19.01.2017

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

янги лойиҳа асосида қурилади

Халқ таълими вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун «Болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлашда мактабгача таълим муассасаларининг ўрни» мавзусида медиа-тур ташкил этилди.

Журналистлар тадбир дои­расида Қибрай туманидаги 10-мактабгача таълим муассасасида бўлиб, мактабга тайёрлаш гуруҳи, ривожлантирувчи марказ, қисқа муддатли гуруҳлар ҳамда кутубхона фаолияти билан танишдилар.

— Президентимизнинг «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан кейин барча мактабгача таълим муассасалари фаолияти қайтадан танқидий кўриб чиқилди, — дейди Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Яхшигул Шодиева. — Ҳар бир мактабгача таълим муассасасида очиқ мулоқот қабулхонаси ташкил этилиб, унда ота-оналардан тушган таклифлар ўрганилмоқда. Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан ўртага ташланган инновацион ғояларни баҳолаш учун экспертлар гуруҳи ҳам фаолият кўрсатмоқда.

— Инсон ўз умри давомида оладиган кўникмаларнинг 70 фоизини беш ёшгача бўлган даврда қабул қилади, — дейди Ботиржон Ғуломов. — Мана шу муассасада тарбияланган ўғлим Жавоҳир ҳозир тумандаги 302-мактабда аъло баҳоларга ўқияпти. Шунинг учун қизим Фарангизни ҳам шу даргоҳга бердим.

Медиа-тур давомида тумандаги 26-мусиқа ва санъат мактабида журналистлар учун матбуот конференцияси ўтказилди. Унда Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари соҳа фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

— Болаларни мактабга тайёрлаш жараёнини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, таълим-тарбия сифатини ошириш, замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, анъанавий мактабга тайёрлашнинг муқобил шаклларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев. — Мамлакатимиз бўйича мактабгача таълим муассасаларида 6100 қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиши режалаштирилган. Мазкур услуб болаларни мактаб таълимига тайёрлашнинг самарали шакл­ларидан бири ҳисобланади.

2017-2021 йилларда 2200 та мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илғор хорижий тажриба ва технологияларга таянган ҳолда, мамлакатимиздаги барча қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни талаб даражасидаги инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш учун 2,2 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Мактабгача таълим муассасалари аввалгилардан фарқли равишда янги лойиҳа асосида қурилади. Лойиҳага киритилган, қулай шароитга эга бўлган ёзги айвончалар, сузиш бассейнлари кичкинтойларнинг жисмоний ва маънан баркамол авлод бўлиб ўсишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган 3-6 ёшдаги болаларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш масаласида ҳам бир қатор ишлар қилинмоқда. 2016 йилда беш китоб­дан иборат бундай қўлланмалар 200 минг нусхада чоп этилиб, ота-оналарга бепул тарқатилди. 2017 йилда эса қўлланмалар сони мавзу йўналишига қараб еттитага етказилади ва ҳар бири 400 минг нусхадан чоп этилиб, ота-оналарга бепул тарқатилади.

Муҳим янгиликлардан яна бири шуки, қишлоқ жойларидаги мактабгача таълим муассасаларига ота-оналар томонидан амалга ошириладиган бадал тўловини 30 фоизгача камайтириш, 2021 йилгача болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни 1,5 баробарга ошириш кўзда тутилмоқда.

Дастурнинг самарали амалга оширилиши Халқ таълими вазирлиги томонидан доимий мониторинг қилиб борилади.

Тадбир якунида Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент вилояти халқ таълими бош­қармаси мутасаддилари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтардилар.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.