29.12.2016

ХАЛҚ ЭҲТИРОМИ

Маълумки, Эркин Воҳидов 1936 йил, 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида таваллуд топган. Куни кеча пойтахт Тошкент, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан шоир-ёзувчилар, олимлар, ардоқли ижодкорнинг оила аъзолари Фарғона вилоятига ташриф буюришди. Қўқон кўчаларига Эркин Воҳидов мухлислари сиғмай кетди. Мусиқали драма театри фойесига қўйилган сурати пойи алвон гулларга кўмилди. Театрда шоир ижодига бағишланган адабий-бадий кеча бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али Аҳмедов, Ўзбекистон халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Энахон Сиддиқова мамлакатимизда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор, Эркин Воҳидовнинг ижоди, ибратли фазилатларини эътироф этишди.

Олтиариқ туманидаги тадбирлар ҳам ўзига хос бўлди. Беглар маҳалласидаги Тошқўрғон кўчаси 9-хонадон уй музейига айлантирилди ва шу куни унинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Фарғона вилояти хокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этиб, Эркин Воҳидов сингари инсонлар ҳаёти ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Уй музейи шоир ижодий фаолиятига боғлиқ ноёб экспонатлар, фотоҳужжатлар билан тўлдирилган. Уни ташкил этишда шоирни таниган, билган ҳамюрт­лари ҳам ёрдам кўрсатишди.

— Эркин Воҳидов бошланғич синфда бизнинг мактабда ўқигани, отаси Чўянбой Воҳидовнинг Иккинчи жаҳон уруши давригача шу мактабда директор бўлиб ишлаганидан биз фахрланамиз. Шундай улуғ шоир ўқиган мактабда ўқиётганлигидан ўқувчиларимиз ҳам ғурурланишади, — дейди 3-умумтаълим мактаби директори Манзурахон Алиёрова.

Ўзбекистон ҳалқ шоири Анвар Обиджон устознинг ўзига хос инсоний фазилатлари, ота юртга меҳр-муҳаббати хусусида сўз юритди. Шоирнинг ўғли Хуршид Воҳидов юксак эътибор учун оила аъзолари номидан давлатимиз раҳбариятига, вилоят аҳлига миннатдорчилик билдирди. Учрашувда ёшлар Эркин Воҳидов шеърларидан намуналар ўқишди:

Сўлим Фарғонанинг мунис бағрида

Бор Олтиариқдан сув ичган қишлоқ.

Унда чорак аср мендан нарида

Болалигим чопар тўзғитиб тупроқ...

Марғилон юртимизнинг маърифат ва маданият ривож топган масканларидан бири. Шаҳар марказидаги истироҳат боғида ҳар йили қўшиқ, шерият, аския сайл­лари ўтказилади. Навбатдаги маънавий-маданий анжуманда боғга Эркин Воҳидов номи берилгани эълон қилинди.

Фарғона отчопари узоқ йилларки, бугунгидек гавжум бўлмаган. Водийнинг энг номдор чавандозлари Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб ташкил этилган от спорти ўйинларида иштирок этиш учун бу ерга келишди. Қизқувди билан бошланган мусобақалар улоқ билан давом этди. Минг­дан зиёд энг чопқир отлар, уларга қамчи босган забардаст чавандозлар бош соврин учун курашишди.

Бир ёнда эса туманлардан келган 20 нафар ошпазнинг ҳар бири юз килодан ош дамлаб, меҳмонларни кутмоқда. Ҳамманинг юзида қувонч, тилида Эркин Воҳидов номи...

Мустақиллик йиллари Фарғона шаҳри мутлоқо янги қиёфа кашф этди. 56 гектарли сайлгоҳ хиёбон тўрига оқ мармардан қурилган вилоят театр-концерт саройи тадбир бошланмасдан бир неча соат илгариёқ адабиёт ихлосмандлари, шоир мухлислари билан тўлиб тошганди. Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадий хотира кечаси унинг иштирокчилари ёдида бир умрга қоладиган бўлди. Сўзга чиққан шоирлар, адабиётшунос олимлар, мухлислар шундай бахтли кунга етказгани учун яратганга шукроналар айтишди, Эркин Воҳидов ўз ижоди билан ўзбек адабиётида асрлар давомида бўй бериб турувчи ҳайкал қўйганини эътироф этишди.

— Эркин ака халқи ва Ватанини охирги нафасгача куйлаб ўтдилар, — деди шоирнинг рафиқаси Гулчеҳра опа анжуманда сўзга чиқиб. — Кўрсатилаётган қадр-қиммат, оқибат ва ардоқли сўзлар учун оиламиз номидан ташаккур билдирамиз.

Икки кун фарғонада Эркин Воҳидов ёзган шеърлар янгради, шоир ҳаёти билан боғлиқ воқеалар хотирланди, ҳофизлар унинг шеърларига битилган қўшиқларни куйлашди.

— Эркин Воҳидов буюк шоир, давлат ва жамоат арбобигина эмас, ўз Ватанини юрак-юракдан севган, ҳар биримизга ибрат бўлган инсон ҳам эди, — дейди олтиариқлик фермер Лолахон Муродова. — Ўн, юз йиллар ўтар, лекин бу шоир ижоди ва инсоний фазилатлари тиллардан-тилларга, диллардан-дилларга кўчиб юраверади.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.