31.01.2017

ОДАМЛАРНИ ҲАЁТДАН РОЗИ ҚИЛИШ — УСТУВОР ВАЗИФА

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида ҳудуд келажагини ўйлаб билдирган фикрлари, хоразмликлар билан яқиндан суҳбатлашгани одамларимизнинг кайфиятини кўтариб юборди, янги ютуқ ва марралар сари руҳлантирди.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизнинг бугунги кундаги иқтисодий салоҳиятини яқиндан биладиган, унинг фойдаланилмай турган имкониятларидан бохабар инсон сифатида Хоразм воҳасининг янги ривожланиш даврига тамал тошини қўйди, десак муболаға бўлмайди. Ташриф давомида вилоятнинг саноати, қишлоқ хўжалиги тараққиёти, маҳсулотларни қайта ишлаш, туризмни янада ривожлантириш, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Демак, тўла ишонч билан айта оламизки, бу ташриф вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бу ерда яшовчи ҳар бир инсоннинг турмуш даражасини янада яхшилаш, ҳар бир ҳудудда одамлар учун муносиб шароитларни яратиш учун муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимиз раҳбари оддий одамлар орасига кириб борди, улар билан самимий суҳбатлашди. Хива тумани Чодра қишлоғида Хурсанд Мадримов ва Оллаберган Раҳимов хонадонларига кириб, уларнинг турмуш шароити, даромадлари билан қизиққани, тўғриси, ҳар бир хоразмликнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Томорқадан самарали фойдаланиш, лимон, ёнғоқ, анор, анжир каби сердаромад экинлар экиш бўйича берган тавсияларини нафақат шу хонадон эгалари, балки бутун вилоятимиз аҳолиси муҳим ҳаётий таклиф сифатида қабул қилди.

Ташрифнинг алоҳида эътиборли томони шундан иборат бўлдики, унинг доирасида 2017 йили ва ундан кейинги йилларда вилоятимизда барпо этиладиган саноат, фармацевтика корхоналари лойиҳалари атрофлича муҳокама этилди, амалга оширилиши лозим бўлган кенг кўламли ишлар белгилаб олинди.

Белгиланган тадбирлар доирасида минглаб хоразмлик ёшлар иш билан таъминланади, оилаларнинг турмуш шароитлари яхшиланади, халқимиз дастурхони янада тўкин бўлиб, шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшилади.

Ҳозирда хоразмликларнинг фахрига айланган «Дамас», «Орландо» ва «Лабо» русумли автомобиллар учун зарур бутловчи қисм­лар шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси учун ер майдони ажратилиб, уни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Жорий йилнинг ўзида ушбу ҳудудда енгил саноат, машинасозлик, элек­тротехника, фармацевтика, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш бўйича 50 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу эса янги иш ўринлари яратилиши билан бирга, мамлакатимиз экспорт салоҳияти ошишига ҳам хизмат қилади.

Сир эмаски, бугунги кунда дунё­даги долзарб экологик муаммолардан бири – маиший чиқиндиларни утилизация қилишдир. Мамлакатимиз Президенти мазкур муаммони ҳал этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Вилоятимизда маиший чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган ишлаб чиқариш корхонасига асос солинди. Бу завод Урганч туманининг Ғойбу қишлоғида жойлашади. Яна бир муҳим томони, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали янги саноат маҳсулотлари — резина, автошиналар, целлофан ва пластмассадан қозонхоналар учун ёнилғи, ёғоч бўлакларидан хоналарни иситиш учун брикетлар, баклажкалардан тўқимачилик ва қурилиш саноатида талабга эга бўлган синтефон, қурилиш чиқиндиларидан девор материаллари сифатида фойдаланиш мумкин бўлган блоклар ишлаб чиқарилади. Ўнлаб ёшларимиз доимий иш билан таъминланади.

Халқимизни қувонтирган яна бир ҳолат шуки, мамлакатимиз раҳбари томонидан вилоятимиз аҳолисининг соғлиғини сақлаш масалаларига жиддий эътибор берилмоқда. Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиали, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали негизида И.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда эндокринология, отолорингология, гематология, аллергология, терапия бўлимларини ўз ичига олган клиника ташкил этилиши наинки вилоятимиз, балки Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун ҳам қувончли хабар, жуда катта ижтимоий аҳамиятга эга воқелик бўлди, деб биламиз.

Дунёдаги етук тиббиёт муассасаларининг тажрибали мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаш, кўп учрайдиган касалликларни самарали даволаш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаб, профилактика ишларини олиб бориш тиббиёт мутахассисларининг малакаси ошишига, касбий салоҳияти мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Бу улкан режаларнинг барчаси партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанг эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунинг учун партия­миз ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз Президентимизнинг танқидий-таҳлилий фикрлари, қатъий кўрсатмалари асосида янги режалар тузмоқда.

Олдимизда турган яна бир муҳим вазифа давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида билдирган таклиф ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини, улардан кутилаётган натижаларнинг ҳаётий аҳамиятини аҳоли орасида кенг тушунтиришдан иборатдир. Бу эзгу ишларда ҳаммамиз фаол иштирок этишимиз, Президентимиз белгилаб берган вазифаларни амалга оширишда қўлни-қўлга бериб, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилишимиз керак бўлади.

 

Раимберган САБУРОВ,

халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: