Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
28.01.2017

ИСЛОМ КАРИМОВДАН ОЗОД ВА ОБОД ВАТАН ҚОЛДИ!

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарори бутун халқимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Мазкур ҳужжат ватандошларимиз кўнглидаги, юрагидаги ўй-фикрларни, муддаоларни ифода этгани учун ҳам ғоят қадрлидир. Бу юртдошларимиз билдираётган мулоҳазаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

 

Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом — хатиби:

Ҳазрат Навоийнинг бир байтида: «Фалак ҳар асрда доною комил ошкор айлар, Тақолиби замонни хайрига ул киштикор айлар», дейилган.

Бунинг маъноси шуки, агар Аллоҳ таоло бир миллатни, халқни яхши кўрса, унинг устига бир доною комил раҳбарни бош қилиб қўяди. У раҳбар шу миллатнинг, мамлакатнинг тараққиётига хизмат қилади. Биз ҳам Ҳазрат Навоий айтганидек, Аллоҳ таоло севган миллат эканмиз. Чунки бизга Ислом Каримовдек инсон бош бўлди. У киши мустақилликнинг тамал тошини қўйди, уни ҳар томонлама мустаҳкамлади, ёмон кўзлардан асради. ­Мамлакатда тинчлик-хотиржамлик барқарор бўлишини таъминлади.

Юртимиз мустақиллик остонасида жуда оғир кунларни бошидан ўтказди. Шукрки, у талатўпларни ҳозирги ёшларимиз кўргани йўқ. Таҳликали вазиятда Ислом ­Каримов жасорат билан майдонга чиқди ва мамлакат мустақиллигини эълон қилди.

У инсоннинг ўтган 25 йилда қилган ишларига қараб, кишининг ақли бовар қилмайди. Пойтахтимиздан тортиб, юртимизнинг энг чекка ҳудудлари ҳам Биринчи Президентимизнинг эътиборидан четда қолмади.

Ислом Каримов мамлакатимизда ислом дини равнақига жуда катта ҳисса қўшган инсон сифатида ҳам тарихга муҳрланди. Собиқ иттифоқ даврида омборхонага айлантирилган Имом Ал-Бухорий зиёратгоҳи обод қилинди. У ерда шундай чиройли мажмуа яратилдики, ҳатто бу ерга келган хорижликлар ҳам ўз ҳайратини яшира олмаяпти.

Ислом дини равнақи йўлида амалга оширган ишларини пойтахтимиз мисолида кўрадиган бўлсак, қаранг, Ҳазрати Имом мажмуаси қандай гўзал услубда барпо этилган. Бу масканни ҳам бутун дунё эътироф этаяпти. Ёки «Минор» жомеъ масжидини олайлик. Бу ер халқ тилида «Оқ масжид» номи билан машҳур бўлди. Биринчи Президентимиз оқ рангни жуда яхши кўрарди. Масжиднинг очилиш маросимида айтган гапи ҳамон эсимда: «Масжидни оқ рангда, меҳробини олтиндан қилдик. Олтинни қимматлиги учун эмас, балки ёрқин нур таратгани учун ҳам танладик. Бу нур мусулмонлардан, имомлардан таралиб туриши керак».

Аллоҳ таоло у кишига юксак иқтидор ва халқни бирлаштириш қобилиятини берган эди. Ислом ­Каримов бошлаган ишлар муносиб издош томонидан давом эттирилаяпти. Шавкат Мирзиёев у кишининг шахсига ҳам юксак эътибор, алоҳида эҳтиром кўр­сатмоқдаки, буни куни кеча имзоланган қарор мисолида ҳам кўриш мумкин.

Халқимиз Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби юрт озодлиги йўлида жонини тиккан улуғ йўл­бошчиларни унутмайди. Ислом Каримов ҳам улар сафидаги инсонлардан бири. Биринчи Президентимиз хал­қимизни ёруғлик, мустақиллик сари етаклади. Бунинг учун ўзини аямади, борлиғини фидо қилди.

Яқинда у кишининг оила аъзолари «Минор» масжидида меҳмон бўлишди. Рафиқаси Ислом Каримов ҳақида гапириб, халқ ғамида кечаларни бедор, беором ўтказганини айтиб берди.

Президентимиз телевидение орқали чиқишларимни кузатиб турар эди. Бир гал кўрсатувимиз ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганди. Таклифларини айтиб, тез-тез чиқишлар қилишимиз зарурлигини алоҳида таъкидлаганди.

10 йиллар олдин бошимга бир мусибат тушиб қолди. Ислом Каримов билан кўришганимизда, мендан алоҳида ҳол-аҳвол сўраб, бу ҳақда эшитганини, буёғига иродали бўлишим кераклигини айтганди.

У киши халқимизнинг, барчанинг кўнглидан жой олганди. Ислом Каримовнинг номини абадийлаштириш бўйича бир қатор хайрли ишларга қўл урила бошландики, назаримда, буларнинг барчасини халқимизга қи­линган холис хизмати сифатида эътироф этиш керак.

 

Анора Маҳмудова, Гурлан туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Собиқ тузум даврида халқимиз шу қадар оғир кунларни кўрдики, гўёки луғатимиздан «қадр» деган сўз чиқиб кетган эди. Тасаввур қилаяпсизми, қадр нималигини унутгандик. Очиғи, ор-номус, ғурур, деган туйғулар эсдан чиққанди. Миллийлигимиздан тобора узоқлашиб бораётгандик. Буларнинг барчасини бизга айнан Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қайтариб берди. Инсонни, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматини кўкларга кўтарди, буларнинг барчасини олий қадрият даражасига олиб чиқди.

Ислом Каримов шахси ҳақида гапирадиган бўлсам, у киши бор куч-ғайратини, ёшлигини, умрини шу Ватан учун, унинг равнақи учун сарф­лади. Юртбошимиз вафот этгач хал­қимиз кўнглидан қанчалар чуқур жой олганини тушуниб етдик.

Мени «Туркистон» саройида ўтказиладиган бир тадбирга таклиф қилишди. Келганимда Биринчи Президентимиз билан ёнма-ён ўтиришимни айтишди. Тўғриси, жуда қаттиқ ҳаяжонландим. Буюк инсоннинг салобати босгани учун ҳам жойимни ўзгартиришларини сўрадим. Аммо ташкилотчилар бунга рози бўлишмади.

Тадбир бошланди. Ҳаяжонланганимча ўтиравердим. Бир пайт Ислом Каримов менга қараб шундай деди:

— Опа, сиздан бир нарса сўрасам бўладими?

— Албатта.

— «Туркистон» саройи сизга ёқадими?

— Ҳа.

— Бу ерга неча марта келгансиз?

— Бу иккинчи келишим.

— Худди шундай сарой Хоразмда ҳам қурилишини истайсизми?

— Албатта, агар бу иш амалга ошса, Хоразм халқи сиздан жуда миннатдор бўларди.

Маълум вақт ўтиб, Хонқада муҳташам театр биноси қурилди.

2008 йили Биринчи Президентимиз Боғотга келди. У кишини дала шийпонида кутиб олдик. Мен билан сўрашгач, «ўқитувчилар байрамига нега бормадингиз», деб сўраб қолди. Мен орқароқ қаторда ўтирганимни айтдим. У кишининг жуда ҳам эътиборли одам бўлганини шундан ҳам билса бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарори айни халқимизнинг хоҳиш-иродасини ўзида мужассам этгани билан ҳам аҳамиятлидир. Қарорда таъкидланганидек, Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди сифатида қалб­ларимизда абадий яшайди. Энг муҳими, Юртбошимиздан озод ва обод Ватан қолди!

 

Муҳаммадқодир Абдуллаев, 2000 йилги Сидней олимпиадаси чемпиони:

Ислом Каримов билан биринчи марта 1996 йили мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк олимпиада бўлган вақтда Атланта олимпиадаси олдидан учрашгандим. Ўшанда биз юртимизга ёруғ юз ­билан ­қайтишимизни айтгандик. Аммо ҳаммамиз ҳам бу ишни уддасидан чиқа олмаганмиз. Шахсан мен биринчи жангдаёқ ютқазиб қўйгандим. Олимпиададан қайтиб келганимиздан кейин Юртбошимиз билан яна учрашдик. Тортиниб, ерга қарадим. Шунда у киши нафақат мени, балки совриндор бўлолмаган барча спортчиларни хижолатдан қутқарадиган гапни айтди: «Сизларнинг чемпион бўла олмаганингиздан хафа эмасман. Шундай нуфузли мусобақада иштирок этганингизни ўзи катта бахт».

