётган ишларни юқори баҳолайман. Боқувчисини йўқотган ва жисмоний имконияти чекланган болалар ҳамма билан тенг жамиятга мослашиши керак. Бу борада уларга ёрдам бериш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Дунё тажрибасига назар соладиган бўлсак, алоҳида эътиборга муҳтож болалар одатий боғча ва мактабга бормайди. Улар учун махсус муассасалар мавжуд. Алоҳида эътиборга муҳтож болалар орасида ҳали ҳамон ­уйида қолаётганлари бор. Уларга ота-онаси қарамоқда. Айниқса, ақлан заиф болаларга қараш янада қийин. Ўз навбатида бу жараён етарлича маблағ ва вақтни талаб қилади. Бунақа оилаларга молиявий томондан ёрдам бериш керак, деб ўйлайман.

Баъзи болалар оилавий сабабларга кўра, баъзилари ногиронлиги учун махсус масканларга топширилмоқда. Ҳар бир бола оилада катта бўлиши керак. Меҳрибонлик уйи оила ўрнини босолмайди. Биз, аввало шунга эришишимиз зарур деб ўйлайман. Агар оила иқтисодий томонни ўйлаб боласини Меҳрибонлик уйига бермоқчи бўлса, уларга молиявий томондан ёрдам бериш керак. Шунда бола оилада, ота-онаси бағрида катта бўлади. Масалан, у Меҳрибонлик уйига топшириладиган бўлса, унга маълум миқдорда пул сарфланади-ку, тўғрими? Шу маблағни оиласида сарфланишини, яъни бола ўз уйида вояга етишини таъминлаш керак.

Эдуард СТИПРАЙС, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари:

— Мазкур конференция­да қатнашганимдан хурсанд­ман. Сабаби болаларнинг ижтимоий мослашуви фақат Ўзбекистонга эмас, балки бутун дунёга тегишли бўлган масала ҳисобланади.

Шу ўринда Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. ­Айнан шу иш билан шуғулланадиган марказнинг ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз, деб ўйлайман. Фикримча, бу борада Ўзбекистонда сезиларли даражада силжиш бўляптики, буни барчамиз тан олишимиз ва эътироф этишимиз даркор. Мазкур ютуқлар билан барчангизни табриклайман. Ўйлайманки, бу ишлар янги босқичда давом этади.

Яна бир жиҳатни таъкидлашим лозим, биз дунёнинг турли мамлакатларидаги айнан болалар билан ишлайдиган вазирликлар билан ҳамкорлик қилишга интиламиз. Бироқ бу борада Ўзбекистондагидек кучли алоқа ва ўзаро ҳамкорлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кўзга ташланмайди. Айнан шу факт ҳам юртингизда болаларни ҳимоя қилишга қаратилган эътиборнинг қанчалик юксак эканидан дарак беради.

Одамлар ирқи, дини ва миллатидан қатъи назар, бир хил ҳуқуққа эга бўлиши зарур. Уларни ҳимоя қилиш шунга асосланиши керак.

Буюк шоир Асқад Мухтор «Ҳар гўдакни мўъжиза деб билинг, Қут­қариши мумкин дунёни», деб ёзганди. Дарҳақиқат, дунёга келган ҳар бир бола, аввало, яшаш ва билим олиш ҳуқуқига эга. Улар тенг ҳуқуқли инсон сифатида ўзи истаган касбни танлаши ва уни эгаллаши зарур. Бунинг учун ҳамма бирдек ҳаракат қилиши, жисмоний имконияти чекланган болаларни жамиятга мослашувида кўмак бериши даркор.

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.