19.01.2017

ИНСОН МАНФААТИ ҲАММА НАРСАДАН УСТУН

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси бутун халқимизни тўлқинлантириб юборди, ҳаяжонга солди. Бугун ушбу маърузада билдирилган таҳлилий-танқидий фикрлар, илгари сурилган ғоялар жамоатчилик ўртасида кенг ўрганилмоқда, муҳокама этилмоқда.

Тўғриси, кўпчилик бу мажлис танқидий руҳда ўтишини тахмин қилаётганди. Аммо маъруза қамрови бунчалик кенг, таҳлил ва танқид бунчалик чуқур бўлиши, камчилик ва муаммолар, уларнинг сабаблари, айбдорлари очиқ-ошкора айтилиши кутилмаганди. Вазифалар аниқ, кескин белгилаб берилиши, талаб бунчалик қатъий қўйилиши фавқулодда ҳодиса бўлди. Бунинг устига барча вилоят, шаҳар ва туманлар марказларида ташкил этилган студияларда маҳаллий ҳокимиятлар, вазирликлар ҳудудий бўлинмалари, корхона, ташкилотлар раҳбар ходимлари, фермер ва тадбиркорлар видеоконференция орқали мажлисни кузатгани ҳукумат фаолиятининг ошкоралиги, шаффофлигини таъминлади. Мамлакатимизда демократик жараёнлар дадил чуқурлашиб бораётганини кўрсатди.

Маърузада айтилган очиқ танқидлардан кимдир хижолат тортган бўлса, кимнингдир кўнгли ранжиган бўлиши мумкин. Аммо танқидлар асосли бўлди, халқимизга маъқул келди. Чунки бу аччиқ гапларнинг ҳамма-ҳаммаси одамларни ташвишга солиб келаётган муаммолар ечими, халқимиз манфаати ҳимояси билан боғлиқ эди.

Ҳеч муболағасиз айтиш керакки, бу гаплар оддий одамлар дардига мал­ҳам бўлди, уларнинг кайфиятини кўтарди, қанчадан-қанча ташвишли масалалар ҳал бўлишига ишончини оширди. Бу маъруза миллат тақдири учун чин дилдан қайғуришнинг ёрқин ифодаси, одамлар манфаатини ҳимоя қилувчи дастур бўлди.

Президент мажлис бошиданоқ мавзу Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили талабларига бағишланиши, шу боис йиғилишни ҳам мулоқот тарзида ўтказишни таклиф қилди. Қўйилган савол ва жавоблар аниқ ва равшан, тушунарли бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу тартиб мажлис ниҳоятда ишчан ва амалий руҳда ўтишини таъминлади.

Маъруза бошдан поёнигача — инсон манфаатини ҳимоя қилиш, халқи­миз муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш масаласига бағишланди. Бунинг учун танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши кераклиги уқтирилди. Бошқача айтганда, қайси соҳа, қайси лавозим ёки вазифа кимга ишониб топширилган бўлса, ўша раҳбар ўз вазифасини масъулият билан бажариши шартлиги талаб қилинмоқда.

Мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ўсишнинг, демократик жараёнларнинг бугунги босқичи, жамиятда тўпланиб қолган муаммолар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, талаби барча соҳалардаги ишларга янгича ёндашувни тақозо этмоқда.

Шу боис ҳам 2017 йил учун мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий дастурнинг ўн битта устувор вазифасидан дастлабкиси фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини ҳаётга татбиқ этиш деб белгиланди.

Айниқса, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тартиби жорий этилаётгани чуқур ўйланган адолатли ташаббус бўлганини одамлар мамнуният билан эътироф этмоқда. Бу муҳим ишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат раҳбарлари фаол иштирок этиши ҳисобот беришлар амалий тус олиши, камчиликлар принципиал ҳал этилишини таъминлайди. Шунингдек, жойлардаги айрим муаммолар ечими қонунларда ўз ифодасини топади.

Одамлар билан мулоқот масаласи шу даражада жиддий қўйилмоқдаки, республика миқёсидаги барча давлат идоралари раҳбарлари, масъул ходимлари кабинетларда ўтириб, қоғозбозлик билан вақт ўтказмай, ҳудудларга бориши, узоқ, чекка қишлоқларда бўлиб, ҳақиқий аҳволни ўрганиши талаб этилмоқда.

Ҳозирги сиёсат шундайки, кабинетларда ўтиришга ўрганиб қолган раҳбарларни ўрнидан қўзғатиш, юзаки ҳисоботларга барҳам бериб, халқ ҳаётини ҳар томонлама ўрганиб, муаммоларини ҳал этишга, бир сўз билан айтганда, чин маънода одамларнинг хизматини қилишга сафарбарлик эълон қилинди.

Очиқ айтилди, «рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас». Дарҳақиқат, қоғозлардаги рақамлар, кўрсаткичлар қанчалик юқори бўлмасин, ўзгаришларни одамлар ўз ҳаёти мисолида сезмаса, кўрмаса, уларни рози қилиб бўлмайди.

Маърузада айтилган очиқ гаплар, амалий таклифлар жамиятда катта ўзгариш, янгиланиш бошланаётганига одамларни ишонтирди, ҳаётимизга янги руҳ кириб келаётганини кўрсатди. Баландпарвоз гаплар, камчиликларни хаспўшлаш, сен менга тегмасанг, мен ҳам сенга тегмайман, каби қарашлардан юз ўгириб, амалий натижа берадиган ишлар билан шуғулланиш кундалик вазифа сифатида белгилаб берилди. Тўғри, бу талаб юкини кўтаролмайдиган раҳбарлар оғриниши, ўзаро «дардлашиши» мумкин. Аммо вазифалар қатъий қўйилмоқда. Уларни муҳокама қилиш эмас, балки сўзсиз бажарилишини таъминлаш талаб этилмоқда.

