24.01.2017

ҚАТЪИЯТ ВА ТАШАББУС КЎРСАТМАСАК,

дастурий мақсадларимизга эриша олмаймиз

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг «Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик — ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак» деб номланган маърузасида белгиланган устувор вазифаларни чуқур ўрганиш, уларни амалга оширишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлаш, ­электорат манфаатларини ҳимоялаш бўйича ташаббускорликни кучайтириш масалалари танқидий муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракция­си раҳбари ­Хатамжон Кетмонов сўзга чиқди.

— Президентимиз маърузасида мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар сарҳисоб қилиниб, барча соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар бирма-бир таҳлил этилди. Юртимиз тараққиё­ти, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширишимиз лозим бўлган энг муҳим вазифалар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг аниқ устувор йўналишлари белгилаб берилди, — деди партия етакчиси. — Маърузада ҳар бир масалага танқидий, таҳлилий ёндашилгани, вазиятга холис баҳо берилгани, соҳа ва йўналишлар бўйича аниқ таклиф ва ғоялар илгари сурилгани халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлади.

Маърузада энг асосий устувор йўналиш «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурини амалга ошириш, «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат экани таъкидланди.

Партиямиз ташкилотлари ва депутатлар инсонпарварлик, халқчиллик тамойилларига йўғрилган мана шу ғоялар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиши керак, деди Хатамжон Кетмонов.

Бундан ташқари, парламент эшитувига олиб кирилаётган масалаларни, электоратни қийнаётган муаммоларни авваламбор қуйи бўғинларда, яъни халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашларидаги партия гуруҳларида, доимий комиссиялар мажлисларида, сессияларда муҳокама қилишни янада кучайтириш, асосли, аниқ хулоса ва таклифларни фракцияга етказиш тизимини янада такомиллаштиришимиз зарур.

Гап халқ билан мулоқот, фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш ҳақида борар экан, партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятига алоҳида эътибор қаратишимиз керак бўлади.

Жойлардаги 205 та Жамоатчилик қабулхонасига йилига мингга яқин мурожаат бўлаётганлиги, уларнинг аксарияти ўз ечимини топаётганлиги ижобий ҳолат, албатта. Аммо бугун фуқаролар мурожаатларини ҳал этишнинг ниҳоятда замонавий ва тезкор усулларини жорий этиш талаб этилмоқда.

Хусусан, партиянинг «Жамоатчилик қабулхоналари тўғрисида»ги низомини янги таҳрирда ишлаб чиқиш, мурожаатларни тизимли равишда ўрганиш ва таҳлил қилиш, шу асосда жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни аниқлаш, йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларнинг сабабларини муҳокама қилиш зарур.

Маърузада юртимизда йилига 1,5 миллион одамни ишга жойлаштиришга эҳтиёж бўлса-да, ўтган йили Бандликка кўмаклашиш марказлари атиги 248 минг кишини ёки 16,5 фоизини ишга жойлаштиргани танқид остига олинди. Шунингдек, барчамизни анча йиллардан буён ўйлантириб келаётган иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва ҳар бир ҳудуднинг зарур мутахассисларга бўлган талабини тўғри аниқлашни танқидий таҳлил қилиш масаласи ўртага ташланди. Бунинг асосий сабаблари бандлик муаммоларини ҳал этишдаги эскирган шакл ва усуллар ҳамда расмиятчилик билан боғлиқ эканлиги тўғри таъкидланди.

Дарҳақиқат, ўтган йилларда назорат-таҳлил тартибида депутатлар томонидан ўрганилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномаларни амалга ошириш борасида кўплаб муаммолар, қўшиб ёзиш ҳолатлари мавжуд.

Демак, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиздан бу йўналишдаги масалаларни доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамаларига олиб чиқиш, қатъий ­фаоллик кўрсатиш талаб этилади, деди партия етакчиси.

2016 йил давомида партия Ҳаракат дас­тури доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ 30 масала маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан тегишли тартибда муҳокама қилинди. Уларнинг 20 таси доимий комиссиялар ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди.

Аммо электорат манфаатларига дахлдор масалаларни вакиллик органларига олиб чиқиш ва ҳал этишда депутатлик гуруҳларимизнинг ташаббускорлигини етарли даражада, деб бўлмайди.

Чунки муҳокамалардан келиб чиқадиган аниқ натижалар яққол кўзга ташланмаяпти. Бунинг асосий сабаби, аксарият ҳолларда партиямиз гуруҳлари масалани муҳокамаларга олиб чиқиш билан чекланиб, унинг якуни бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросига бефарқлик билан қарамоқда. Ваҳоланки, энг муҳими, қарор ижроси асосида эришиладиган натижадир. Шундай экан, сессияларда қабул қилинган қарорларнинг ижросини мониторинг қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Яна бир масала. Бугун барча даражадаги раҳбарлар олдига реал ҳаёт ва халқ эҳтиёжларини, жойлардаги ҳақиқий аҳволни билиш ва ҳал этиш вазифаси қўйилмоқда. Минтақавий партия кенгашлари раисларидан бир ойда иккита туман ёки шаҳарга чиқиб, партиянинг қуйи ташкилотлари фаолиятига амалий ёрдам кўрсатиш, кўчма Жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этиб, фуқароларнинг муам­моларини ҳал қилиш талаб этилади.

Бу борада олиб борилаётган ишларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, раисларнинг жойларга чиқиши бўйича йиллик режалар тасдиқланган бўлса-да, уларда белгиланган туман ёки шаҳарларга борилмаган, кўпинча бирор масалани амалий ҳал қилмасдан маслаҳат бериш билан чекланиб қолинаётган ҳолатлар учрамоқда.

 Бундан кейин минтақавий кенгашлар раисларидан нафақат бир ойда иккита туман-шаҳарга чиқиш, балки бу жараёнда қандай амалий натижага эришганлиги, аҳолининг қандай муаммосини ҳал қилганлиги ҳақида ахборот бериш талаб қилинади.

Шунингдек, эндиликда партиянинг марказий органлари ва минтақавий кенгашлари раҳбарлари олдига жойларга чиқиб партия электорати манфаатларини таъминлаш бўйича туман ва шаҳарлардаги ишларнинг аҳволини, чекка ҳудудларда яшовчи ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва бошқа эҳтиёжманд одамларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, уларни ҳал этиш чораларини кўриш вазифаси қўйилади.

Партия етакчиси ўз сўзида депутатлар, партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш билан боғлиқ бошқа масалаларга ҳам эътибор қаратди.

Шундан сўнг фракция аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз маърузасида билдирилган тан­қидий-таҳлилий фикрлар парламент олдига ҳам янги талаб ва вазифаларни қўйди. Аввало, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар ўзи сайланган ҳудуднинг ижро ҳокимияти, прокуратура ва ички ишлар органлари фаолия­тини ўрганиб, таҳлил қилиши, бу борада тегишли хулоса бериши ама­лиётини изчил йўлга қўйишимиз керак.

Очиғи, депутатлар томонидан шу пайтга қадар ҳам йилнинг ҳар чорагида жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб келинар эди. Уларда сайловчилар томонидан турли муаммолар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид таклифлар муҳокама қи­линарди. Бироқ уларни ўша жойнинг ўзида ҳал этиш ёки ижро ҳокимияти органи масъулиятини ошириш бўйича бирор аниқ механизм йўқ эди.

Президентимиз томонидан таклиф этилган механизм ҳаётга татбиқ этилиб, депутатлар 10-12 кун давомида жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб, аниқ хулоса бериш тартиби жорий этиладиган бўлса, одамларнинг манфаатлари ишончли ҳимоя қилинади. Халқ билан давлат органлари ўртасида очиқ, ошкора мулоқот муҳити юзага келади.

Биз, депутатлар жойлардаги муаммоларни ўрганиш учун керак бўлса кўчама-кўча, хонадонма- хонадон юриб халқ билан мулоқот қилишимиз даркор. Бу эса қонунларни қабул қилиш жараёнида реал ҳаёт билан солиштириш ва тўғри хулосага келиш имконини беради.

 

Ўтган йилларда назорат-таҳлил тартибида депутатлар томонидан ўрганилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартномаларни амалга ошириш борасида кўплаб қўшиб ёзиш ҳолатлари юз берган.

 

Гули АБДУРАҲИМОВА, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Маърузада илгари сурилган яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Бугун оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, биринчи тиббий ёрдамдан қулай ва тезкор фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий таъминотини яхшилаш долзарб масаладир. Бу борада депутатлик назоратини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз маърузасида қишлоқ врачлик пунктларидаги аҳвол, тез тиббий ёрдамнинг барча тузилмаларида тартиб масаласи, тиббиёт ходимлари ўртасидаги салбий ҳолатлар, шунингдек, дори воситалари нархлари юза­сидан қўйилган саволлар жуда ҳақли ва адолатли, деб ҳисоблайман. Чунки аёлларимиз мана шу масалаларда кўплаб муаммоларга дуч келишмоқда.

Ўтган йили Қуйи Чирчиқ, Чиноз туманларида туман Кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда ­туғуруқхоналарнинг фаолиятини ўрганган эдик. Лекин аниқланган камчиликлар бўйича қатъий ва аниқ таклифлар ишлаб чиқилмади. Бундан кейин долзарб ижтимоий масалаларни ўрганишда сусткашлик ва ўзибўларчиликка йўл қўйиб бўлмайди.

Маҳаллалар, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйишимиз зарур, деб ҳисоблайман. Уйма-уй юриб, партиямиз электорати бўлган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар ва ёшларнинг ишлашга бўлган хоҳиши ва имкониятларини ўрганиш, уларни кичик бизнес, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича амалий натижаларга эришишимиз зарур.

 

Акмал ТУРСУНБОЕВ, Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси:

— Тадбирларда, электорат вакиллари билан учрашувларда гувоҳи бўлдикки, давлатимиз раҳбарининг маърузаси аҳолининг кайфиятига, руҳиятига жуда катта ижобий таъсир кўр­сатди. Одамларнинг юз-кўзи, гап-сўзларида бу яққол сезилиб турибди.

Маърузада амалий натижа берадиган ишлар билан шуғулланиш кундалик вазифа сифатида белгилаб берилди, ижтимоий соҳани ривожлантириш юзасидан қатъий чоралар белгиланди. Бундан бутун халқимиз, айниқса, бизнинг электоратимиз манфаатдор эканини унутмаслигимиз лозим. Очиғини айтиш керак, бугун бандлик, пенсия таъминоти, ижтимоий нафақаларни тайинлаш, соғлиқни сақлаш, дори воситалари билан таъминлаш, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларида муаммолар оз эмас. Бу борадаги камчиликларни ҳал этиш зиммамизга катта масъулият юклайди.

Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Сардоба, Боёвут туманларида мактабгача таълим муассасалари етишмайди. Қишлоқ врачлик пункт­лари, шунингдек, таълим муассасалари фаолияти ҳам камчиликлардан холи эмас. Ушбу масалаларни пар­тия гуруҳлари орқали чуқур ўрганишни, маҳаллий Кенгашлар сессияларига киритишни режалаштирдик.

Йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ­фаолиятини кучайтириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.