16.01.2017

ФАОЛ, ТАШАББУСКОР АЁЛЛАР КЎРИК-ТАНЛОВИ

«Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли» кўрик-танловининг Тошкент вилоят босқичи якунланди. Юқори Чирчиқ туманидаги 24-мусиқа ва санъат мактабида партия кенгашлари ходимлари, танловнинг туман, шаҳар босқичи ғолиблари, уларни қўллаб-қувватлашга келганлар ҳая­жон билан танловни кузатишди.

ЎзХДП Тошкент ви­лоят кенгаши раиси ­Меҳрожиддин Дархонов барча иштирокчиларга омад тилаб, кўрик-танловни очиқ деб эълон қилди.

Лойиҳа тақдимоти шарти бошланди. Ҳар бир қатнашчи ўз лойиҳасини тақдим этди.

— Менинг лойиҳам «Соғ­лом турмуш тарзи» клубини ташкил этиш тўғрисида, — дейди танлов иштирокчиси Гулноза Норматова (Юқори Чирчиқ тумани). — Лойиҳанинг асосий мазмуни одамларнинг тиббий маданиятини оширишга қаратилган.

Бугун яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта турмуш қуриш каби иллатлар оқибатида ногирон болалар туғилиши кузатилмоқда.

Бўка тумани иштирокчиси Муаттар Якубованинг лойиҳаси ана шу муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятли.

— Мен «Мулоқот ва мурувват» маркази ташкил қилиш лойиҳасини тақдим этдим, — дейди иштирокчи. — Унга кўра, дастлаб тумандаги имконияти чекланган болалар рўйхати тузилади ва улар билан доимий мулоқот ўрнатилади. Муаммо ва истаклар ўрганилиб, мутасадди ташкилотларга етказилади. Марказ фаолияти имконияти чекланган ўқувчиларни ижтимоий ҳаётга йўналтириш, касб-ҳунарга ўргатиш, шунингдек, мустақил ишини бошлашга амалий ёр­дам беришга қаратилади.

Айтиш керакки, бошқа иштирокчилар тақдим этган лойиҳалар ҳам партия­миз электорати манфаатларига қаратилгани, ҳаё­тий масалалар кўтарилгани билан аҳамиятли бўлди.

Бу ҳақда ҳакамлар ҳайъати аъзоси, «Тадбиркор аёл» — Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими раиси Ма­лика Қодирхонова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

— Маълумки, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда уларнинг фаол иштироки таъминланмоқда, аёлларимиз, оналаримиз ҳаётда муносиб яшашлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Айниқса, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун иштирокчилар ўз мус­тақил ишини бошлашлари учун ҳаётий лойиҳаларни тақдим этишди. Ай­ниқса, Бекобод туманидан иштирокчи Мунаввар ­Абдукаримованинг фитобар очиш, Қуйи Чирчиқ туманидан иштирокчи Гулшекер Исманқулованинг печенье ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш лойиҳалари менга маъқул бўлди.

Танловнинг «Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир» номли иккинчи шартида иштирокчилар қонунлар, Президент фармон ва қарорлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб беришди. Шу билан бирга, қонунларни партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини ҳам билдиришди.

Ангренлик иштирокчи ­Моҳичеҳра Жўраева жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғ­рисидаги, Чирчиқ шаҳридан Шарофат Алламбер­ганова ёшларга оид давлат ­сиёсати тўғрисидаги, Занги­ота туманидан Лобар ­Сайидхўжаева Оила кодексини, Бўстонлиқ туманидан ­Нилуфар Тўйчиева Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорини батафсил шарҳлаб берди.

— Ижтимоий хизматлар сифатини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир, — дейди танлов иштирокчиси Матлуба Ҳожимуродова (Бекобод шаҳри). — Шу жиҳатдан олиб қарасак, кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши катта ҳаётий аҳамиятга эга бўлди. Унда аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг комплекс тизими яратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу Қонун ижтим­оий ҳимоя тизими жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини кафолатлайди. Ўз ҳақ-ҳу­қуқини мустақил ёки фаол ҳимоя қилолмайдиган фуқароларнинг манфаатларини таъминлашда бу масала принципиал аҳамиятга эгадир. Қонунга кўра, ижтимоий хизматлар кўр­сатувчи орган ва ташкилотлар очиқ фаолият юритади. Бу борада мунтазам мониторинг ўтказилади. Буларнинг барчаси кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, тизим фаолия­тининг очиқ-ошкоралигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Танловнинг «Сиёсий ҳозиржавоблик» шарти иштирокчилар учун жуда ҳаяжонли бўлди. Қатнашчилар Конс­титуциямиз, Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар фао­лия­тига оид қонун ҳужжатлари, партиямиз Сайлов­олди дас­тури ҳамда дунё тарихидаги машҳур сиёсатчи аёллар ҳақидаги ранг-баранг саволларга жавоб беришди.

— Давлат ва жамият бош­қарувини демократлаштиришда хотин-қизлар фаолия­тини ошириш долзарб масала, — дейди пскентлик иштирокчи Гав­ҳар Пўлатова. — Партиямиз тизимида ўтказилаётган кўрик-танловнинг бу борадаги аҳамияти катта. Тайёргарлик жараёнида кўплаб қонун ҳужжатларини чуқур ўргандим. Давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишдим. Шу маънода танлов бизга катта мактаб бўлди, десам, адашмайман.

Ниҳоят, умумий баллар эълон қилинди. Қуйи Чирчиқ туманидан иштирокчи Гулшекер ­Исманкулова учинчи ўринга, Юқори Чирчиқ туманидан иштирокчи Гулноза Норматова иккинчи ўринга, Оҳангарон туманидан иштирокчи ­Феруза Дадажонова эса биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Қолган иштирокчилар турли номинациялар бўйича тақдирланди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.