28.01.2017

ҲАЁТИЙ ЛОЙИҲАЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида «Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республика босқичи бўлиб ўтди.

Танловни ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси Халилла Ешимбетов очди ва барча иштирокчиларга омад тилади.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари таништирилгач, иштирокчилар дастлабки шарт бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этишди. Ло­йиҳаларни тайёрлашда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб, хотин-қизларга доимий иш ўрни яратиш масаласи эътиборга олинган.

Иштирокчилар тақдим этган лойиҳалар аҳоли банд­лигини таъминлаш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга йўналтирилган янги ғояларни ўзида мужассам этгани билан олқишга сазовор бўлди.

Иштирокчиларнинг бири тикиш цехи очмоқчи бўлса, яна бири кўп тармоқли консультатив марказ ташкил қилмоқчи. Хуллас, ҳар бир лойиҳада ижтимоий муҳофаза, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари, энг асосийси, партия электорати манфаатлари мужассам.

— Бизнинг чўл ҳудудларда екан (тростник, жекен) ўсимлиги ўсади. Унинг қуритилган баргларидан ҳар хил дизайнда расмлар (аппликация) ясаш мумкин. Бундай буюмларни сайёҳларга сотиб, даромад олиш имкони бор, — дейди шуманайлик иштирокчи Замира Алланиёзова.

Мазкур кўрик-танлов Ўзбекистон ХДП Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш, партия сафидаги хотин-қизлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган фаолларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоларининг 13 мингдан зиёдини, яъни 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Шунингдек, партиямиз сафида 30 га яқин депутат аёллар фао­лият олиб бормоқда, — дейди ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Санам Жумамуратова. — Бу рақамлар мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни ва фаоллиги тобора ошиб бораётганини кўрсатади.

Танлов иштирокчилари «Қонунларимиз — ҳаёт­имиз асоси», «Сиёсий ҳозиржавоблик» шартлари бўйича ҳам ўз билимларини синаб кўришди.

— Хотин-қизлар демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларининг фаол иштирокчилари ҳи­собланади, — дейди ҳайъат аъзоси Жамила Уббиниёзова. — Бугунги танловда ҳам улар интеллектуал қобилияти юқори эканини кўрсата олди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, шуманайлик Замира Алланиёзова ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланма олди. Ғолиблар ва турли номинациялар бўйича энг яхши деб топилган иштирокчилар Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика кенгашининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.