01.01.2017

МИЛЛАТ МАСЪУЛИЯТИ

2016 йилни кузатиб, 2017 йил кутиб олинаётган шу лаҳзаларда кўнглимдан ўтаётган гапларни изҳор этгим келди.

Баъзан ҳаёт олдимизга ўринли, шу билан бирга, ўткир саволларни қўяди. Уларга жавоб топиш осон эмас, албатта.

Ватан, халқ учун нима қилдим? Тўғрисини тан олиб айтганда, ҳар биримиз ўз-ўзимизга ушбу саволни берганимизда, амалга оширган ишларимиздан кўра қилишимиз керак бўлган вазифалар кўплигига иқрор бўламиз.

Халқимиз 2016 йилда синовли кунларни бошидан ўтказди. Балки, шунинг учун ҳам ўтган йил бизни бирлаштирган, янада жипслаштирган йил сифатида тарихга айланди.

Ўзбекистон халқи ўзининг қандай халқ эканлигини яна бир марта амалда намоён этди. ­Халқимиз Биринчи ­Президентимиз Ислом Каримов васиятларига амал қилган ҳолда ягона мақсад — эркин ва фаровон Ўзбекистон давлатини барпо этиш, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилмоқда.

Мустақиллигимизнинг ўтган йигирма беш йили давомида халқимиз онгу тафаккурида юз берган ўзгаришлар жаҳон кўз ўнгида тўла намоён бўлди. Биз миллат сифатида, энг аввало, ўзлигимизни англаб етдик. ­Ватанимиз манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш маданиятига эга бўлдик. Истиқлол қадри ва масъулияти бутун вужудимизни эгаллади.

Ҳақиқатан ҳам, ўтган сўнгги ойлар халқимизни яна бир марта имтиҳон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизда демократик тамойилларга амал қилинаётганини бутун дунёга намойиш этди. Халқимиз келажаги ва тақдирини ўзи танлаган, ишонган инсонга топширди.

Ўзбекистон Президенти этиб сайланган, халқимизнинг ­меҳрини қозонган Шавкат ­Мирзиёев билан бир неча бор учрашиш, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим. У киши Конституция байрами куни менга унвон топшираётиб, камтарона меҳнатларимга юқори баҳо берди. Шунингдек, зиммамга бир қатор масъулиятли вазифаларни ҳам юклади. Бунинг биринчиси бутун умрини Самарқанд давлат университетида ўтказган, ўзбек адабиёти тарихининг билимдони, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби академик Ботурхон Валихўжаев илмий меросини янада чуқур ўрганиш, ёш авлодни ундан баҳраманд қилиш бўлди.

Ўша лаҳзаларда шогирднинг устоз олдида бир умр қарздор эканлигига, унинг ҳурматини жойига қўйиш, садоқат билан хизмат қилиш қанчалар муҳимлигига яна ва яна иймон келтирдим.

Давлатимиз раҳбарининг Конституция байрамидаги маърузаси халқимиз руҳини жуда кўтариб юборганига шахсан ўзим гувоҳ бўлдим. Унда асосий эътибор халқ фаровонлигига, юрт тинчлигига, ватан тараққиётига, қонун устуворлигига қаратилгани билан ҳам ғоятда қадрлидир.

Президентимизнинг барча даражадаги раҳбарлар халқнинг дардини эшитиши, ҳурмат-иззатини жойига қў­йиши, муаммоларини ҳал этиши, адолат тамойилларига сўз­сиз амал қилиши зарурлиги ҳа­қидаги мулоҳазалари шу халқ­нинг бир вакили сифатида қалбимни фахр-ифтихорга тўл­дирди.

«Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам – айнан шу халқ.

Шундай экан, биз, биринчи навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан.

Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан. Шунда хал­қимиз биздан рози бўлади.

Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.

Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади...»

Ушбу сўзларни эшитган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси қалбида эзгу умидлар пайдо бўлди. Одамларнинг давлатга ишончи янада мустаҳкамланди. Халқимиз қадри осмон қадар кўтарилганидан ғурурланди.

Президентимизнинг ушбу сўзларини ён дафтаримга ёзиб олдим. Назаримда, чин кўнгилдан айтилган бу самимий фикр­ларни нафақат дафтарга, балки юрагимизга ёзиб қўйишимиз керак, деб ўйлайман.

Халқнинг ҳурматини жойига қўйган, унинг дардларига дармон бўлган раҳбарнинг обрўсига обрў қўшилади.

Халққа юксак эҳтиром рамзи сифатида айтилган бундай гаплар замирида жуда чуқур маъно бор, албатта. Энг аввало, бу — халқ билан давлатнинг ҳамжиҳатлигини билдиради. Шунингдек, халқ билан давлат ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этади. Бу — одамларни рози қилишнинг энг тўғри йўлидир.

2017 йилга «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб ном берилиши замирида ҳам ушбу ҳақиқатлар мужассамлашган.

Аслида ҳам мулоқот, учрашув, суҳбат инсонларни бир-бирига яқинлаштиради. Саволларга жавоб, муаммоларга ечим топилади. Келгуси режалар тузилади. Хатолар тузатилади. Бир сўз билан айтганда, икки ўртада тушунмовчилик бўлмайди. Барча масалаларга ойдинлик киритилади. Қилинадиган ишлар маслаҳатлашилади.

Халқ билан мулоқот қилган, унинг кўнглига йўл топган раҳбарни халқ ҳам эъзозлайди, ардоқлайди, номига, шаънига гард юқтирмайди.

Бугун Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида халқ билан очиқ мулоқот қилишнинг жаҳон тажрибасида мутлақо кўрилмаган, бетакрор услуби яратилди. Буни нафақат юртдошларимиз, балки халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқда.

Президентимизнинг Алишер Навоий ҳазратларининг ижодига мурожаат қилиши Навоийнинг ихлосманди сифатида мени тўлқинлантириб юборди, ҳайратга солди: «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами». Яъни, бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди...

Бундан салкам олти аср муқаддам битилган ушбу сатрлар бугунги кунларимизга нақадар ҳамоҳанг. Халққа қилинган ҳар бир яхшилик изсиз кетмайди. Ўз натижасини беради. Яхшилик — яхшиликни, эзгулик — эзгуликни келтириб чиқаради.

Ўйлашимча, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон мамлакатимизда бошланган эзгу саъй-ҳаракатлардан четда туришни истамайди. Чунки бутун халқимиз бу хайрли ишлар фарзандларимиз, набираларимиз бахти, улар биздан кўра яхши яшаши, илм эгаллаши учун қилинаётганини юрак-юрагидан ҳис этмоқда. Бир сўз билан айтганда, барчамиз ватанимиз келажаги учун, миллат шаъни учун масъул эканимизни унутишга ҳаққимиз йўқ.

 

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети профессори,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: