16.01.2017

ИЛМ-ФАН ТАРАҚҚИЁТИ

мамлакат ривожига, халқ фаровонлигига хизмат қилади

Ўзбекистон — улкан табиий захиралар, иқтисодий ва инсоний салоҳиятга бой мамлакат. Аммо, Яратганнинг ўзи ато этган яна бир бебаҳо бойлигимиз борки, у ҳам бўлса, халқимизнинг беқиёс интеллектуал ва маънавий салоҳиятидир.

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти.

 

 

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувида билдирилган фикр-мулоҳазалар, Ўзбекистонда бу соҳани жадал ривожлантириш юзасидан ўртага ташланган муҳим таклифлар олимлар, илм-фан фидойилари томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Бу учрашувда кўтарилган масалалар шу кунларда қизғин муҳокама этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-ўқув маркази директори, академик Назар ТЎРАЕВ билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.

— Президентимиз билан бўлган учрашувнинг аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

— Олим сифатида шуни айтишни истардимки, илм-фан соҳасига алоҳида эътибор берилаётгани, илм аҳли қўллаб-қувватланаётгани катта олижанобликдир. Рағбат ва ғамхўрлик, олимларимизни янада руҳлантириб юборади, кучига-куч, ғайратига ғайрат қўшади.

Президентимиз учрашувда алоҳида эътибор қаратганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган тадқиқотларнинг ҳаммасини ҳам илм-фаннинг бугунги юқори ривожланиш даражасига тўла жавоб беради, деб бўлмайди. Юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги замонавий тажриба-ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш зарур. Маркетинг ва лицензиялаш хизматлари талаб даражасида эмас. Бу мамлакатимиз илмий-инновацион маҳсулотларини амалиётга кенг татбиқ этишда яққол сезилмоқда. 

Биз Президентимизнинг танқидий фикрларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, бунинг аҳамиятини ёшларга кўпроқ тушунтиришимиз керак.

— Бугунги кунда илм-фаннинг қайси йўналишлари кўпроқ ривожланмоқда?

— Аввало, шуни айтиш керакки, фан асосан икки йўналишда ривожланади. Биринчиси, фундаментал тад­қиқотлар бўлиб, унинг ривожланиши учун давлат маблағлар ажратади ва қўллаб-қувватлайди. Иккинчи йўналиш эса яратилган ҳар бир кашфиётни бевосита ҳаётга татбиқ этишдир. Яъни, жамиятнинг барча соҳалари, саноат, қурилиш, ишлаб чиқаришга жорий қилишдир. Бундан давлат ҳам, жамият ҳам манфаатдор бўлади.

Мисол учун, ривожланган АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия сингари давлатларни оладиган бўлсак, у ерда фандаги ҳар қандай янгилик тез фурсатда ҳаётга татбиқ этилади. Шунинг учун ҳам мазкур мамлакатлар барча соҳаларда илдам тараққий этиб бормоқда. Очиғини тан олиш керак, бизда бу борада камчиликлар бор. Чунки олимларимиз томонидан кўплаб кашфиётлар қилиняпти, ютуқлар қўлга киритилаяпти, бироқ, уларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш қийин кечмоқда.

Фанда «нанотехнология» деган тушунча бор. Бу ҳозирда тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Унинг қўлланиш соҳаси жуда кенг.

Ўтган асрнинг охирларида нанотехнология ишлаб чиқариш саноатига кириб келди. Бугунги кунда дунёда у билан шуғулланмайдиган бирорта йирик компания қолмади.

Нанотехнологиялар бошқа соҳалар, жумладан, тиббиётда ҳам кенг қўлланилмоқда. Ҳатто давоси йўқ деб ҳисоблаб келинган айрим хасталикларни айнан нанотехнологиялар орқа­ли даволаш йўллари кашф этилмоқда.

— Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантиришда нималарга эътиборни кучайтириш керак, деб ҳисоблайсиз?

— Илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг барча йўналишларига нанотехнологияларни кенг жорий этишимиз замон талаби ҳисобланади. Бизда бу йўналишда камчиликлар кўзга ташланмоқда. Ўзбекистонда, айниқса, физика-математика, биотехнологияларни янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ҳам замонавий илм-фан ютуқларини жорий қилиш, нанотехнологиялардан самарали фойдаланишимиз зарур.

Яна бир оғриқли масала — бу илм­га қизиқиши бор, иқтидорли ёшларни танлаб олишдир. Охирги вақтларда бунга эътибор сусайгандек, назаримда. Шундай бир ўзига хос тизим яратилиши керакки, биз илмга чанқоқ ёшларни олий ўқув юрти эмас, лицей, коллеж, ҳаттоки, умумтаълим мактабларидан танлаб олиб, улар билан доимий ишлашимиз керак. Бу илм-фанимизнинг эртанги куни билан боғлиқ энг долзарб масаладир.

Олимларнинг илмий ютуқлари, янгиликларни тарғибот қилиш масалаларига ҳам эътиборни янада кучайтиришимиз лозим, деб ўйлайман. Бу борада оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланишимиз талаб этилади.

Кейинги масала илм-фан тараққий этган давлатлар билан ҳамкорликни кучайтиришдир. Биз ҳар йили доимий равишда ёш олимларимизни хорижий мамлакатларга юбориб, у ­ердаги тажрибаларни ўрганишимиз зарур. Ана шунда бизнинг илм-фан янада ривожланади.

— Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-ўқув маркази фаолияти ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Марказнинг асосий фаолияти илмий ишларини якунлаш арафасида турган ёш олимларни Олий аттес­тация комиссиялари синови учун малакавий имтиҳонларга тайёрлашдан иборат. Ҳар бир илмий ходим «фан доктори» даражасини олишдан олдин бир неча фанлардан малакавий синовлардан ўтади. Бу синовларда улардан илмий, илмий-педагогик қобилиятларини намоён қилиш, эришган илмий натижаларини конференция ва симпозиумларда тушунтириб бериш кўникмасига эга бўлиш талаб этилади.

Илмий-ўқув маркази мазкур йўналишларда ёш олимларни тайёрлайди. Ўқув йили давомида «Ўзбекистоннинг энг янги тарихи», «Чет тиллари», «Демократик жамият қуриш ва унинг илмий асослари» фанларидан машғулотлар ташкил қилиниб, синовлар ўтказиб борилади. Ўқув йилининг ноябрь, февраль ва май ойларида малакавий имтиҳонлар топширилади. Улардан муваффақиятли ўтган олимлар «катта илмий ходим» илмий унвонини олиш учун диссертация ҳимоясига чиқарилади.

Охирги тўрт йил давомида 300 нафарга яқин ёш олим «катта илмий ходим» илмий даражасини олишга эришган.

Учрашувда Президентимиз томонидан илм-фан тараққиётининг аҳамияти ҳақида билдирган фикрлар, олимлар меҳнатини қадрлаб айтилган илиқ гаплар бизнинг зиммамизга улкан вазифаларни юклайди. Бизга кўрсатилаётган эътиборни катта ишонч, деб биламиз. Мамлакатимиз тараққиё­ти илм-фан ривожига боғлиқ экан, демак, биз ҳар бир соҳага илм-фан ютуқлари ва янгиликлари кириб бориши учун белни маҳкам боғлаб меҳнат қилишимиз керак бўлади. Бунинг учун энг аввало, илм аҳли, олимлар фидойи, жонкуяр ва янада ташаббускор бўлиши талаб этилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: