Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
02.02.2017

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ —

изчил тараққиёт кафолати

Шу кунларда олимлар, мутахассислар ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан 2017-2021йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҲаси қизғин муҳокама этилмоқда. Мамлакатимизнинг тараққиёти, халқимизнинг эртанги куни билан боғлиқ ушбу муҳим ҳужжатнинг муҳокамага қўйилиши, одамларнинг бу борадаги фикрлари ўрганилиши, таклифлар олиниши демократик тамойилларнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда.

Мазкур ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи устувор йўналиши ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган. Ўзбекистон Халқ демократик партия­сининг фаоллари, депутатлар, экспертлар мазкур йўналиш бЎйича ўз таклифлари, фикр-мулоҲазаларини билдирмоқда.


Анвар ҚУРБОНОВ, Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Одамларнинг яхши яшаши ва фаровон турмушини таъминлайдиган омиллар ичида энг муҳими уларни иш билан таъминлашдир. Шунинг учун Ҳаракатлар стратегиясида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, энг аввало, таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфраструктурасини изчил ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ишсизлик даражасини қисқартиришда долзарб аҳамиятга эга масалалар ҳисобланади.

Тўғри, бугунги кунга қадар ҳам аҳолини иш билан таъминлаш бўйича дастурлар қабул қилиниб, муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бироқ замон олдимизга қўяётган талаблар бу борадаги ишларимизни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Президентимиз Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида аҳолини иш билан таъминлаш, хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласини асосли равишда танқид қилди. Сирдарё вилояти мисолида оладиган бўлсак, айрим касб-ҳунар коллежлари тайёрлаётган мутахассисликларга шу ҳудудда эҳтиёж бор ёки йўқлиги тўлиқ ўрганилмаган. Натижада муайян мутахассисликлар бўйича ўқишни тамомлаган ёшлар иш топишда қийинчиликка дуч келмоқда. Бундан ташқари, коллежларда таълим бериш, касб-ҳунар ўргатиш сифатини ошириш, бу борада таълим муассасалари раҳбарларининг масъулияти, керак бўлса, жавобгарлигини кучайтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳаракатлар стратегиясида ана шу масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши зарур, деб ўйлайман.

Бу борада партиямиз ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари ҳам талабчан бўлиши, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ишга жойлаштирилгани ҳақидаги маълумотлар ҳаққонийлигини ўрганиб бориши, айни пайтда, қатъий позиция кўрсатиши талаб этилади.

 

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида узлуксиз таълим тизими яратилди. Эндиги асосий масала ана шу тизимни янада такомиллаштириш, бугунги замон талаблари даражасига кўтаришдир. Шу боис мазкур ҳужжатда сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадр­лар тайёрлаш ишлари алоҳида эътиборга олинган. Хусусан, таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Мамлакат тараққиётини таълим тизимининг ривожисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунда ўрта-махсус таълим сифатини ошириш энг долзарб масалалардан бири. Фикримча, бу борада педагогларга қўйилаётган талабларни кучайтириш лозим. Яъни, улар асосий вақтини ўқувчилар билан мулоқот қилиш ва ўз устида ишлашга сарфлаши керак.

Шунингдек, ўқувчиларнинг дарс жараёнидаги иштирокини тўла таъминлаш зарур, назаримда. Уларни кўпроқ аниқ фанларга йўналтириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини айнан мактабдан бошлаш янада самарали бўлади, деган фикрдаман.

Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, шарт-шароитларини тубдан яхшилаш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА, ЎзХДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

— Ҳаракатлар стратегиясида арзон уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш масалалари белгиланган. Хусусан, ёш оилалар, эскирган уйларда яшовчи фуқароларнинг уй-жой шароитларини имтиёзли шартларда ипотека кредитлари ажратиш ҳамда арзон уйларни қуриш орқали янада яхшилаш кўзда тутилган. Албатта, бу масалаларни ҳал этиш долзарб аҳамиятга эга.

Бироқ халқ ичида юриб, одамлар билан мулоқот қилиб, шунга амин бўлаяпмизки, ечимини кутаётган яна кўплаб масалалар бор. Мисол учун, айрим оилаларда на эр, на хотин ҳеч қаерда ишламайди. Ҳар иккаласи ҳам меҳнатга лаёқатли бўлгани боис давлатдан моддий ёрдам ололмайди. Шунинг учун биз, бундай оилаларнинг қўлидан нима иш келишига қараб, уларни тадбиркорлик ёки касаначиликка жалб қилишимиз керак. Айтайлик, уй бекаларини тикув машинаси билан имтиёзли таъминлаш мумкин. Умуман, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва хусусиятларини чуқур ўрганиш, одамларни ташаббускорликка ундайдиган ғояларни ишлаб чиқишга ҳар томонлама эътиборни кучайтирсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, 44-оилавий поликлиника бош шифокори:

— Мазкур ҳужжатда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғ­лиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор масалалар белгиланган. Хусусан, аҳолига ижтимоий кафолатларни таъминлаш, кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш кўзда тутилган.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, тез тиббий ёрдам тизимини янада ислоҳ қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.

Албатта, бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимида ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб долзарб масалалар бор. Менинг назаримда, Ҳаракатлар стратегиясига киритиш керак бўлган энг муҳим масалалардан бири сифатли, замонавий фикрлайдиган кадрлар тайёрлашдир. Узоқ ҳудудлар у ёқда турсин, айрим ҳолларда пойтахтнинг ўзида ҳам малакали кадрларга эҳтиёж сезилмоқда. Ёш кадр­ларнинг малакасини ошириш, дунёнинг ривожланган тиббиёт марказларида амалиёт ўташини ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш ишларини ҳам янги бос­қичга олиб чиқиш зарур.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: