12.01.2017

ВАТАН ҲИМОЯСИ — ОЛИЙ ШАРАФ

«Болалигимдаги биринчи ўйинчоғим кичкина танк бўлган эди. Кейинчалик у менда ҳарбийликка меҳр уйғотди, Ватан ҳимоячиси бўлиш орзуси сари интилдим. Мана, 11 ойдирки, йигитлик бурчимни ўтаяпман. Оилада катта фарзанд бўлганим учун синглим ҳамда укамнинг олдида ҳамиша масъулият ҳис қилар эдим. Хизматга келгач эса халқимиз олдидаги вазифамни англай бошладим...»

Бу оддий аскар Муҳриддин Жалоловнинг фикрлари эди. Ўзбекис­тон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Қуролли Кучлар давлат музейида ўтказилиши режалаштирилган тадбирга анча эрта бордик. Имкониятдан фойдаланиб, тинч­лигимиз посбонлари билан суҳбатлашдик. Улар ҳарбий қисмларда яратилган шароитлар, соҳани ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида фахрланиб гапиришди.

Қизғин суҳбатимиз тадбирга уланиб кетди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова тадбирни очиб, барчани Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича яратилган қонуний асослар ҳақида тўхталди.

Шундан сўнг «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов миллий армиямизнинг ташкил этилиши тарихи, бу жараёнда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов кўрсатган жасорат ҳақида сўз юритди, ҳаётий мисоллар келтирди.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини ишончли ҳимоя қиладиган замонавий Қуролли Кучлар ташкил этилди.

Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси ўринбосари Нилуфар Юлдашева, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Аҳтамқули Каримов, оддий аскар Қудратилло Собиров ва бошқалар Ватан ҳимоя­си олий шараф экани тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдиришди ҳамда ҳарбий хизматчиларни байрам билан самимий муборакбод этишди.

Қуролли Кучлар тизимида юрт тинчлиги, Ватан равнақи йўлида олиб бораётган мардонавор хизматлари учун бир гуруҳ ҳарбийларга «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил» эсдалик нишони ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

— Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибордан бошимиз кўкка етди, — деди Мудофаа вазирлиги ходими, катта сержант Аҳад Пайғамов. — Бугун менга берилган нишон зиммамга янада катта масъулият юклайди. Ватанимга, халқимизга садоқат билан хизмат қилишга ундайди.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар кенгашининг совғалари ҳам топширилди.

Сўнгра санъаткорларнинг Ватан ва ҳарбийлар жасорати ҳақидаги куй-қўшиқлари тадбирга янада байрамона руҳ бағишлади.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, ҳудудий ташкилотлари томонидан барча туман ва шаҳарларда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.