Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
02.02.2017

ЭНДИ УРГУТНИНГ НОМИ ДУНЁГА ТАНИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги Фармонини халқимиз катта қувонч ва миннатдорлик билан кутиб олди.

Шу кунларда жамоатчилик ўртасида эркин иқтисодий зоналарнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилмоқда. Дарҳақиқат, «Эркин иқтисодий зона» нима дегани? Бундан одамлар, давлат қандай фойда кўради?..

Бугундан бошлаб янги барпо этиладиган иқтисодий зоналардан кўзда тутилган мақсад ва уларнинг имкониятлари ҳақида ҳикоя қилиб борамиз.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ургут туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш чоғида ҳудудда эркин иқтисодий зона ташкил этилиши ушбу туманнинг саноат салоҳиятини оширишга, туризм ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларини янада юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Бу борада амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Туманнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги лалми, унумдорлиги паст ерларни аниқлаш, тупроқ таркиби, тоғ шароити ва туманнинг бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб, ушбу шароитга мослашган, тез ҳосилга кирувчи ёнғоқ, чилонжийда, бодом, узумнинг экспортбоп навларини экиш, иссиқхоналар ташкил этиш, ҳудудда чорвачилик, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш борасидаги янги ло­йиҳалар учун ер майдонларини танлаш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлаш юзасидан қимматли фикрлар билдирди.

 Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида дастлаб туман ҳокимининг фармойиши қабул қилинди. Мазкур фармойиш асосида Ургут туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантиришнинг уч йўналиши бўйича дас­турлар ишлаб чиқиш туман штаби ташкил қилинди.

Биринчи йўналиш — Ургут туманининг саноат салоҳиятини ошириш, янги корхоналар ташкил қилиш, мавжудларини модернизациялаш мақсадида янги лойиҳаларни аниқлаш ва талаб этиладиган ер майдонларини танлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган тошлоқ ер майдонларини ўзлаштириш борасида тизимли ишларни амалга ошириш вазифалари белгиланди.

 Иккинчи йўналиш — хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасини ривожлантириш бўйича мавжуд хизмат кўрсатиш ва хўжалик юритувчи субъектлар аниқланди. Тумандаги қишлоқ фуқаролар йиғинларида аҳолининг талабидан келиб чиқиб, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳа ва таклифлар умумлаштирилди. Туманнинг географик жойлашувидан келиб чиқиб, экотуризм ва туризм соҳасини ривожлантириш бўйича Қоратепа — Омонқўтон ҳудудида 6 та лойиҳа-таклиф шакллантирилди.

Таъкидлаш керакки, туманда мустақиллик даврида мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, полиэтилен маҳсулотлари, полиестр тола, спорт пойабзаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш янгидан йўлга қўйилди. Черепица, бўз, чит, электр печ ва плита, пластмасса маҳсулотлари каби халқ истеъмоли моллари тайёрлаш кенгайтирилди.

Учинчи йўналишга асосан 11 минг гектардан иборат ҳосили паст ерларни фермер хўжаликларига бўлиб бериш, ёнғоқ, чилонжийда, бодом, узум ва бош­қа мевали дарахтлар экиш ҳамда иссиқхоналар ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди.

 Бу борада ҳар бир йўналишдаги экин турлари бўйича Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти олимлари ва ҳудуддаги ерни яхши биладиган деҳқон ҳамда мутахассислар билан экинлар парвариши бўйича агротехник тадбирлар ишлаб чиқиш йўлга қўйилди.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Фрунзе Жўраев шундай дейди:

— Эркин иқтисодий зона дейилганда, хорижий инвес­торларнинг ўша ҳудудга эркин кириб келиши, хорижий технологияларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналарининг барпо этилиши, божхона муносабатларида эркинлик, солиқ соҳасида имтиёзларга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар мажмуи тушунилади. Уларда асосан замонавий халқаро андозаларга жавоб берадиган, асосий қисми экс­порт қилишга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Айнан Ургутда эркин иқтисодий зона ташкил қилинишининг сабаблари қуйидагича:

— Ургут қишлоқ тумани бўлишига қарамасдан, саноати ривожланган. Қишлоқда аграр меҳнат билан бирга индустриал ва интеллектуал меҳнат ҳам муносиб ўрин эгаллагани шундай зона очишга аҳолининг тайёрлигидан далолат беради;

— Ургут туманида кўпгина маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун хомашё базаси мавжуд. Мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилади, уларни чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш каби технологик жараёнларни жорий қилиш, маҳаллий хомашё ҳисобидан қурилиш материаллари, гилам, электротехника, кимё, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш имкониятлари мавжуд;

— маҳаллий ва хорижий инвесторларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш учун имкониятлар катта.

Эркин иқтисодий зоналарнинг яна бир хусусияти улар мамлакат бозорини сифатли маҳсулотлар билан тўлдиради. Мамлакат экспорт салоҳиятининг ошишига ва валюта тушумининг кўпайишига ҳам бундай ҳудудлар катта имконият яратади. Ушбу валюталар эвазига тадбиркорларда хориждан илғор технологияларни келтириш имконияти юзага келади.

Ургутнинг маданий экинлар учун ноқулай бўлган адир жойларидан самарали фойдаланиш ҳам мақсад қилиб қўйилган. Бу ерда интенсив боғлар ташкил қи­лиш, фойдаланилмаётган ерларни ўзлаштириш имкони мавжуд.

— Ургут тоғларида доривор гиёҳлар жуда кўп. Аммо булардан фармацевтикада деярли фойдаланилмасдан келинаётган эди. Замонавий талаблар улардан ҳам самарали фойдаланишни тақозо қилмоқда. Бу эркин иқтисодий зона учун жуда қулай.

Эркин иқтисодий зоналар халқимизга, давлатимизга нима беради, деган савол ҳам кўпчиликни қизиқтириши табиий:

— асосийси, янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги ошади;

— мамлакат бозори товар ва хизматлар билан бойитилади, аҳолининг эҳтиёжлари қондирилиб борилади;

— мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ошади ва валюта тушуми кўпаяди. Ушбу валюталар эвазига тадбиркорларда хориждан илғор технологияларни келтириш имконияти пайдо бўлади;

— маҳаллий мутахассисларнинг ишга жалб қилиниши орқали уларда илғор технологиялар асосида фаолият кўрсатиш имконияти яратилади;

— давлат бюджетига солиқ тушуми ортиши эвазига давлатнинг молиявий имконияти яхшиланади, мамлакат ялпи ички маҳсулотини кўпайтириш имкония­ти яратилади.

Узоқ йиллар туман қиш­лоқ хўжалигининг ривожланишига ҳисса қўшган меҳнат фахрийси Абдузоҳир Зиёев шундай ҳикоя қилади:

— Илгари Ургутга асосий моллар, оддий­гина пайпоқ ҳам четдан келтирилган. Мус­табид тузум даврида бу каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконияти бўлгану, лекин бунга йўл қўйилмаган. Мана, энди туманда эркин иқтисодий зона ташкил этилади. Бу нафақат ўз бозоримизни, балки, хориж бозорини ҳам обод қилувчи бир-бирини такрорламас кўплаб саноат корхоналари юзага келади, янги иш ўринлари яратилади, деганидир.

Янги саноат корхоналари ташкил этиш, мавжудлари қувватларини оширишдек муҳим масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани қувончли.

— Ургут эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиши туманимиз аҳолисини беҳад қувонтирди, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзоси Суюн Умаров. — Аҳамиятлиси, бу эзгу ҳаракат партия­миз ғояларига, электоратимиз манфаатига ҳар жиҳатдан мос келади. Сариқ­тепа маҳалласи ҳудудидаги қиш­лоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдони тадбиркорларга тақсимлаб бериладиган бўлди. Бу эса 1000 га яқин янги иш ўрни яратишга йўл очади. Тоғолди ҳудудларидаги шундай майдонларда ёнғоқ, писта, бодом, ­токзорларнинг бунёд этилиши эса 3 мингга яқин фермер хўжаликларининг ташкил қилинишига имконият яратади. Натижада бундай эзгу ишлар ҳисобига 9 мингга яқин янги иш ўрни барпо этилади.

 — Ургут тарихий маскан сифатида ҳам эътироф этилади, — дейди Самарқанд давлат университети профессори, филология фанлари доктори Муслиҳиддин Муҳиддинов. — Масалан, Омонқўтондаги бир қанча ғорларда ўтказилган археологик қазиш ишларида тош асрига оид одамлар қароргоҳларидан қолган излар, кўплаб иш қуроллари топилган. Тарихий манбалар Ургут ҳудудида ёш жиҳатидан Марказий Осиёдаги кўпгина қадимий шаҳарлар билан тенглаша оладиган бир неча шаҳарлар бўлганини, уларда жаҳон халқ­лари тарихи билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар юз берганлигини тасдиқлайди.

Ургутга кўплаб сайёҳлар, эл эътиборидаги олимлар, шоир ва ёзувчилар келишган. Мустақиллик йилларида бу анъана янада кучайди. Ургут нафақат осмонўпар тоғлари, тоза ҳавоси, зилол сувли булоқлари билан сайёҳларни ўзига мафтун этади. Айни чоғда халқимизнинг узоқ ўтмишидан ҳикоя қилувчи тарихий обидалар, меъморчилик ёдгорликлари, ўзига хос қадим анъаналари кишини ҳайратга солади. Масалан, Чорчинор, Равот­хўжа, Қоратепа, Омонқўтон ва яна бош­қа кўплаб гўшалар сайёҳларда, меҳмонларда бир олам таассурот уй­ғотади. Бу қутлуғ заминда Ҳазрат Ғавсул Аъзам, Хўжа Закариё авлиёи Варрак, Хўжа Омон, Хўжа Толиби Сармаст, Хўжа Абдол, Ширвоқ ота, Хўжа Иброҳим ­Кадут каби улуғ зотлар қабрлари-ю мақбаралари зиёратгоҳга айланган.

Бу ерда эркин иқтисодий зонанинг ташкил этилиши эса бутун дунё сайёҳларининг, ишбилармонларининг, олиму зиёлилари эътиборининг Ургутга жалб этилиши, демакдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз Фармони ургутликлар томонидан катта қувонч билан кутиб олинди. Одамларимиз ушбу Фармон ортида буюк келажакни, тўкин ҳаётни ҳис этишмоқда.

Тадбиркор Эсон Соҳибов қувонч билан фикр юритади:

— 2003 йилда «Ург-Антеп-Яшам» қўшма корхонасини ташкил этдим. Корхона Устав фонди 4,2 миллион АҚШ долларидан иборат бўлди. Унинг 54,2 фоизи Туркиянинг «Mesan mensuat samayi dis ticaret limited sirketi» компаниясиники, қолгани мен ва яна бир ургутлик тадбиркор Ислом Қораев улуши эди. Асосан гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонамизда дастлаб 25 киши иш бошлади.

Орадан йиллар ўтиб, ишларимиз бутунлай юришиб кетди. Масалан, 2015 йилда 4,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқардик. 4,2 миллиард сўм миқдоридаги маҳсулот ички бозорга сотилди. Россия ва Қозоғистон давлатларига эса қарийб 1,0 миллион АҚШ долларига тенг гилам ва гилам маҳсулотлари экспорт қилинди.

Корхонамизда ҳар йили ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизациялаш ишлари олиб борилмоқда. 2013-2014 йилларда Германия ва Бельгия мамлакатларидан илғор технологик линиялар ҳамда ускуналар олиб келинди.

Ҳозир корхонамизда 70 нафар ишчи ва ходим ишлаяпти.

«Ург-Антеп-Яшам» қошида яна бир қўшма корхона барпо этдик. Илгари хориждан келтириладиган асосий хом­ашё — полипропилен ипларини янги корхонада ишлаб чиқарадиган бўлдик. Мазкур лойиҳанинг маҳаллийлаштириш дастурига мос келиши туфайли бир қатор имтиёзларга ҳам эга бўлдик. Корхонада 40 янги иш ўрни яратилди.

Энди эса Туркиянинг бош­қа бир компанияси — «BOSSAN TEKSTIL tic ltd» билан ҳамкорлик қила бошладик. 2008 йилда туман ҳокимининг қарори билан саноат ҳудудидан 1,5 гектар ер ажратилиб, бу ерда саноат иншоотлари қурилди. 2015 йилда корхонада ишлаб чиқарилган полипропилен иплари ҳажми 2014 йилдагига нисбатан 143,8 фоизга кўпайди. Корхона томонидан ички бозорга 13,6 миллиард сўмлик маҳсулот сотилди.

Бугун бу ишлар замирида туманимизда ташкил этилган эркин иқтисодий зона афзалликлари, унинг иқтисодиётимизга киритадиган молиявий сармояларни кўраяпмиз. Ургут замини ана шундай йирик ишларга лойиқ кўрилганлиги тадбиркорлар қувончига қувонч, ғайратига ғайрат қўшди.

— Кичик бизнес ва тадбиркорлик учун яратилган қулай имкониятлар туфайли 1289 кичик бизнес субъект­ларининг 400 таси саноат соҳасида рўйхатдан ўтган. Шундан 35 таси хорижий инвестиция иштирокидаги қўш­ма корхоналардир, — дейди туман ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи Хуршид Хушвақтов.

Биргина 2016 йилда саноат соҳасида 64 корхона ўз фао­лиятини бошлади. «Ургут туманини 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури» асосида туманда умумий қиймати 162 мил­лиард сўм, шундан 80 миллиард сўм банк кредити ва 6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги чет эл инвестицияси бўлган 765 лойиҳа (63 та саноат, 220 та хизмат ва сервис, 483 та қишлоқ хўжалиги) амалга оширилиб, 3709 янги иш ўрни яратилди. 14 мил­лион АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестициялар киритилди.

Ҳозирги кунда вилоят ҳокимлиги билан биргаликда ишчи гуруҳи тузилиб, ер танлаш, ташқи коммуника­ция­ларга уланиш, лойиҳа ташаббускорлари рўйхатини шакллантириш, улар билан суҳбатлашиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Туманда эркин иқтисодий зона барпо этиш учун мақбул ҳудудлар танланди. 1-ҳудуд «Сариқтепа», 2-ҳудуд «Камангарон» ва 3-ҳудуд «Деҳ­қонобод» массивидан ер майдонлари танланиб, тегишли идора ва вазирликларга таклиф сифатида тақдим этилди.

Оддийгина ушбу рақамлардан билиш мумкинки, Ургут эркин иқтисодий зона ташкил этилишига муносиб ҳудуд. Бу ерда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги-янги корхоналар ташкил этиш, хорижий ишбилармонлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун барча имкониятлар, шарт-шароитлар етарли.

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

Суратларда Ургут тумани саноат корхоналари фаолиятидан лавҳалар.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: