Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
12.01.2017

ЎЗБЕКИСТОН ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

тинчлигимиз ва хавфсизлигимизнинг ишончли кафолати

Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилинади. Шунинг учун мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимиз суверенитети, сарҳадларимиз дахлсизлиги, мудофаасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Кўпчилик яхши эслайди. Мустақилликка эришганига эндигина бир неча кун бўлган мамлакатимизда, яъни 1991 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. Ҳарбий комиссариатлар республика бўйсунувига ўтказилиб, собиқ иттифоқ армиясига аскар юбориш тўхтатилди. 1992 йил 14 январь куни эса давлатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилинди. Иттифоқда хизмат қилаётган аскарлар Ўзбекистонга қайтарилди. Бу тарихий ишлар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан амалга оширилди.

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллигини тантанали нишонлар эканмиз, мазкур тизимни ислоҳ қилиш унинг ҳуқуқий асосларини яратиш билан чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрамиз.

Энг аввало, Бош Қомусимизда мамлакатимиз Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи эканлиги алоҳида қайд этилди.

Соҳанинг ҳуқуқий асосларини мус­таҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонунлар қабул қилинди. Ушбу қонунлар мамлакатимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда, ҳаётимизнинг барча соҳаларида барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

2008 йил қабул қилинган «Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони миллий армиямизнинг тайёргарлигини ҳар томонлама юксалтиришга қаратилган муҳим ҳужжат саналади. Мазкур фармонга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматга чақирув йилига бир марта — февраль-март ойларида танлов асосида амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматнинг янги тури — сафарбарлик чақируви резерви ҳам салоҳиятли аскарларни тайёрлашда яхши самара бермоқда. Бугун миллий армия­миз сафларида хизмат қилаётган аскарлар ҳарбий мутахассисликни пухта ўзлаштириш билан бир қаторда, замонавий ахборот технологияларига оид билимларини ҳам оширмоқда.

 Ўтган кунларга назар ташлайдиган бўлсак, мустақилликгача, яъни 90-йилларда маҳаллий офицерлар юртимиздаги ҳарбий кадрларнинг бор-йўғи 0,6 фоизини ташкил этган. Шунинг учун даст­лабки даврдан бошлаб биринчи навбатда маҳаллий ҳарбий кадрларни тайёрлаш масаласига катта эътибор берилди. Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Урганч шаҳарларида ҳарбий мутахассислар тайёрлайдиган лицейлар ташкил этилди. Тошкент умумқўшин, Чирчиқ олий танк ва Самар­қанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик муҳандислик билим юртлари кўп тармоқли таълим масканларига айлантирилди. Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилди. Тошкент ахборот технологиялари университетида алоқачи-офицерлар тайёрлайдиган махсус факультет очилди. 1995 йилда Қуролли Кучлар академияси ташкил этилди. Сержантлар тайёрлаш мактабларида соҳанинг барча бўғинлари учун юксак маънавий-ахлоқий ва етакчилик фазилатларига эга, интеллектуал салоҳияти юқори кичик командирлар тайёрланмоқда.

Шу билан бирга, 2012 йилда яна бир тарихий ҳужжат — «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонунни мамлакатимизнинг узоқ йилларга мўлжалланган ташқи сиёсат стратегиясини белгилаб берувчи ўта муҳим ҳужжат сифатида баҳолаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолияти Концепциясида бир қатор принципиал аҳамиятга молик бўлган илғор прогрессив ғоялар ўз аксини топган. Унда Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги ҳарбий можароларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўриши, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги алоҳида қайд этилди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг тинчликсевар сиёсат юритиш, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш каби принципиал позицияси ҳам мазкур Концепцияда ўз аксини топди.

Шунингдек, унда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавф­сизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди, деб қатъий белгилаб қўйилди.

Бугун дунёнинг турли нуқталарида кузатилаётган нозик, шу билан бирга, ўта қалтис вазият ушбу масалаларнинг нақадар принципиал ва ҳаётий аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда.

Ватан ҳимоячиларини нафақат ижтимоий, балки маънавий рағбатлантиришга ҳам катта эътибор бериляпти. Маълумки, мустақиллик йилларида юртимизда «Мустақиллик», «Амир Темур», «Жалолиддин Мангуберди» «Мардлик» орденлари, «Жасорат», «Содиқ хизматлари учун» каби медаллар таъсис этилди. Улар давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтиришга, Ватан ҳимоясига катта ҳисса қўшаётган ҳарбийларимиз ҳамда ҳамюртларимиз меҳнатини қадр­лаш, фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашда ўзига хос юксак маънавий рағбат вазифасини ўтамоқда.

Армиямиз сафларида хизмат қилаётган фарзандларимизга катта эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий намунаси сифатида Ўзбекис­тон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарорини келтириш мумкин. Мазкур қарорга мувофиқ, 2012-2013 ўқув йилидан бошлаб Қуролли Кучларимиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича республика олий таълим муассасаларига киришда қўшимча балл шаклидаги имтиёздан фойдаланишмоқда. Ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг бундай тавсияномалари улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.

Биз қўлга киритаётган тарихий ютуқ ва марралар, халқимизнинг тинч­лиги мустаҳкамланиши, мамлакатимиз дунё саҳнида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашида миллий армиямизнинг ўрни беқиёс, албатта. Қуролли Кучларимиз давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаб турган экан, одамлар хотиржам меҳнат қилади, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги тобора ортиб бораверади.

 

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.