Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
24.01.2017

ИСТЕЪМОЛЧИ МУРОЖААТИ

доимо эътибор марказида бўлиши лозим

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2016 йил якунлари ҳамда 2017 йилнинг устувор вазифаларига бағишланган анжумани бўлиб ўтди. Дастлаб федерациянинг 2016 йилдаги фаолияти танқидий муҳокама қилинди. Ўтган йили федерациянинг туман, шаҳар жамиятларига истеъмолчилардан 9908 ёзма, оғзаки ва электрон мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 2863 таси табиий газ таъминоти, 2343 таси савдо, 1526 таси электр таъминоти, 335 таси транспорт, 185 таси алоқа, 162 таси соғлиқни сақлаш ва 2030 таси бошқа соҳаларга тегишлидир. Уларнинг 9222 таси, яъни 93,1 фоизи ижобий ҳал этилиб, 3 миллиард 860 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар истеъмолчилар фойдасига ҳал қилиб берилди.

— Газ таъминоти бўйича тушаётган мурожаатлар ўрганилганда, 50 мингдан уч ярим миллион сўмгача бўлган асоссиз қарздорликлар юзага келтирилганига гувоҳ бўлдик, — дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот, ахборот бўлими бошлиғи ­Умида Мансурова. — Мазкур мурожаатлар ўрганилганда, истеъмолчи хонадонидаги ҳисоблагич ўз вақтида стандарт кўригидан ўтган, фойдаланилган газлар ҳақини ойма-ой тўлаб борган, лекин шунга қарамай ҳудуд назоратчисининг лоқайдлиги ёки маъс­улият­сизлиги, яъни маълумотлар ўз вақтида баъзага киритиб борилмаганлиги оқибатида мана шундай муаммолар юзага келган. Биз шу каби масалаларни атрофлича ўрганиб чиқдик, барча мурожаатлар ижобий ҳал қилиниб, истеъмолчига яқиндан кўмак берилди.

Фуқаролар мурожаатларини қабул қилишни самарали ташкил этиш ва уларга қулайлик яратиш мақсадида федерациянинг виртуал қабулхонаси иш бошлади. ­Ариза, таклиф ва шикоятлар www.istemol.uz вебсайти орқали онлайн режимда қабул қилинмоқда. Шунингдек, мурожаатларни федерация тизимидаги «1091» қисқа рақамли «ишонч телефони» орқали тўғридан-тўғри йўллаш имконияти ҳам мавжуд. Бугунги кунда фуқароларнинг мурожаатлари тезкор қабул қилиниб, ижро учун федерациянинг ҳудудий ­бирлашмалари ва тегишли назорат қилувчи органларга юборилмоқда. Мазкур мурожаатлар 15 кун ичида, шунингдек, қайта ҳисоб-китоблар ёки мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиладиган бўлса, бир ой давомида ҳал қилинади.

Ўтган даврда телевидение, ­радио, матбуот ва интернет ­нашрларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳимоя қилиш, аҳолини ҳуқуқий маданиятини ошириш, истеъмолнинг рационал моделларини шакллантиришга ёрдамлашиш, бу борада федерация ва унинг қуйи тузилмалари амалга ошираётган ишлар хусусида 7000 га яқин кўрсатув ва эшиттириш берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Тошкент» телеканали билан ҳамкорликда ички истеъмол бозорида истеъмолга яроқсиз, инсон ҳаётига хавф солувчи маҳсулотлар сотилишини олдини олиш мақсадида «Сифат назорати» кўрсатуви эфирга узатилмоқда. Федерация ва ҳудидий тузул­малари фаолияти унинг вебсайтида ҳам мунтазам ёритиб борилмоқда.

Федерация муҳим ижтимоий соҳаларда истеъмолчилар ҳу­қуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талабларига риоя этилиши билан боғлиқ сўровномалар ўтказди ва уларда 51500 нафар фуқаро иштирок этиб, ўз таклифларини билдирди.

Ушбу сўровномалар орқали аниқланган муаммо ва камчиликлар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва тегишли назорат органларига тақдим этилди.

Федерация томонидан хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2016 йилда ташкилотнинг бир гуруҳ ходимлари Германиянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги — GIZ Ўзбекистонда амалга ошираётган ишлар билан танишиб, тажриба алмашиб қайт­ди.

Шунингдек, Ҳиндистон, Озарбайжон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ўзаро англашув меморандумлари имзоланиб, ўзаро манфаатли алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Йиғилишда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги асосий мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, ­федерациянинг барча ҳудудий бирлашмалари ва уларнинг туман ҳамда шаҳар жамиятлари ҳузурида «Истеъмолчи билан мулоқот» ҳуқуқий маслаҳатхоналарини ташкил этиш, шунингдек, истеъмолчилар билан доимий мулоқат қилиш, мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини яратиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизмларини жорий этиш юзасидан белгиланган тадбирий чоралар ҳа­қида ҳам батафсил маълумот берилди.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.