05.01.2017

«ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ»

журналининг навбатдаги сони нашрдан чиқди

Мустақилликка эришганимиздан буён ўтган 25 йил давомида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир қандай ишлар амалга оширилди? Бу борада нечта конституциявий қонун ва бошқа қонунлар қабул қилинди? Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича қандай халқаро ташкилотларга аъзо? Бугун мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича қандай миллий институтлар фаолият юритмоқда?

Бу долзарб саволларга инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг муҳим мезони» сарлавҳали мақоласида батафсил жавоб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси, юридик фанлар номзоди Бахтиёр Мирбобоевнинг «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги — инсон ҳуқуқларига риоя этилишининг кафолати» сарлавҳали мақоласида Бош Қомусимиз моддалари таҳлил этилади. Айниқса, Конституциявий суд ваколатлари шарҳи билан танишиш кўпчилик учун фойдали бўлиши табиий.

Юридик фанлар номзоди Миравзал Мирзақуловнинг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат бошлиғи институти ривожланишининг тарихий-ҳуқуқий жиҳатлари» сарлавҳали мақоласида муҳим тарихий манбалар таҳлил этилади, юртимизда давлат бош­қаруви институти қарийб уч минг йиллик тарихга эгалиги тўғрисида қимматли мисоллар келтирилади. Қадимда аҳоли шикоятини ҳукмдорлар томонидан эшитиш тартиби, халқ қабули масалалари бўйича мисоллар келтирилиб, бу тартибнинг аҳамияти тўғрисида хулосалар чиқарилади.

Бекзод Жамиевнинг «Жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни» сарлавҳали мақоласида эса сиёсий партияларнинг ҳуқу­қий асослари, молиявий манбалари, сиёсий партиялар ўртасидаги ҳалол рақобат, демократик жамиятни барпо этишда кўп­партия­вийликнинг аҳамияти тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Журналнинг ушбу сонидаги бошқа мақолалар ҳам бугуннинг долзарб мавзуларига бағишланган.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.