21.01.2017

ЭЛУ ЮРТ БАХТИГА БАХШИДА УМР

Ҳар гал Биринчи Президентимиз, мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовни ёдга олганимда, беихтиёр инсон умрининг қиёсий таҳлилига бериламан ва бу зотнинг ўзини қалбан олий мақсадлар, фидойилик, жасоратга бағишлаган, инсоният тарихида ўчмас из қолдирган буюк шахслардан бири бўлгани ҳақидаги хулосам тобора теранлашиб боради.

Юртбошимиз билан бир неча бор суҳбатлашиш, қўлларидан давлатимизнинг олий мукофотини олиш бахтига мушарраф бўлганман. Ота-боболаримизнинг «Барака топгур!» деган лутфи Ислом ака тилларида гоҳ тагида катта масъулият талаб қилинган енгилгина танбеҳ, гоҳ оталарча қатъий талаб, гоҳ донишманд нуроний миннатдорлиги тарзида шундай сеҳрли жаранглар эдики, тўғридан-тўғри юракларга етиб борарди. Қалбимиздан чуқур жой олган бу калом ҳали-ҳамон қулоқларим остида акс садо бериб туради.

Собиқ тузум даврида 20 йил колхознинг пахтачилик бригадасига етакчилик қилганман. Чигит экишдан тортиб, ғўзапояни йиғиштириб олишгача бўлган ишларда юқорининг кўрсатмасини кутиб ўтирадиган, деҳқончиликдан бехабар «мутахассис»ларнинг китобий йўл-йўриқларини бажаришга мажбур, ҳосил тақдирига масъул, лекин унинг парваришида эрки йўқ оддий бригадир эдим. Э воҳ, у кунларни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Ўша даврнинг захмати руҳиятимизга шу қадар чуқур сингиб кетган эканки, 1991 йил 31 август куни Ислом Каримов Ўзбекис­тон мустақиллигини эълон қилганларида бугунгидай кунлар келишини тасаввур ҳам қилолмагандим.

Биринчи Президентимизнинг истиқлолнинг дастлабки кунларидан қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш ҳақидаги сўзлари кун бўйи қуёш тиғида ишлаб, елкаси офтоб кўрмаган деҳқоннинг даври келганидан хушхабардай жаранглади. 2002 йилда туманда биринчилардан бўлиб 14 гектар ер олиб, фермер хўжалигини ташкил қилдим. Юртбошимизнинг «Фермерлар – менинг таянчим, фермернинг бош ҳимоячиси Президентдир!» деган гаплари менга зўр далда бўлган. Ўтган 15 йил давомида Юртбошимизнинг фермер хўжаликларини мунтазам қўллаб-қувватлаб келганлари туфайли йилдан-йилга ҳосилдорликни ошириб, хўжалигимиз иқтисоди кўтарилиб, еримиз 104 гектарга етди. Даромаднинг тобора ортиб бориши хўжалик моддий-техника базасини мустаҳкамлашга хизмат қилди. ­Дастлабки йилларда хўжалигимизда кетмондан бош­қа «техника» бўлмаган. Бугунги кунда ўзимизнинг МТЗ-80 ва ТТЗ русумли тракторларимиз, агротехник ишлов беришга мўлжалланган барча агрегатларимизга эгамиз.

Бугун Биринчи Президентимиз орзу қилганларидай замонавий илғор фермерлар жуда кўп. Масалан, Турсунбой Комиловни олайлик. 180 гектар ери бор, яқинда ишчиларни ташишга мўлжалланган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий автобус сотиб олди. Серунум трактор ва бошқа қишлоқ хўжалик техникалари етарли. Буларнинг ҳаммаси Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида узоқни кўзлаб амалга оширилган оқилона ислоҳотлар самарасидир.

Инсон меҳнати қадрланиб, муносиб рағбатлантириб борилса, у янги-янги марралар сари интилади. 1992 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор» фахрий унвони, 2002 йилда «Шуҳрат» медали билан мукофотландим. 2007 йили давлатимизнинг олий мукофоти – Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак шарафга муяссар бўлдим.

