21.01.2017

БИРЛАМЧИ БЎҒИНДАГИ БИРЛАМЧИ МАСАЛА

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашуви чоғида бу борада эришилган ютуқлар, мавжуд камчиликлар ва қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида батафсил сўз юритилди.

Айниқса, қишлоқ врачлик пункт­лари фаолиятини тубдан яхшилаш, уларни малакали тиббиёт ходимлари билан таъминлаш, моддий-техник базасини замонавий тиббиёт ускуналари ва жиҳозлари билан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Айни кунларда барча вилоятларда Президентимиз томонидан қўйилган вазифаларни ҳал этиш, энг аввало, мавжуд вазият танқидий ўрганилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги бос­қичга кўтариш борасида бир қатор ишлар қилинмоқда.

Маълумки, аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишда патронаж хизматининг ўрни катта. Фар­ғона вилоятида 283 қишлоқ врачлик пункти 1998-2003 йиллар давомида «Саломатлик-1» ва «Саломатлик-2» лойиҳаси доирасида 6,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги замонавий тиббиёт ускуналари ва зарур жиҳозлар билан таъминланган.

— Қишлоқ врачлик пунктларида ҳозирги кунда 870 нафар шифокор ва 2200 нафар патронаж ҳамширалари фаолият олиб бормоқда.

— Қишлоғимиздаги 3881 хонадонда 22126 нафар фуқаро яшайди. Уларга биргина Сўфилар қишлоқ врачлик пункти хизмат кўрсатади, — дейди Тошлоқ туманидаги Садда қишлоқ фуқаролар йиғини ­раиси Лутфулло Иброҳимов. — Ушбу даргоҳда олти нафар умумий амалиёт врачи ва қирқдан зиёд ҳамшира ишлайди.

— Ҳудудимиз катта, чекка учас­т­каларимиз қишлоқ врачлик пунктидан 5 километргача узоқликда. Уларга бориб, хонадонлардан хабар олиб, беморларга зарур ёрдамни кўрсатишга бир кун кетади, — дейди шу қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси Орзухон ­Акрамова. — Қолаверса, дори-дармон, оддий тиббий асбоблар мажмуаси йиғилган патронаж сумкалари ҳар биримизда эмас, беш ҳамширанинг бирида бор, холос...

Бу каби муаммолар фақат Сўфилар қишлоқ врачлик пунктида эмас, балки бошқа туманларда ҳам мавжуд. Фарғона вилояти тиббиёт бош­қармасидан олинган маълумотга кўра, ҚВПлардаги тиббий аппаратларнинг кўп қисми, жумладан 121 ЭКГ аппарати, 48 автоклав, 32 дис­тилятор, 3 фотоэлектроколориметр, 49 феталь доплерни янгилаш эҳтиёжи бор.

Белгиланган штат меъёрларига кўра, қишлоқ врачлик пунктларида 2000 нафар аҳолига бир умумий амалиёт шифокори, 1350 нафар аҳолига эса бир нафар патронаж ҳамшираси хизмат кўрсатиши лозим. Бир патронаж ҳамшира бир кунда ўртача 6 хонадонга ташриф буюрса, бир ойда 144 хонадон патронажи амалга оширилади. Лекин амалда бир патронаж ҳамширага ўртача 250 хонадон бириктирилган бўлиб, у бир ой давомида барча хонадонларнинг ҳар биридан хабар олишга улгуролмайди. Бу эса патронаж ҳамширалари сонини 2 баробар оширишни тақозо этади. ҚВПга бириктирилган энг чекка ҳудудда яшовчи қишлоқ аҳолиси хонадонигача бўлган масофа вилоят бўйича ўртача 8 километрни ташкил қилади. Шу сабабли улар транспорт воситаси билан таъминланишга муҳтож. Патронаж ҳамширалар сумкалари эскирган бўлиб, ундаги тиббий жиҳозларни ҳам замонавийлари билан алмаштириш вақти келди. Бундан ташқари, ҚВПларнинг умумий амалиёт шифокорлари билан таъминоти етарлича бўлмаганлиги сабабли айрим умумий амалиёт шифокори 5 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Айрим ҚВПларда умумий амалиёт шифокорилар сони бир нафарни ташкил этиб, ушбу шифокорларга ҚВП мудирлиги вазифаси ҳам юклатилган бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини кафолатлаш имконияти чегараланмоқда. Маълумотга кўра, ҳозирги кунда вилоят бўйича 434 нафар умумий амалиёт шифокорига эҳтиёж бор. Тўғрисини айтиш керак, айрим ҚВПлар 1950 йилларда хом ғиштдан қурилган биноларда жойлашган. Ҳозирги кунда 34 ҚВП қайта қуришга, 78 таси мукаммал таъмирга ва 103 таси жорий таъмирга муҳтож.

— ҚВПларга бир йил давомида жон бошига ўртача қатнов 5-7 тани ташкил этади, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси умумий амалиёт шифокорлари бўйича бош мутахассиси Дониёр Болтабоев. — ҚВПларга бўлган қатновларнинг ортиши ҳисобига ҳамда аҳолини тўлиқ ва сифатли тиббий кўригини таъминлаш учун 5 турдаги таҳлил — гемоглабин, глюкоза, билурибин, АлТ, мочевинани аниқлаш учун реактивларга эҳтиёж сезилмоқда.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2017 йил 5 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган 7 та энг асосий йўналиш белгиланган бўлса, уларнинг энг биринчи ва асосийси патронаж хизматидир, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Одилжон ­Умаров. — Ушбу йиғилиш куни тиббиёт ходимлари зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, вилоятимизда ҚВПларнинг икки сменали ишлаши ташкил этилди. Вилоят мутахассислари ҳар бир ҚВПга бириктирилиб, аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг сайёр тур­лари амалга оширилиши йўлга қўйилди. Вилоят ҳокимлиги ­томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, барча тиббиёт муассасаларининг бинолари, моддий-техник базаси инвентари­зация­дан ўтказилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси томонидан 3 январдан 31 январгача тасдиқланган жадвал асосида барча шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари раҳбарлигида аҳоли ёппасига патронаж инвентаризациясидан ўтказилмоқда. Бундан таш­қари, тез тиббий ёрдам хизматини ҚВПларга бириктириш орқали маҳаллийлаштириш дастури белгиланиб, бу соҳада ҳам керакли ишлар амалга оширилмоқда.

— Патронаж хизмати мижозларининг аксарияти партиямиз электоратидир. Шунинг учун ҳам биз бу тиббий хизмат аҳволи, муаммолари ва уларнинг ечими масалаларини ўрганиш, тегишли таклифлар ишлаб чиқиб, халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига киритишни мўлжаллаяпмиз, — деди ЎзХДП Тошлоқ тумани кенгаш ­раиси Турсинбой Солиев.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.