19.01.2017

КЕКСАЛАРИМИЗНИ ЭЪЗОЗЛАШ — ҲАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗ

Халқимизнинг энг улуғ қадриятларидан, эзгу фазилатларидан бири — кексаларни қадрлаш, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиш ҳисобланади. Бу масала истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Кексаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат муҳофазасига олинди. Конституциямизнинг 45-моддасида ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоя­сида эканлиги кафолатланган. Бош қомусимизнинг 66-моддасида эса «Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар», деб белгилаб қўйилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, давлатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётимизнинг машҳур беш тамойилидан бири кучли ижтимоий сиёсатдир. Ушбу тамо­йил асосида ўтган даврда мамлакатимизда ижтимоий ва иқтисодий соҳани ривожлантириш, жумладан, ёлғиз кексалар, қариялар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Асосийси, бугунги кунга келиб ёлғиз кексаларимизни муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашиш бўйича қонунчилик базаси шакл­лантирилган. Унга кўра, кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва уларга эътиборни кучайтириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, мамлакатимизда изчил амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар замирида мазкур масалага оид норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш орқали кексаларимизнинг ҳаёт даражасини тобора яхшилаб бориш назарда тутилган.

Мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида кўплаб имтиёз ва имкониятлар яратилганини фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг қабул қилиниши катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинч­лик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга хизмат қилади.

Ушбу фармон билан ҳар бир туман ва шаҳарда, хусусан, маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида «Нуронийлар маскани» мажмуалари фаолият кўрсатиши, мажмуаларда китобхонлар заллари, дам олиш хоналари, кексалар учун махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари, шунингдек, ошхона ва тиббий хона ташкил этилиши, уларни зарур мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш белгиланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг пенсионерларни, биринчи навбатда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ўз тизимидаги санаторийларда соғломлаштириш (шу жумладан, дори воситалари олиш), меҳнаткашларга уларга ажратилган йўлланмаларини ўзларининг ота-оналарини соғломлаштиришга юбориш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги ташаббуси маъқулланди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан 2007 йил 19 мартда қабул қилинган «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон, 2011 йил 30 майдаги «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ йўналиш ҳамда вазифалар белгиланган. Мазкур ҳужжатлар пенсия ёшидаги фуқаролар, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти иштирокчилари турмуш фаровонлигини таъминлаш, ҳаёт даражаси ва сифатини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, 2015 йил 14 апрелдаги «Қарияларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонига асосан 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида ёши 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига 2015 йилнинг 1 майидан бошлаб, ҳар ойда энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида қўшимча тўлов тўлаш белгиланди.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 апрелдаги қарори билан «Республиканинг санаторий-соғ­ломлаштириш муассасаларига бораётган 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига темир йўл транспортида бепул юриш ва ҳаво транспортида имтиёзли юриш ҳуқуқини бериш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди. Илгари шаҳар жамоат транспортидан фойдаланишда кексаларимиз бепул юриш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда уруш ва меҳнат фронти фахрийларимизнинг бу имтиёзларига улар соғломлаштириш муассасаларига бораётганда темир йўл ҳамда ҳаво транспортидан бепул ва имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи ҳам қўшилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Кексаларни соғ­ломлаштириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича нодавлат пансионати тўғрисида»ги Низом тасдиқланиб, унга кўра, кексаларни соғломлаштириш, уларнинг дам олишлари ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан кексаларнинг ҳаёт сифати янада яхшиланишини таъминлашга қаратилган таомиллар белгилаб берилди.

Шулар қаторида, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ 2016 йил 1 январдан бошлаб, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшаётган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар, ижтимоий ёрдам кўрсатиш якка тартибда шакллантириладиган ижтимоий хизматлар дастури асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Шунингдек, ушбу қарор билан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарларининг рўйхати тасдиқланди.

Кексаларни эъзозлаш бўйича бу каби чора-тадбирлар Конституциямизда белгиланган нормаларнинг ҳаётда ўз ифодасини топганлигини кўрсатади.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган 2429 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркорлик билан, 534 нафар фуқаро юридик шахс ташкил этган ҳолда, 706 нафар фуқаро фермер хўжаликлари ташкил этган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Адлия органлари ходимлари томонидан ушбу тадбиркорлик ҳаракати мониторинги ўтказилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимизда ёши улуғ инсонларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилган бўлиб, улар ҳар томонлама давлат муҳофазасидадир. Бу каби кенг кўламли ислоҳотлар замирида, аввало, жамиятимизни янада эркинлаштириш, ҳаётимизни бундан-да обод ва фаровон қилиш, тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, энг муҳими, эл-юртга хизмат қилган, бугунги фаровон ҳаётимиз учун курашган кексаларимизни қадрлашдек эзгу мақсадлар мужассамдир.

 

Авазбек МАДАМИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи.



DB query error.
Please try later.