24.01.2017

ЭЛИНИ СУЙГАННИ ЭЛ СУЯДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунлари юртдошларимизда кўтаринки кайфият уйғотди

Одамга куч бағишлайдиган энг катта восита — бу эътибор. Эътибор натижасида жамият равнақ топади, одамлар кўнглида янги орзу-умидлар пайдо бўлади. Эътиборли бўлган инсон ҳаётга, ён-атрофида рўй бераётган воқеаларга бефарқ қарамайди. У одамларнинг ташвиши, дардига шерик бўлади, улар учун куюнади.

Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди учрашувларини Қорақалпоғистон Республикасидан бошлаган эди. Шуманай туманида бўлиб ўтган учрашувда «Мен нафақат ўзбек халқининг, балки қорақалпоқ халқининг ҳам фарзандиман!», деб таъкидлаган эди. Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш бўйича бир қанча таклиф ва мулоҳазалар билдирган эди. Бундан буён ҳар бир туманга, керак бўлса, чекка-чекка овулларга кириб борамиз, ҳар бир хонадонга кириб вазиятни ўрганамиз, деганди. Ўша учрашувда иштирок этиб, Шавкат Мирзиёевнинг гапларини ҳаяжон билан тинглаган эдик. Жойларда оқсоқоллар билан бир пиёла чой устида бу гапларни муҳокама қилдик. Гапнинг очиғи, айримлар айтилган ваъдаларнинг бунчалик тез ва аниқ тизим асосида йўлга қўйилишига ишонмаган экан.

Сайловолди учрашувида аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида тижорат банкларига имтиёзли кредитлар ажратиш, куркачилик, чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича топшириқлар бергандилар. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, мутасадди ташкилот ва банк ходимлари уйма-уй юриб, аҳолига тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича керакли маслаҳатлар берди, имтиёзли кредитлар ажратилди. Энди ўйлаб кўринг, ҳар бир хонадонда 100 та товуқ, ўнта қўй бўлса, қандай қилиб уларни кам таъминланган, де­йиш мумкин. Президентимиз томонидан илгари сурилган бу ташаббус тез орада ўз мевасини беришига ишонамиз.

Ўзбекистон шимолида ястаниб ётган Қорақалпоқ ҳудудига боқиб қалбингиз тўлқинланади. Уфққа туташ, нигоҳни толдирадиган кенгликлар юртимиз нақадар бепоён эканидан сўзлаётгандек гўё. Ҳудуд шароитига мос тармоқларни ривожлантиришга асосий эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз топшириқлари билан чорвачиликни такомиллаштириш баробарида ҳудудда чарм маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар ташкил этиш, 2017-2021 йилларда қизилмия ишлаб чиқариш учун плантациялар яратиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилади.

Бугун ким билан суҳбатлашманг ҳамманинг онгида ижобий ўзгаришлар, янги ғоялар туғилмоқда. Кредит олиб, хўжалигини обод қилганлар энди қўшимча иш ўринларини яратиш, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ташаббус билан чиқмоқда.

Мамлакатимиз заминида Менделеев жадвалидаги барча элементлар мавжудлиги илмий асосда исботланган. Шу нуқтаи назардан қараганда, хорижлик сармоядорлар янада кўпа­йишига шубҳа йўқ.

Куни кеча телевизорда Президентимизнинг Жаҳон банки вице-президенти билан учрашувини кўриб яна бир янгиликни эшитдим. Учрашувда Жаҳон банки томонидан ажратилаётган кредитлар эвазига Қорақалпоғистонда сув ресурсларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича самарали келишувга эришилди. Узоқ истиқболга мўлжалланган лойиҳалар ҳам бошлаб юборилди. Чунки ҳаёт дарёсининг оқими жуда тез, у ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Замон қанчалик шиддат билан ўзгариб бораётганини барчамиз ҳис этиб турибмиз. Бу ўзгаришлардан ортда қолиш, улар билан ҳамоҳанг ҳаракат қилмаслик ривожланишнинг ортга кетишига олиб келади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида барча соҳаларда қилиниши керак бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этиш вазифаси қўйилди. Буларнинг аҳамиятини гапириб ўтириш ортиқча, деб ўйлайман.

Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикасида ташкил қилинган Халқ қабулхонаси билан ҳам танишди. У ерда яратилган шароит, аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш тизимининг самаралари ҳақида билдирган фикр-мулоҳазалари бизни ғоят қувонтирди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонуни кексалар, жисмоний имкония­ти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади. Демак, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ва дунёда «ўзбек модели» дея эътироф этилган тараққиёт стратегиясининг муҳим тамойилларидан бири — кучли ижтимоий сиёсат юритиш изчил давом эттирилмоқда.

 

Қаллибек КАМОЛОВ,

меҳнат фахрийси.

ЎзА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: