Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
12.01.2017

СОЛИҚ: ИМТИЁЗ ВА ЕНГИЛЛИКЛАР

Давлат солиқ қўмитаси томонидан пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуасида 6 кунлик кўргазмали семинар ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятидан тадбиркорлик субъект­лари вакиллари ҳамда кенг жамоатчиликни хабардор қилишдан иборат бўлди.

Семинарда таъкидландики, республикамизда тадбиркорлик субъект­ларига қулай шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари бериш ва солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақланиб қолинди.

 Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори ҳамда бошқа бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларга асосан турли йўналишлар бўйича енгилликлар, имтиёзлар яратилди, шунингдек, қонун ҳужжатларига асосан берилган имтиёзлар муддати узайтирилди.

Жумладан, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларни фойда ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этишга оид солиқ имтиёзлари 12 та фаолият турларини, шундан 4 таси республиканинг барча ҳудудларида ва 8 таси қишлоқ жойларда 2020 йил 1 январгача амалиётда бўлади.

Миллий реестрга киритилган дас­турий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар учун ҳамда республикамизда автомобиль саноатини янада ривожлантириш мақсадида берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2020 йил 1 январгача, омма­вий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар учун берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2019 йил 1 январгача узайтирилди.

Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш тартибларини бирхиллаштириш мақсадида 2017 йил 1 январдан бошлаб бошқа тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ягона ижтимоий тўловни ҳар бир ходим учун ойига минимал иш ҳақига каррали миқдорда ҳисоблашнинг амалдаги тартиби чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналарига ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Асосий солиқ турлари бўйича ставкалар 2017 йилда ҳам 2016 йил даражасида сақланиб қолинди. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, юридик шахсларнинг фойда (7,5 фоиз), мол-мулк (5 фоиз), ягона ер ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш (8 фоиз), шунингдек, экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ставкалари ва мол-мулк солиғининг регрессив ставкасини қўллаш тартиби сақлаб қолинди.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2016 йил даражасида сақлаб қолиниши баробарида 2017 йил 1 январдан бошлаб, ҳунармандларга (қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича) энг кам иш ҳақининг 0,5 баробари миқдорида солиқ тўлаш жорий этилди. Давлат мақсадли жам­ғармаларига ажратмалар бўйича тўловлар ставкалари ўтган йил даражасида қолдирилди.

Мамлакатимизда ўртача турмуш даражаси ва энг кам иш ҳақи миқдори ошганлиги ҳамда инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда айрим солиқларнинг ставкалари индексация қилинди.

Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ солиш билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича Солиқ кодексига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ қарзи бир йил мобайнида тўланмаган тақдирда, қарзни ундиришни мол-мулкига қаратиш учун белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган (юридик шахслар энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача, жисмоний шахслар учун 5 баробаригача) ҳолларда ҳам мажбурий ундирувга қаратиш тартиби белгиланди.

Нотижорат ташкилотлар томонидан бошқа даромадлар бўйича солиқ мажбуриятларини бажаришда турли хил талқин этишларнинг олдини олиш мақсадида Солиқ кодексининг 7 моддасига ўзгартиш киритилди.

Президентимизнинг тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулк­ни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Фармонида белгиланган меъёрларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонуни қабул қилиниб, унга асосан 13 қонун ҳужжатларига, шу жумладан, Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Солиқ кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режадан таш­қари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Бироқ юридик шахслар мурожаатига асосан корхона тугатилаётганида ўтказиладиган текширишлар сақланиб қолинди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берилган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига биноан қисқа муддатли (яъни 8 соатдан ошмайдиган) текширишлар ўтказилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этса ва бу ҳуқуқбузарлик инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказмаса, у етказилган зарарни белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда қопласа, яъни солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўласа, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялардан (пенядан ташқари) озод қилинади.

Шунингдек, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилиши белгиланди.

Жиноят кодексида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинламаслик белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Молия вазирлиги ҳамда бош­қа мутасадди вазирлик, идоралар масъул ходимлари иштирок этган кўргазмали семинарда Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олишди.

Тадбирда, шунингдек, ишлаб чиқаришни ривожлантириб, янги иш ўринлари ташкил этган, республика иқтисодиёти юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган намунали солиқ тўловчиларнинг бир гуруҳи Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Мирбахтиёр МИРФАЙЗИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: