28.01.2017

ДЕПУТАТЛАРНИНГ ТАКЛИФ ВА ТАШАББУСЛАРИГА

маҳаллий ижро ҳокимияти нега бефарқ муносабатда бўлмоқда?

Президентимиз ­Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини татбиқ қилиш, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Шунга мувофиқ шаҳар ва туманлардаги ҳа­қиқий аҳвол танқидий-таҳлилий ўрганилади, халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари муҳокамага қўйилади. Парламент аъзолари иштирокида холис хулоса чиқарилади. Демак, бундан буён сиёсий партиялар, депутатлар зиммасидаги масъулият янада ортади. Чунки ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар бериш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун сайловчилар билан мунтазам мулоқотда бўлиш, уларнинг истакларини чуқур ўрганиш талаб этилади.

— Маҳаллий Кенгаш депутатлари олдига катта вазифалар қўйилмоқда, — дейди Янгибозор туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Санъат Абдураимов. — Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида бандлик, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ вазифаларни кечиктирмасдан ҳал қилиш зарурлигини алоҳида қайд этди. Бу бевосита биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Қай бир соҳа бўлмасин, унинг ривожланиши, камчиликларнинг бартараф этилишида депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш лозим.

Демак, ўз ишимизни тан­қидий жиҳатдан қайта кўриб, аниқ мақсадга йўналтирилган режа ишлаб чиқилиши керак. Эндиликда сайловчилар билан йилда бир-икки марта эмас, мунтазам учрашиб, уларнинг дардини тинглаш, фикрларига қулоқ тутиш, аҳолини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни таҳлилий ўрганиш талаб этилади.

Ҳар бир депутат теран фикр, кенг дунёқараш, чуқур сиёсий-ҳуқуқий билимга эга бўлиши кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Лекин ўз ваколатларидан самарали фойдаланишда уларга масъулият ва қатъият ҳам зарурлигини унутмаслигимиз лозим. Ана шунда мутасадди раҳбарларнинг депутатлар мурожаатлари ва сўровларига муносабати ўзгаради...

— Электорат ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларининг роли ниҳоятда катта, — дейди Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Дилором Назирова. Аммо негадир партия гуруҳлари сўровларига, йиғилишларига ижро ҳокимияти тизимидаги ташкилотларнинг масъул шахслари эътиборсизлик билан қарамоқда. Депутатлик сўровларига қонунда белгиланган тартибда жавоб берилмаяпти, гуруҳ йиғилишларида мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг иштироки кузатилмаяпти. Баъзан ташкилотлардан кичик мутахассислар юборилади, улар ҳам етарлича ахборот тақдим эта олмайди. Натижада партия гуруҳлари ўзлари кўтараётган масала юзасидан етарли маълумот ва керакли жавобни олиш борасида муаммога дуч келмоқда.

Шунингдек, ҳудудий дастурлар ижросини сессияларда муҳокама қилиш бўйича партия гуруҳларининг ташаббуслари айрим жойларда беэътибор қолдирил­япти. Бу эса партия гуруҳларининг ижтимоий масалаларни ҳал қилишдаги иштироки ва депутатлик назорати кучайишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Демак, аввало, маҳаллий ижро ҳокимияти тузилмалари ва мутасадди раҳбарларнинг депутатлар олдидаги масъулиятини ошириш лозим. Депутатларнинг қонуний сўровларига лоқайд муносабатда бўлган мансабдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриш керак, деб ўйлайман.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Биз, депутатлар оммавий ахборот воситаларида эришилаётган ютуқлар ҳақида баландпарвоз гапларни гапиришдан қочиб, ҳудудлардаги муаммолар, аҳолини ўйлантираётган масалалар ечимига қаратилган чиқишлар қилишимиз керак. Бу орқали тажриба алмашиш, фикрлашиш, мулоҳаза юритиш имкони пайдо бўлади.

— Депутат халқ хизматчиси ҳисобланади, — дейди Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Музаффар Саидкаримов. — У сайловчилар номидан уларни ўйлантираётган масалаларни, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни муҳокамага қўяди, таклифларни илгари суради.

Аммо тан олиш керакки, бу ишларни амалга оширишда қатор сусткашликларга йўл қўйилмоқда. Сўнгги вақт­ларда одатга айланиб қолган бир ҳолатни айтиб ўтмоқчиман. Кўп ҳолларда депутатликка номзод кўрсатишда унинг обрўси, маш­ҳурлиги ёки раҳбарлик лавозимида ишлашига қаралади. Сайловдан кейин номзоднинг халқ билан мулоқот қилишга вақти, имконияти ёхуд хоҳиши борми, деган савол охирги ўринга тушиб қолади.

Бугун шиддат билан ўзгараётган замон ҳар биримиздан ўз ишимизга, жамоатчилик вазифаларига, бир сўз билан айт­ганда, ҳаётга бўлган муносабатимизни танқидий кўриб чиқишни талаб этмоқда. Ўшанда депутат ва ижро ҳокимияти ўртасида бўшлиқ эмас, балки мустаҳкам кўприк ўрнатилади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.