Маърузада яна бир муаммо — айрим идоралар ва уларнинг раҳбарлари халқимизнинг турмушидан бехабар қолаётгани таъкидланди. Бу — бор ҳақиқат. Пойтахтдаги ва бошқа катта шаҳарлардаги кўпгина идоралар раҳбарлари мамлакатимиз узоқ қишлоқларидаги ҳаёт ҳақида етарли тасаввурга эга эмас. Одамлар қозонида нима қайнаяпти, уй-жойининг аҳволи қандай, тиббий, маданий-маиший хизмат кўрсатиш даражаси, сифати талабга жавоб берадими? Электр энергияси, газ таъминотида нима муаммо бор?..

Баъзан шундай ҳолатлар кузатиладики, пойтахтда ўтказиладиган катта тадбир атрофида юзлаб кишилар айланиб юради, бир чақа фойдаси тегдими, йўқми, ўзини иш қилгандек кўрсатади. Байрамларда концерт дастури тайёрлаш билан умри ўтаётган, шу билан ўз вазифасини бажардим, деб ҳисоблаб юрган амалдору масъул ходимлар озми? Улар мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи қишлоқ жойларида яшаши, аҳолига хизмат кўрсатиб келган кинотеатр, клуб ёки маданият саройлари, кутубхоналарнинг қанчаси йўқ бўлиб кетгани билан қизиқишмайди. Бугун тадбиркорлар томонидан қишлоқ жойларида спорт майдончалари, сунъий қопламали футбол майдончалари барпо этилмоқда. Лекин мавжуд спорт майдончалари ёшларнинг қанча фоизини қамраб олаётгани билан ким шуғулланаяпти?..

Биз — масъуллару мутасаддилар катта шаҳарлардаги катта спорт атрофида айланиб қолмаяпмизми? Халқаро мусобақаларда, жаҳон чемпионатлари-ю олимпия ўйинларида спортчиларимиз қўлга киритган медалларни санаб, ҳисобот ёзиб, бу ғалабаларга ўзимизни шерик қилиб кўрсатишга ўрганиб қолмадикми?..

Аслида спорт иншоотларини давлат қуриб беради, мусобақалар учун маблағ ажратади. Федерациялар, ҳомийлар спортчини қўллаб-қувватлайди. Мураббий шогирди билан йиллаб тер тўкиб, меҳнат қилиб, ғалабага эришади. Катта спорт атрофида бўйинбоғ тақиб, қарсак чалиб, айланиб юрган қанчалаб шоввозларнинг бу ютуққа нима дахли бор?.. Бундан кўра, улар ўз вақтини, кучини қишлоқ жойларда спортни оммалаштириш, ривожлантиришга сарфлагани маъқул эмасми? Ёки маърузада айтилганидек, нега спортнинг фақат тўрт-беш тури бўйича олимпиадада медаль оламизу бошқа турлари оқсаётгани билан қизиқилмайди? Махсус спорт мактабларидан қайсилари терма жамоа­ларга спортчи тайёрлаб бераяпти-ю қай бирининг фаолияти ислоҳга муҳтож? Ёки ўйлаб кўрайлик, қишлоқ жойларида китоб дўконлари сони қанча? Матбуот нашрларини тарқатиш иши қай аҳволда?..

Бу саволлар замирида энг аввало соғлом, баркамол авлодни тарбиялашдек муҳим масала турибди. Маънавият-маърифат, маданият, ёшлар онгида ёт ғояларга қарши иммунитетни кучайтириш масалалари билан боғлиқ бу саволлар.

Тажрибада кўп кўрганмиз, баъзан танқидий гап айтилса, айрим идоралар раҳбарлари номига қилинган бир-икки ишини пеш қилишни бошлайди. Энди вазифа бутунлай бошқача қўйилаяпти, мамлакатнинг ҳамма ҳудудларини, барча соҳаларни қамраб олиб, ҳақиқий аҳволни ўрганиш, муаммоларни бартараф этиш учун таклифлар тайёрлаш ва улар ҳаётда ўз ифодасини топишини таъминлаш халқимиз олдидаги бурчимиз, вазифамиз, қарзимиз, деб уқтирилмоқда.

Бугун жойларда қандай хато-камчиликлар борлигини билиш учун эса ҳаётнинг ичига кириб бориш, оддий одамлар билан юзма-юз суҳбатлашиш, улар турмушини ўз кўзимиз билан кўриб, хулоса чиқариш кераклиги та­йинланмоқда. Ҳатто «ҳар бир хонадоннинг тадбиркорлик борасидаги имкониятини ўрганиш» ва уларга амалий ёрдам бериш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу топшириқ энг долзарб масалалардан бири ҳисобланган бандликни таъминлашда, ижтимоий ҳимояни кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз маърузасида қўйилган вазифалар кўлами кенг, юки оғир, талаби қатъий. Улар ижросини таъминлаш учун катта масъулият, фидойилик, чидам ва ирода керак бўлади. Бу юксак талаблар замирида улуғ мақсадлар турганини ҳис этиш эса кучимизга куч қўшади, меҳр билан, чин юракдан ишлашга ундайди.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: