Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.01.2017

ТЕРМИЗЛИК БУЮК МУҲАДДИС

Бутун ислом оламида маълуму машҳур бўлган буюк аждодларимиздан бири Муҳаммад Абу Исо ат-Термизийдир. Алломанинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий 209 (мелодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида таваллуд топган.

Ат-Термизийнинг ота-онаси ҳа­қида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган, фақат тарихчилар унинг «бобом асли марвлик эди, у киши Лайс ибн Сайёр замонида яшаган, сўнг у ердан Термизга кўчиб келганлар» деган фикрини келтириш билан чегараланадилар.

Ат-Термизий ёшлигидан ғоятда тиришқоқ, идрокли ва закий бўлиб, бу фазилатлари билан ўз тенгдошларидан ажралиб турган. У ёшлигидан Термиз, Самарқанд, Марв ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламолар ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўргана бошлаган, кейинчалик қўшни Балх ва Ҳайратон шаҳарларидаги илм аҳллари билан алоқалар ўрнатган. Илмга ташна ат-Термизий 850 йилдан бошлаб узоқ юртларга, сафар қилади. Жумладан у Ҳижозда – Макка ва Мадина, Ироқ, Хуросон ва бошқа қатор юртларда кўплаб муҳаддислар билан мулоқотда бўлади, қизғин илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади. Булар ат-Термизийнинг ўз даврининг йирик олими даражасига етишида асосий ўрин тутади.

Алломанинг илм ўрганишида ва уни такомиллаштиришида ўз даврининг машҳур муҳаддислари – имом ал-Бухорий, имом Муслим, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъийд, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдураҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар, Аҳмад ибн Мунийъ, Муҳаммад ибн ал-Мусанно, Суфён ибн Вакийъ ва қатор таниқли олимлардан олган сабоқлари муҳим аҳамият касб этган.

Имом ат-Термизий ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина ёшларга устозлик қилган. Унинг шогирдларидан Макҳул ибн ал-Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Абу ибн Муҳаммад ан-Насафий, Ҳаммод ибн Шокир, Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий, Абу-л-Аббос Муҳуммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубий каби етук олимларни кўрсатиш мумкин.

Ат-Термизийнинг устозлари ва шогирдлари орасида турли мамлакатларнинг вакиллари борлиги кўриниб турибди. Шу нуқтаи назардан қаралганда, узоқ ўтмишда ҳам илм-фан тараққиётида турли ўлкаларнинг вакиллари якдил бўлиб фаолият кўрсатиб, самарали ҳамкорлик қилганликлари бугунги давримиз учун ҳам ибратли бир ҳолдир.

Ўз ижодий фаолияти даврида ат-Термизий ўндан ортиқ асарлар яратди. Унинг илмий меросида, шубҳасиз, «Ал-Жомеъ» асари катта аҳамиятга эгадир. Бу асар «Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам»). «Ал-Жомеъ ал-кабийр» («Катта тўплам»), «Саҳийҳ ат-Термизий», «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номлари билан ҳам юритилади. Муаллифнинг йирик асарларидан яна бири «Аш-Шамоил ан-набавийя» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»)дир. Бу асар «Аш-Шамоил Муҳаммадийя», «Аш-Шамоил фи шамоил ан-Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам» номлари билан ҳам аталади. Ушбу асарнинг узоқ йиллар Саудия Арабистонида истиқомат қилган ватандошимиз Саййид Маҳмуд Тарозий томонидан бажарилган ўзбекча таржимаси Тошкентда ҳам нашр қилинган. Бундан ташқари, «Китоб ал-илал» («Ал-илал ас-сағийр ва ал-илал ал-кабийр»), «Китоб ат-таърих», «Китоб уз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ал-асмо ва-л-куна» («Ровийларнинг исм ва лақаблари ҳақида китоб»), «Ал-илал фи-л-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки оғишлар ҳақида»), «Рисола ва-л-хилоф ва-л-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Асмо ус-саҳоба» («Пайғамбар саҳобаларининг исмлари») сингари асарлар ҳам аллома қаламига мансубдир.

Ат-Термизийнинг яратган асарлари ичида, «Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ» («Ишончли тўплам») энг асосий ўринни эгаллайди. Тарихчи Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг ёзишича, ат-Термизий ушбу асарини 270 ҳижрий (884 мелодий) йилда, яъни қарийб олтмиш ёшларида, илму ирфонда катта тажриба орт­тириб, имомлик даражасига эришганидан кейин ёзиб тугатган. Ушбу асарнинг қўлёзмалари дунёнинг бир қанча шаҳарларида мавжуд бўлиб, жумладан Тошкентда, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказида ҳам сақланмоқда. Муҳим манба сифатида «Ал-Жомеь ас-саҳийҳ» бир неча марта нашр ҳам қилинган.

Ат-Термизий яшаган ҳижрий учинчи аср (мелодий тўққизинчи) ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланиб, дастлаб бу даврда яшаб ижод қилган имом ал-Бухорий, имом Муслим каби алломаларнинг сермаҳсул фаолияти катта аҳамият касб этди. Чунки мана шу пайтдан бошлаб Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифлари сараланиб, тоифаларга бўлина бошлади. Улар саҳийҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъ­қул), заиф (бўш) каби гуруҳларга бўлиниб, чуқур тадқиқ қилинган ҳолда тартибга келтирилди. Ўз устозлари имом ал-Бухорий, имом Муслим асос солган бу хайрли ишни имом ат-Термизий чуқур масъулият ва катта идрок билан давом эттириб, ҳадисшуносликнинг илмий асосда ривожланишига улкан ҳисса қўшди ва мусулмон дунёсидаги энг нуфузли муҳаддислардан бири даражасига кўтарилди. Абу Исо ат-Термизийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал Жомеъ ас-саҳийҳ» ҳадис илмида катта аҳамиятга эга муҳим манбалардан бири ҳисобланади.

Шуни айтиш керакки, муаллиф ўз асарини алоҳида-алоҳида бобларга бўлиб, имкони борича ҳар бир ҳадис ровийларини келтириб, ҳар бир ҳадисдан кейин унинг ишончли ёки ишончсизлик даражасини алоҳида аниқлаб кўрсатди.

Ўз асарига киритилган бир неча минг ҳадисни нафақат тўплаш, балки тафсир ва тадқиқ қилиш муаллифдан қанчалик машаққатли меҳнат, кучли сабр-тоқат талаб этганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Чунончи, ат-Термизийнинг китобида бу хилдаги ҳадисларнинг ғоят даражада кўплиги бу беназир асар катта меҳнат ва машаққатли изланишлар эвазига вужудга келганига яна бир ёрқин далилдир.

Машҳур олимга замондош бўлган ва ундан кейин яшаб ўтган таниқли муҳаддислар ҳам ат-Термизийнинг ҳадис илми ривожидаги жуда катта хизматларини юқори баҳолаганлар. Ҳадис имомларидан бири – Абдураҳмон ибн Муҳаммад ал-Идрисий «Ат-Термизий ҳадис илмида барча иқтидо қиладиган буюк имомлардан биридир», деб ёзса, Тақиуддин Ибн Таймия «Абу Исо ат-Термизий биринчи бўлиб ҳадисни саҳийҳ, ҳасан, заифга тақсим қилган олимдир», деб гувоҳлик беради. Ҳофиз ибн Ражаб ўзининг «Шарҳу илали ал-Жомеъ» китобида «Билгилки, имом ат-Термизий ўз китобларида ҳадисни саҳийҳ, ҳасан ва ғарибга бўлганлар», деб алломанинг ҳадис илмидаги хизматларини алоҳида таъкидлайди. Ат-Термизий асарининг барчага фойдаси ҳақида ал-Ҳофиз Абу-л-Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир ал-Муқаддасий ( 507 ҳижрий 1113 мелодий йилда вафот этган). «Мен учун «Ат-Термизийнинг «ал-Жомеъ» таснифи имом ал-Бухорий ва имом Муслим асарларидан кўра ҳам фойдалироқдир. Чунки ал-Бухорий ва Муслимнинг китобидан фақат ўқимишли олимларгина фойдаланади. Абу Исо ат-Термизийнинг асаридан эса ҳар бир кимса бемалол фойдаланади», деб ёзган эди.

Абу Исо ат-Термизийнинг бошқа бир йирик асари «Аш-Шамоил ан-набавийя» – «Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари», деб аталади. Бу асар баъзи манбаларда «Аш-Шамоил фи Шамоил ан-набий саллоллоҳу алайҳи васаллам», «Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя» номлари билан ҳам келтирилган. Асар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у зотнинг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилат ва одатларига оид тўрт юзу саккиз ҳадиси шарифни ўзига жамлаган қимматли манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг юксак фазилатлари, мукаммал ахлоқлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп олимлар, муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин ат-Термизий асарининг бошқалардан афзаллиги ва фарқи шундаки, у имкони борича Пайғамбар алайҳиссалом фазилатларига доир барча ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, мантиқан изчил бир ҳолатда тартибга келтирган ва ўзига хос мустақил, алоҳида китоб шак­лида тасниф қилган. «Аш-Шамоил ­­ан-набавийя» азалдан исломшунос олимлар ва тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига жалб қилиб келади.

Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, асарнинг тили равон бўлиб, услуби ғоятда соддалиги билан ҳам кўпчилик асарлардан ажралиб туради. Муҳим тарихий манба сифатида «Аш-Шамоил ан-набавийя» форс ва турк тилларига ҳам таржима қилинган. 1248 ҳижрий йили Ҳисомиддин ан-Нақшбандия томонидан туркий тилга қилинган таржимаси араб тилини билмайдиган туркий ­халқлар учун ғоятда фойдали қўлланма бўлиб хизмат қилади. Ат-Термизийнинг ушбу асарига шарҳ ёзган шайх Иброҳим ал-Божурий: «Имом ат-Термизийнинг «Аш-Шамоил ан-набавийя» китоблари ўз бобида яккаю-ягона асардир. Тартиби ва ўз ичига олган мавзулари жиҳатидан ягона бўлиб, нодир китоблар жумласидан ҳисобланур. Унинг овозаси Мағрибу Машриққа бориб етди», деб таъкидлайди. Машҳур олим Али Ибн Султон ал-Ҳаравий ал-Қорий ўзининг «Жамъ ул-васоил фи шарҳ аш-Шамоил» номли шарҳида ушбу асар хусусида шундай ёзади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари, юксак ахлоқлари ҳақида тасниф этилган мусаннафотларининг энг чиройли ва яхшиси бу – имом ат-Термизийнинг Пайғамбар сийратлари ҳақидаги мукаммал ва мухтасар китобларидир. Бу китобни мутолаа қилувчи, жаноби Пайғамбарни кўргандай ва ул зотнинг ҳар бобидаги маҳосини шарифлардан баҳраманд бўлганга ўхшайди»

«Аш-Шамоил ан-набавийя»нинг XVI асрга оид ажойиб қўлёзмаси Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида ҳамда Абу Райҳон Беруний номли Шарқ қўлёзмалари марказида ҳам сақланмоқда.

Имом ат-Термизийнинг бизгача етиб келган «Ал-илал фи-л-ҳадийс» («Ҳадислардаги иллатлар ёки нуқсонлар, оғишлар») номли муҳим асари ҳам бўлиб, бу асосан икки мустақил асардан ташкил топган. Улардан бири, «Ал-илал ал-кабийр» ёки «Ал-муфрад» номи билан аталиб, кўпчилик олимларнинг фикрича, бу асар бизгача етиб келмаган. Гарчанд аксар тадқиқотчилар ҳам шундай фикрда бўлсалар-да, имом ат-Термизийнинг ҳаёти ва фаолиятига доир ­махсус рисола ёзган олим Нуриддин Атар (ушбу рисоланинг Байрутда 1988 йилда чоп этилган иккинчи нашрида) Туркиянинг қимматли қўлёзмаларга бой кутубхоналаридан бирида алломанинг «Ал-илал ал-кабийр» асарининг ягона қўлёзмасини кўргани ва ундан фотонусха олиб, ўз тадқиқотининг ушбу қайта нашрида фойдалангани ҳақида ёзади. Унинг ёзишича, ат-Термизий «Ал-илал ал-кабийр»ни таълиф этган пайтда уни бобларга бўлмаган ҳолда ёзган. Аммо кейинчалик бу ажойиб китоб олим Абу ал-Валид ал-Қозий томонидан тартибга келтирилиб, бобларга ажратилган ва китоб охиридаги мустақил бир боб ҳадислар рижжол (ровий)лари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни ўз ичига олган.

«Ал-илал»нинг иккинчиси «Ал-илал ас-сағийр» деб аталиб, у муаллифнинг бош асари «Ал-Жомеъ ас-саҳийҳ»га бевосита алоқадор бўлганлиги сабабли хотима тариқасида ушбу асарнинг охирида келтирилган. Умуман олганда, арабча «илал» сўзи «иллат» нинг кўплиги бўлиб, ўзбекча касал, бетоб, хаста, ноқис, иллатли, оғиш каби луғавий маъноларни англатади.

Кези келганда шуни таъкидлаш керакки, ҳадис илмида «илал» масаласи муҳим аҳамиятга эга бўлиб, мазкур йўналиш ҳадисларда ҳар хил сабабларга кўра ровийлар томонидан содир этилган заифлик, ноаниқлик, ғалат, хато, саҳву янглишларни тад­қиқ қилишдек ўта масъулиятли вазифа билан шуғулланади. Кўпгина муҳаддисларнинг ҳадисларга бу жиҳатдан ҳам катта эътибор бериб, асарлар яратгани, бу илмнииг ислом таълимотида ғоятда фойдали ва муҳим аҳамият касб этганидан далолат беради. Иллатли ҳадислар хусусида имом ал-Бухорийнинг устози Али ибн Абдуллоҳ ал-Мадийний, имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом ал-Бухорий, имом Муслим, имом ат-Термизий, Абу Ҳотам ва бошқалар асарлар ёзганлар. Мана шу буюк муҳаддислар орасида ҳам имом ат-Термизийнинг «илал» тўғрисидаги асарлари ҳадисларнинг тўғрилиги ва аниқлигини текширишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Убайдулла УВАТОВ,

тарих фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.