1999 йили АҚШда ўтказилган жаҳон чемпионатидан Ўткирбек Ҳайдаров иккаламиз чемпион бўлиб қайтдик. Андижонда ўтказилган тадбирда биринчи қаторда ўтиргандик. Ислом Каримов ёнимизга келиб «Булар америкаликларни мағлуб этган чемпионларим», деб бизни бағрига босди. Ҳалигача Ўткирбек билан: «Ислом Каримов шунчалик ҳам бақувват инсон бўлган-а, иккаламизни даст кўтарворганди-я», деб эслаймиз.

Орадан бир йил ўтиб, нафақат халқимиз, балки Президентимизнинг ҳам олдида юзим ёруғ бўлди. Сидней олимпиадасидан олтин медаль билан қайтдим. Бу мустақил Ўзбекистоннинг олимпиада ўйинларидаги илк олтин медали эди. Ўшанда менга Ислом Каримов томонидан кўрсатилган юксак ҳурмат ва эҳтиромни сўз билан таърифлаб бера олмайман.

 

Меҳриноз Аббосова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

— 2011 йил 30 сентябрь. Ҳа, айнан ўша куни Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан илк бор юзма-юз кўришиш бахтига муяссар бўлгандим. Наманганда янги қуриб битказилган Ёшлар марказининг муҳташам залига у киши кириб келган лаҳзада бино ёришиб кетгандай бўлди.

Кечагидек эслайман, залдаги ёшлар саккиз нафар эдик. Ҳаммамиз билан қўл бериб кўришгач, ўриндиқ ёнига келиб: «Наманганда мени соғинган болаларим тик турганда, улар билан ўтириб гаплашаманми», деди. Шундан сўнг ҳар биримиз билан суҳбатлашгандилар. Учрашувда иштирок этаётганлар ичида ёши энг кичиги эдим. «Шу қизимнинг кўзи ёниб турибди, қани, айтингчи, ушбу марказ сизга ёқдими? Яна қандай шароитлар зарур? Фикр­ларингизни билдирингчи, қизим», деб саволлар берди. Дилимдагиларни тўлиб-тошиб айтдим. Энг муҳими, юрагимдаги раҳматимни, миннатдорлигимни шахсан ўзларига етказдим. Нутқларидан илҳом олиб ёзган шеъримни ўқиб бердим:

Манзилга элтмайди майда қадамлар,

Майда орзуларга бермайлик қанот.

Майда гап-сўзларни қўйинг одамлар,

Токи майдалашиб кетмасин ҳаёт.

Майда дардлардан ҳам асрангил юрак,

Катта шеъриятни сол дилистонга.

Катта мақсад, катта қадамлар керак,

Катта йўлга чиққан Ўзбекистонга!

Шеъримнинг инглизча таржимасини ҳам ўқиб берганимдан сўнг, у киши қарсак чалди ва «Кимдан ­фахрланаман, кимлар билан доим мақтанаман? Сизлардек қизларим, ўғилларим билан! Ҳаётимдаги энг катта бойлигим, ютуғим — сизларсиз», деган умидбахш сўзларни айтди.

Учрашувдан сўнг ўзимда кучдан ҳам кўра, қудратни ҳис қилдим. ­Кетма-кет ютуқларга эришишимга ҳам ўша куни билдирилган ишонч сабаб бўлган эди.

2015 йили Намангандаги учрашувда ҳам яна бир бор янги шеърларимдан ўқиб бериш бахти насиб этди.

Бахт ҳақида, бахтлилигим ҳақида ўйлаганимда, хаёлимга Ислом ­Каримов келади. Кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлиш шарт эканини ҳис этаман.

Мамлакатимиз Президенти ­Шавкат Мирзиёевнинг қарорини эшитиб, бутун Ўзбекистон халқи қатори мен ҳам юрак-юрагимдан қувондим. Бу буюк инсоннинг хотирасини мангуликка муҳрлаш, авлодлардан-авлодларга етказиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.