2007 йил, декабрнинг бошлари. Оқсаройда Президентимиз Ислом Каримов кўксимга «Олтин Юлдуз» орденини тақиб қўяр экан, атрофдагиларга қараб: «Мана шу аёлни кўринг, шу аёл Қаҳрамон бўлади, деб ким ўйлаган?! Аслида, шу кичик жуссаси-ю катта қалбига эл-юртга хизмат қилишдек улкан масъулиятни ортган аёл учун далада ишлаш билан бирга, олти фарзандни боқиб-тарбиялашнинг ўзи қаҳрамонлик эмасми?!» деганларида кўзларимдан дув-дув ёш қуйилди. Билмайман, бу собиқ тузум даврида, куч-ғайратга тўлган пайтимдаги ўттиз йиллик меҳнатларим ҳатто бир марта бўлсин раҳматга муносиб кўрилмагани учун алам ёшларимиди ё оддий қишлоқ аёлига давлат раҳбари томонидан кўрсатилган юксак эътибор, қадр-қиммат, эъзоз туфайли ҳаприққан юрак тўлқинларимиди?! Ўша дамда Президентимизнинг юз-кўзларидан уфуриб ­турган оталарча меҳр ҳамон кўз олдимда, овозларидаги сеҳрли оҳанг қулоқларим, йўқ, қалбимда такрор-такрор жаранглаб туради.

2009 йили Наманган туманида фермерлар билан бўлган учрашувда энди ўзимни таништира бошлаган эдим, «Сиз ўзингизни таништиришингизга асло ҳожат йўқ, мен сизни жуда яхши биламан, Халчахон ая. Сизни кўрсам, онамни эслайман», дедилар Ислом Каримов. «Набираларингиз яхшими, деҳқон ўғилларингиз-чи?», дея ҳол-аҳвол сўраш асносида кўксимдаги «Олтин Юлдуз»ни силаб туриб, «Илоҳим, шу орденни яна узоқ йиллар тақиб юринг», деб тилак билдирганларида ҳаяжондан тилимга сўз келмай қолган. Шунда у киши «Сизга алоҳида топшириғим бор, қишлоқ, маҳалладаги тўй-маъракаларда, мажлис ва турли йиғинларда олти фарзандни тарбиялаб, эл-юрт ишига камарбаста қилган она сифатида ёшларни тўғри тарбиялаш борасида йўл-йўриқ, маслаҳатлар бериб борасиз», дедилар. Бу сўзларга жоним тасаддуқ.

Ислом Каримовнинг ҳар бир ташрифи вилоятимиз ҳаётида ёрқин из қолдирар эди. 2015 йил сентябрь ойидаги ташрифларида Мингбулоқ туманига бизнинг Сайрам қишлоғи орқали ўтиб кетаётиб, аҳоли уй-жойларини кўриб «Ҳалиям, пахсадеворли уйларда яшаяптими халқимиз», дея изтиробга тушганларига гувоҳ бўлганман. Мана, бугун ўша кўчани келиб кўринг, катта шаҳардагидай кенг ва равон йўл, икки чети намунавий лойиҳа асосида қурилган замонавий уйлар, кўча чироқлари, йўлак ва гулзорлар... Бир йил келмаган киши танимай қолиши аниқ.

Кеча ким эдиму бугун ким бўлдим, деган саволни ўзимга такрорлайман ва ҳар гал дилим шундай равшан тортади, қалбим чексиз ғурурга тўлади. Ҳа, кеча номи улуғ, супраси қуруқ ўзбек совет хотин-қизи, «оқ олтин» ижодкори эдим. Бугун-чи? Мустақил Ўзбекистоннинг фаол аёли. Тадбиркор, деҳ­қон, Қаҳрамонман. Хўжалигимизда қирқ киши ҳалол меҳнат билан оила боқмоқда. Ўғилларимнинг тагида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий машиналар. Иккита трактор ҳамиша ишга шай. Бу ёғи иссиқхонада лимонзор... Ҳозир маҳалла гузарида савдо ва маиший хизмат шохобчалари қураяпмиз. Уч гектар ер олиб, интенсив боғ яратиш ҳаракатини бошлаб юборганмиз.

Биринчи Президентимиз инсон сифатида ҳам, давлат раҳбари сифатида ҳам фазилатларга бой эдиларки, қай бири ҳақида гапиришни ҳам билмай қоласан киши. Бу Инсоннинг ҳар бир фазилати тўғрисида соатлаб-кунлаб гапириш мумкин-у, фақат таърифларини келтиришга муносиб сўз тополмай қийналади одам. Айниқса, болалигидан бошлаб умри далада кечган мендай оддий деҳқон аёл учун бу жуда мушкул иш. Мустақиллик йилларида Ислом Каримовнинг биз, ўзбек аёлларини эъзозлашга қаратган доимий эътиборлари, касб-коримдан келиб айтсам, қишлоқ хўжалигида амалга оширган туб ислоҳотлари шарофати билан бугун замонамизнинг фаол, илғор, дунёқараши кенг хотин-қизларидан бириман. Шунинг учун мен Ислом Каримов ҳақидаги дил сўзларимни қўлимдан келганича изҳор этишга бурчлиман.

 

Халчахон МИРЗАЕВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Наманган вилояти,

Тўрақўрғон туманидаги «Хадича ая» фермер хўжалиги раҳбари.

ЎзА



DB query error.
Please try later.