Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
24.01.2017

ПРОКУРАТУРА ВА ИНСОН ҲУҚУҚИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг прокуратура органлари ходимлари билан бўлган учрашувда айтган аччиқ, аммо очиқ гаплари, долзарб масалалар ечими борасидаги асосли фикрлари халқимизни беҳад қувонтирди, адолатга бўлган ишончини оширди.

Инсон зоти, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар қачон ҳаётдан рози бўлади? Аввало, эркин бўлса, ҳуқуқлари ҳимояси таъминланган, қадри, шаъни улуғланган бўлса. «Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман», деган мақол минг йиллардан бери яшаб келаётганининг сабаби ҳам эҳтимол шундандир. Халқимизни озодликка олиб чиққан, миллат сифатидаги ҳуқуқини таъминлаб берган, қадрини юксалтирган, дунё ҳамжамиятида иззат-ҳурматини жойига қўйган ­Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримов қайта-қайта таъкидлаган эдики, «Инсон ҳамма қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди». Бу сиёсат, яъни инсон ва унинг қадр-қиммати мустақиллик йилларида чинакамига олий қадриятга айланди. Инсон эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси таъминланди, қадрини улуғлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқий демократик давлат, инсонпарвар, одил фуқаролик жамиятини тузишга хизмат қиладиган миллий қонунчилик тизими яратилди. Жа­мият­да қонун устуворлигини таъминлаш орқали хал­қимиз ҳуқуқларини ишонч­ли ҳимоя қилиш, инсон манфаатларини таъминлаш, мамлакатимиз тараққиётини юксалтиришни бош мақсад қилиб олдик.

Бу борадаги изчил ҳаракатлар туфайли эришилган муваффақиятларни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маъруза ва нутқларида алоҳида таъкидлаб келмоқда. Прокуратура органлари ходимлари билан бўлган учрашувда ҳам аввало, мустақиллик йилларида мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, суд-ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилингани қайд этилди.

Бироқ эришилган ютуқларга қарамай, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликни олдини олиш билан боғлиқ масалаларда тўпланиб қолган муаммолар оз эмаслигига жиддий эътибор қаратилди, қатор ўткир саволлар қўйилди: шунча чоралар кўрилаётганига қарамай нега ҳуқуқбузарлик камаймаяпти, нега одамлар ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан, прокуратура идоралари фаолиятидан норози бўлаяпти? Ўтган йили ташкил этилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига қисқа вақтда 311 минг мурожаат келиб тушганининг сабаби нимада?.. Бу нимани билдиради, муаммолар нима учун бунчалик кўпайиб кетди, халқнинг дардини ким эшитади?..

Саволлар қанчалик аниқ ва кескин қўйилган бўлса, таҳлил ҳам шунчалик чуқур ва асосли бўлди.

Мурожаатларнинг аксарияти адолатсизликдан, фуқаролар ҳуқуқ ва ­эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун ижросини назорат этиш зиммасига юкланган прокуратура идоралари эшиклари одамлар учун очиқ бўлмаганидан экани айтилди. Яъни, прокуратура фуқароларни ўз вақтида қабул қилиб, дардини тинглаб, ­масаласини қонуний ҳал этиб берганда, юқори идораларга аризалар бунчалик кўп тушмасди. Таъкидлаб ўтилганидек, Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси, жойларда халқ қабулхоналарини очишга ҳам эҳтиёж бўлмасди. Шу ўринда ўйлаб кўрайлик, бир йил давомида турли идора ва ташкилотларга, жумладан, матбуот ва оммавий ахборот воситаларига қанча ариза келади, улар қайси ҳудудлардан қайси масалаларда бўлаяпти? Бунинг ҳисобини ким юритади? Буни билиш, таҳлил этиш кўп саволларга жавоб беради.

Прокуратурага талаб бунчалик юксак қўйилаётганининг асосий сабаби ҳам шунда, бу идорага қонунлар ижросини таъминлашни назорат қилиш ваколати берилганида. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳокимлар ва бошқа мансабдор шахслар, қўйингки, барча соҳада қонунлар ижросини назорат қилиш прокуратура органлари зиммасига юклатилган. Қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганда прокурор қонунда ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган чораларни кўради.

Бошқача айтганда, бугунги прокуратура совет замонидаги «қораловчи», «жазоловчи» прокуратура эмас, балки инсон ҳақ-ҳуқуқини, эркинлигини ҳимоя этувчи идорадир. Бу ўта масъулиятли, айни чоғда шарафли вазифа, ҳалолликни, фидойиликни қатъиятни талаб этадиган соҳа. «Масъулият» деган сўз замирида вазифага жавобгарлик туйғуси, фақат ва фақат қонун доирасида иш юритиш, ишончни оқлашдек юксак туйғу туради. «Фидойилик» деганда, бурчга садоқат тушунилади. Ҳақиқат, адолат йўлида ўзини аямаслик, бутун вужуди, билими, тажрибасини ишга солиб меҳнат қилиш тушунилади. «Ҳалоллик» деган сўз аслида изоҳ талаб қилмайди.

Ҳалоллик — бу фазилат, ор-номус, ғурур... Ўз вазифангни бажа­раётганда тўғри бўл, бурчга, касбга, қонунга хиёнат қилма, дегани. ­Мисқоллаб топган обрўйингни сотма, қадрингни ерга урма, дегани.

Президентимиз айтдики, «Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб, бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт».

Тўғриси, бу даъват нафақат прокурорларга, балки барча ҳуқуқ-тартибот идоралари, барча раҳбарларга тегишлидир.

Гап прокуратура зиммасидаги вазифа масъулияти ҳақида бораркан, яна бир бор таъкидлаш керакки, ҳуқуқи поймол бўлган, жабрланган, одамларнинг қонуний манфаатини ҳимоя этиш энг хайр­ли, олий амаллардан ҳисобланади. Адолатсизликка қарши курашиш ҳамма замонларда ҳам юқори баҳоланган, эл-юрт томонидан қадрланган. Афсуски, ҳалол, фидойи, адолатпарвар прокурорлар орасида фуқаролар мурожаатларига масъулиятсиз, лоқайд қараб, одамларни норози қилаётган, ўз касбига доғ тушираётганлари ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Прокурор, деган юксак номга номуносиб бундай кимсалар билан ­мутлақо келишиб бўлмайди, албатта. Прокурорнинг лоқайдлиги барча соҳаларда қонунбузилишлар авж олишига сабаб бўлади. Буни таҳлиллар кўрсатиб турибди. Кўп гувоҳи бўлганмиз, туман ёки вилоятда ҳал бўлиши керак бўлган масалалар юзасидан одамлар республика миқёсидаги идораларга мурожаат қилишади, узоқ ҳудудлардан пойтахтга келиб, турли амалдорлар қабулига кираман, деб овораю сарсон бўлиб юришади.

Ўйласанг, бошинг қотади, асабийлашасан, ахир жойларда бу муаммолар билан шуғулланадиган идораю ташкилотлар етарли-ку, қанчалаб ходимлар давлат бюджетидан маош олиб ўтирибди-ку. Нега улар ўз вазифасини бажармайди? Бу саволлар ҳақ саволлар, кўпчиликнинг кўнглидаги саволлар. Энди ёндашув, талаб, тартиб ўзгараяпти, муаммога ечим топиляпти. Президентимиз таклифи билан жорий йилдан бошлаб, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисоб бериш тартиби жорий этиладиган бўлди. Бунинг устига вилоят прокурорларининг ишига қараб, ойлик рейтинги тузиб борилади. Рейтинг натижаларига қараб, уларнинг фаолиятига баҳо берилади. Ўз вазифасини эплай олмаганларни ҳеч ким ўртага тушиб ҳимоя қилолмайди, бундайлар қоғоздаги маълумотларни ўзига қалқон қилолмайди. Ҳамма баҳони одамлар беради, халқнинг баҳоси ҳақиқат бўлади.

Бу ноёб иш усули ҳақидаги таклифни одамлар жуда мамнуният билан кутиб олди. Бу тартиб ғўддайиб юришларга, беписанд қарашларга, жонни қийнамай бепарво ишлашларга, кимнингдир, ниманингдир таъсирига тушишларга чек қўйиши аниқ.

Ҳаётда шундай хато-камчиликлар бўладики, уларни тушуниш, кечириш мумкин. Аммо инсон ҳуқуқи, ҳаёти, тақдири билан боғлиқ масалалардаги хатоларни кечириш қийин. Инсон ­эркинлиги, ҳуқуқи шундай олий қадриятки, унга зиён-заҳмат етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бугун мамлакатимизда инсон ҳуқуқи, манфаати ҳимоя­си янги босқичга кўтариляпти. Инсон қадр-қиммати, шаъни, ҳурмати ҳамма нарсадан улуғлиги ҳар қачонгидан ҳам қатъий таъкидланмоқда, бу ғоя ҳаётга самарали татбиқ этилиши учун амалий чора-тадбирлар кўриляпти. Халқимиз бу саъй-ҳаракатларни ўз кўзи билан кўриб, қувониб, уларни қўллаб-қувватламоқда, бу сиёсатдан рози эканини изҳор этмоқда.

Президентимизнинг прокуратура органлари ходимлари билан бўлган учрашувдаги фикрлари мазмун-моҳия­ти, аввало, шундай хулоса беради:

Ўз халқини рози қилган, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини муносиб таъминлаган давлатнинг келажаги албатта буюк бўлади.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: