07.01.2017

ЭЛЕКТОРАТ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТЛАР

Электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда бошланғич партия ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Уларнинг фаолиятини кучайтириш партия дастурий мақсадларига эришишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика, туман ва шаҳар кенгашларида 617 бошланғич партия ташкилоти ­фаолият юритмоқда. Уларнинг зиммасига юкланаётган вазифалар кў­лами кенг, албатта.

Маҳаллий партия кенгашларининг бошланғич ташкилотлар билан алоқасини кучайтириш, депутатлар кўмагида уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Қуйи бўғинлар фаолияти таҳлилий ўрганилиб, илғор тажрибаларни оммалаштиришга жиддий эътибор берилмоқда. Энг муҳими, маҳаллий партия кенгашлари бошланғич ташкилотлар ишини тизимли ташкил этиш, етакчилар салоҳиятини ошириш борасида аниқ натижаларга эришяпти.

Хусусан, жорий йилдан «Халқ билан мулоқот қилишда бошланғич партия ташкилотлар фаолия­ти самарадорлигини ошириш» мавзусида тажриба алмашиш семинарларини ўтказиш йўлга қўйилди. Шу кунгача Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи, Тошкент аграр университети Нукус филиалидаги бошланғич ташкилотларда, «Ҳаво йўллари», «Ақ жағыс» овул фуқаролар йиғинларидаги ҳудудий партия ташкилотларида ана шундай семинарлар ташкил этилди.

Мулоқотларда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғис­тон Республика Кенгаши масъул ходимлари, ­Нукус шаҳар ва туман партия кенгашлари раислари, бошланғич ташкилотлар етакчилари, «Тарғиботчилар гуруҳи» аъзолари, партия фаоллари иштирок этди.

Тадбирлар давомида қатнашчилар бошлан­ғич партия ташкилотларининг иши билан яқиндан танишишди. Аъзолар мурожаатларини ҳал этиш юзасидан қилинган ишлар бўйича ахборотлар тингланди, партия аъзолигига қабул қилиш жараёнлари ҳақида маълумотлар берилди. Одамлар билан эркин суҳбатлар уюштирилди.

— Бошланғич ташкилотимиз ўтган йили ташкил этилган эди. Бугунги кунда сафимизда 10 нафар аъзомиз бор, — дейди Қорақалпоқ давлат санъат музейи­даги бошланғич ташкилот етакчиси ­Бибисара Юсупова. — Қисқа вақт мобайнида Нукус шаҳар кенгашининг ёрдами асосида ташкилотнинг иши самарали йўлга қўйилди. Электоратнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, партия дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Ҳафтанинг белгиланган кунида шаҳар партия кенгаши ходимларини, депутатларни изласангиз, бошланғич ташкилотлардан топасиз. Партия ­фаоллари бевосита қуйи бўғинга бориб, етакчилар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида уларга услубий, амалий ёрдам кўрсатишади. Шу билан бир қаторда, уларнинг малакасини оширишга қаратилган турли тадбирлар ўтказишади.

— Бошланғич партия ташкилотига фақатгина аъзоларни бирлаштирувчи, аъзолик бадалларини тўпловчи, тадбирларни ташкил этувчи тузилма деб қарамасдан, балки унга партиянинг ғоялари, мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқарадиган асосий бўғин сифатида муносабатда бўлишимиз зарур, — дейди «Ҳаво йўллари» овул фуқаролар йиғинидаги ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Алтингул Сапарниёзова. — Бошланғич ташкилотимизда 26 нафар аъзомиз бор. Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Абадан Ансатбаева билан бирга мурожаатларни ҳал этиб келяпмиз. Яқинда олий ўқув юртида ўқиётган талабага таълим кредитини олиб беришга ёрдам кўрсатдик.

Албатта, қаерда партия фаоллари сид­қидилдан, жонкуярлик билан ҳаракат қилса, муваффақиятлар мустаҳкамланади. Электорат ишончи оқланади. Шу маънода, бошланғич ташкилотлар электорат манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар билан чиқиши, маҳаллий партия кенгашлари, депутатлар ушбу таклифларни рўёбга чиқариш чораларини кўриши зарур бўлади. Бунинг учун қуйи бўғин етакчиси, аъзолари изланиш ва интилишдан тўхтамаслиги керак.

 

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.