16.01.2017

ЎЗБЕКИСТОН — ТИНЧЛИК, ТОТУВЛИК ВА БАХТ МАМЛАКАТИ

Республика байналмилал маданият маркази ташкил топганига чорак аср бўлди

Ўз куч-қудратига ишонган, миллий қадриятлари ва умуминсоний маънавиятни муштарак ҳисоблаб, ўзига лойиқ билганни ўзгаларга ҳам раво кўрадиган буюк қалбга эга миллатнинг бағри кенг бўлади. Шу маънода, бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари аҳил, иноқ ва тотув оила бўлиб яшаётгани, ягона мақсад — мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалиши йўлида ҳамжиҳат меҳнат қилаётгани ҳақли равишда ҳавасга лойиқдир.

Ватанимиз мустақилликни қўлга киритгач, 1992 йил 13 январда Марказий Осиёда биринчи бўлиб Ўзбекистонда Республика байналмилал маданият маркази тузилди. Ўша йили қабул қилинган Асосий қонунимизда «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши» белгилаб қўйилди. Конституциямизга кўра, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши таъминланмоқда, уларнинг ривожланиши учун барча шароит яратилмоқда.

— Бугун мамлакатимизда миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити барқарорлигига мустаҳкам кафолат мавжуд, — дейди Республика байналмилал маданият маркази директори Насриддин Муҳаммадиев. — Дейлик, 1992 йили Ўзбекистонда турли миллат ва элатларнинг 10 миллий маданият маркази фаолият юритган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 137 тага етди. Улар билан ҳамкорликда 2016 йилда 700 дан ортиқ илмий-амалий ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказдик. Олтинчи бор ташкил қилинган «Ўзбекистон — умумий уйимиз» шиори остидаги дўстлик ва маданият фестивалида 40 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари фаол иштирок этди.

Бундай аҳиллик ва тотувлик муҳитининг асоси, аввало, ­Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримов асос солган ва бугун катта ғайрат-шижоат билан изчил давом эттирилаётган инсонпарварлик сиёсатидир. Ватанимиз ҳамиша Шарқ ва Ғарбни ўзаро боғлаган Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашгани, халқимиз турли миллат ва элатларнинг маданий-маънавий меросининг энг мақбул жиҳатларини ўзида мужассам этгани, миллатимизга мансуб бағрикенглик, меҳмондўстлик ва саховатпешаликнинг қон-қонимизга сингиб кетгани ҳам бунда муҳим омилдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев турли миллат вакилларидан иборат халқимиз билан мулоқот қилиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, муаммоларига ечим топиш борасидаги янги ислоҳотлар даврини бошлаб берди. Давлатимиз раҳбари 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида «мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш ҳамда мустаҳкамлашни ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман», деб таъкидлагани бунинг ёрқин ҳаётий исботидир.

Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги миллатлараро тотувлик ва аҳиллик — халқимизнинг катта бойлиги, барқарор ҳаётимиз асосидир. Деярли барчамиз турли миллат вакиллари билан қўни-қўшни бўлиб яшаймиз. Улар бизга қўшилиб наҳорга ошга боради, биз ҳам уларнинг яхши-ёмон кунида елкадош турамиз. Халқаро спорт мусобақалари ё санъат фестивалларида турли миллат вакилларидан иборат спортчи ва санъаткорларимизни ягона мақсад билан чин юракдан қўллаб-қувватлаймиз. Чунки улар оиламиз, Ватанимиз шаъни учун майдонга тушган.

Мамлакатимизда Наврўз, Мустақиллик ё бошқа байрам тантаналарини барча миллат вакиллари бир оила бўлиб нишонлайди.

— Бугун мамлакатимизда истиқомат қилаётган аксарият корейсларнинг киндик қони шу муқаддас заминга томган, улар Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида эъзозлайди, чунки икки ­халқнинг маданияти, менталитети ўхшаш — ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, сабр-матонат каби фазилатлар уларга бирдек хос, — дейди Ўзбекистон корейс маданият марказлари уюшмаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Виктор Пак. — Корейслар орасида Ватанимизнинг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлганлар анчагина. Улар орасида «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланганлар ҳам бор. Кейинги вақтларда корейс ёшлари орасида ўзбек тилини, ўзбек ўғил-қизлари ўртасида корейс тилини ўрганиш кучаймоқда.

Мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқув дастурлари 7 тилда олиб борилмоқда. Ўндан ортиқ тилларда кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланмоқда, газета-журналлар нашр этилаётир.

Республика байналмилал маданият маркази ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши, жойларда вилоят ҳокимлари ўринбосарлари бошчилигидаги Мувофиқлаштирувчи кенгашлар фаолияти мамлакатимизнинг барча ҳудудида миллий маданият марказлари фаолиятини ривожлантириш, халқимизнинг аҳил, иноқ, тотув ва ҳамжиҳат ҳаётини янада барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Ўзбек ва хитой халқлари қадим-қадимдан ўзаро савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган, Буюк ипак йўли бу дўстлик илдизлари нақадар узоқ тарихга бориб тақалишининг яққол исботидир, — дейди Тошкент шаҳар хитой миллий маданият маркази раиси Янь Яоюн. — Тошкентда Хитой маданияти кунлари тадбирлари (концертлар, кўргазмалар, таомлар фестивали) ўтказилмоқда, маданият, фан, таълим, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётир. Марказимиз қошида хитой тили ўргатилмоқда, рақс тўгарагимизда турли миллат ёшлари ўзбек ва хитой рақсларидан сабоқ олаётир. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда миллатлараро аҳиллик муҳити барқарор эканидан далолатдир.

Шу кунларда Республика байналмилал маданият маркази ташкил топганининг 25 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Байрам тадбирлари доирасида турли миллат қадриятлари, мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик тажрибаси, халқимизнинг ўзаро аҳил ва ҳамжиҳат ҳаёти ифода этилган халқ амалий санъати, тасвирий ва фотоасарлар кўргазмаси, «Ўзбекистон мустақиллиги — миллатлараро муносабатлар ривожида янги давр» мавзусида илмий-амалий анжуман, «Ўзбекистон — умумий уйимиз» фестивали ғолиблари иштирокида гала-концерт ўтказилиши режалаштирилган. «Ўзбекистонда бағрикенглик маданияти» («Культура толерантности в Узбекистане») ҳужжатли фильми тайёрланмоқда, «Ўзбекистон — тинчлик ва тотувлик мамлакати» китоби, «Ягона оилада» («В семье единой») журналининг махсус сони нашр қилинмоқда.

Инсон ҳуқуқ-манфаатлари таъминланган, инсонпарвар мамлакатдагина ҳар қайси миллат вакили эмин-эркин ҳаёт кечириши, ўз орзу-мақсадларига эришиб, бахтли яшаши мумкин. Бугун мамлакатимиздаги ўзаро тотувлик, дўстлик ва бағрикенг­лик муҳити тарихнинг бу кўҳна қоидасини яна бир бор инсониятга исботлаб бермоқда.

 

Умид ЁҚУБОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.