31.01.2017

САЙЛОВЧИЛАР ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ

улкан масъулият талаб этади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг «Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак» деб номланган маърузасида белгиланган вазифаларни чуқур ўрганиш, уларни амалга оширишда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

— Маърузада ҳар бир масалага танқидий, таҳлилий ёндашилгани, вазиятга холис баҳо берилгани, соҳа ва йўналишлар бўйича асосли таклифлар илгари сурилгани ҳаммамиз учун ўрнак ва намунадир, — деди вилоят партия кенгаши раиси Меҳрожиддин Дархонов. — Таъкидланганидек, ислоҳотларнинг асосий мақсади — аҳоли учун муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлашдир. Шундан келиб чиқиб, олдимизда турган энг муҳим вазифаларни белгилаб олишимиз зарур.

Партиямиз ташкилотлари ҳамда депутатларимиз аҳоли орасида тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратиши, долзарб ижтимоий масалаларни таҳлил этиш мақсадида давра суҳбатларини ташкил қилиш лозим бўлади. Барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз билан маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз ҳамкорлигини мус­таҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

Гап халқ билан мулоқот, фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш ҳақида борар экан, Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятига алоҳида эътибор қаратишимиз шарт. Жойлардаги 19 Жамоатчилик қабулхонасига кўплаб мурожаатлар бўлаётгани, уларнинг аксарияти ўз ечимини топаётгани қувонарли, албатта. Лекин бу борадаги камчиликларимиз оз эмас. Шундай экан, қабулхоналарга бўлаётган мурожаатларни тизимли равишда ўрганиш ва таҳлил этиш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини муҳокама қилишни янада кучайтириш зарур. Бу жараёнда партия ташкилотларининг ижро ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролик жамияти инс­титутлари билан ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш ниҳоятда долзарб масаладир.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, жойларда ўтказилаётган мафкуравий йўналишдаги баъзи тадбирларимиз кўпроқ маданий-маърифий, кўнгилочар тадбирларга ўхшаб қолмоқда. Ваҳоланки, тадбирларимизда биринчи навбатда партиямизнинг позицияси ўз ифодасини топиши керак.

Биз ўтказадиган ҳар бир тадбир партиямиз Сайловолди дастурининг мазмун-моҳия­тидан келиб чиқиши, чуқур таҳлилларга асосланиши, мукаммал тавсияларга эга бўлиши талаб этилади. Энг асосийси, тадбирларда одамлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг фикрлари ва муаммоларини эшитиш, саволларига тўғри, аниқ ва малакали жавоб беришга эътибор қаратиш, бунинг учун ҳар бир тадбирга алоҳида, жиддий тайёргарлик кўриш лозим.

Вилоят партия кенгаши раиси «Фаол аёллар», «Истиқбол» ёшлар қанотлари фаолия­тини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг партия фаоллари, депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Бизнинг мақсадимиз, вазифамиз, керак бўлса, ҳаёт тарзимиз халқ билан мулоқотга боғлиқ, — деди Бекобод шаҳар партия кенгаши раиси, халқ депутатлари Бек­обод шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Улуғбек Абдуназаров. — Амалга оширадиган барча ишларимиз аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш, жамиятни ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат бўлмоғи зарур. Қуруқ ваъдалар бериш, қоғоз қоралаш ишларини тугатишнинг аллақачон вақти келди. Одамлар биздан амалий натижалар кутяпти. Сайловчилар ишончини оқлаш эса ҳар бир депутатнинг бурчидир.

Тўғри, аввал ҳам кўплаб учрашувлар бўлган, партия ташкилотлари, депутатлар томонидан одамларнинг мурожаатлари қабул қилинган. Аммо минг афсуски, уларнинг кўпчилиги қоғозда қолиб кетган. Бундан буён ҳар бир депутат аҳоли билан учрашувларни тизимли равишда йўлга қўйиб, шу асосда иш олиб бориши зарур. Махсус жадвал ишлаб чиқиб, муаммоларни уч тартибда ҳал этиш чораларини кўришимиз лозим. Яъни мурожаатларнинг ҳал этилиши бўйича туман, шаҳар, вилоят ёки республика миқёсига ажратиш керак. Бу ҳақда мурожаат эгасига ҳам аниқ маълумот бериб, қандай чоралар кўрилишини тушунтирсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

— Одам ҳаётдан қачон рози бўлади? Қачонки уни эшитадиган, дардини тинглайдиган одам бўлса, муаммоларига ўз вақтида ечим топилса, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши сектор мудири Илмижаҳон Тлеубергенова. — Шу маънода бугун депутатлар ҳамда сиёсий партиялар зиммасидаги масъулият катта. Бошланғич ташкилотлар халққа яқин, уларнинг қувончу ташвишларидан хабардор бўғин саналади. Фаолиятимизни такомиллаштиришда қуйи бўғин имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур. Давлатимиз раҳбарининг маърузасидан келиб чиқиб, чора-тадбирлар режасини белгилаш жараёнида айни шу жиҳатга эътибор қаратдик. Хусусан, бошланғич ташкилотларда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари иштирокида кўчма жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик.

Эндиликда партиянинг туман-шаҳар кенгашлари раҳбарлари ҳар бир маҳалла, бошланғич ташкилотларга чиқиб, электорат манфаатларини таъминлаш ишини ўрганади. Ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва бошқа эҳтиёжманд одамларни қийнаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни ҳал этиш чораларини кўради.

Йиғилишда партия ташкилотлари ва депутатлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш масалалари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.