Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
29.12.2016

ЭЛ-ЮРТ ЭЪЗОЗИДАГИ ШОИР

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида шу кунларда мамлакатимизнинг шаҳар-қишлоқларида ўзбек халқининг садоқатли фарзанди, ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган шоир ва адиб, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги кенг ва тантанали нишонланмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, ҳудудий ташкилотлари ҳам кўплаб маданий-маърифий тадбирларни ўтказмоқда.

Тошкент шаҳар партия кенгаши ташаббуси билан ўтказиладиган тадбирга йўл оларканман, Ёзувчилар уюшмасининг адабий маслаҳатчиси, шоира Мунаввара Усмонова билан ҳамроҳ бўлдик. Салом-аликдан сўнг гапни ижод олами ҳақидаги суҳбатга бурдим.

Шу кунларда адабиётимиз, маънавиятимиз фидойиларидан бири бўлган, ҳурматли устозимизнинг 80 йиллигини нишонлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Аҳоли билан учрашувларда шеъриятга, китобга муносабатдан диллар яйрамоқда. Айниқса, шеър ўқиётган ёшларнинг кўзларидаги ёлқинни кўриб, Ватанга бўлган меҳрини ҳис қиласиз ва биз танлаган эзгу йўл қанчалар тўғри эканига яна бир бор амин бўласиз...

Шоира яна бир қанча фикр­лар айт­ди. Суҳбат қизиди...

Аслида ижодга меҳр қўйган одамдан ёмонлик чиқмайди. Чунки улар инсон умри капалак умридек бир зумда ўтиб кетишини тушунади. Шунинг учун яхшилик ҳақида сўзлашга, ёзишга ошиқади...

Шаҳар партия кенгаши ҳамда Мир­обод туман ҳокимлиги ҳамкорлигида Тошкент давлат фармацевтика инс­титутида бўлиб ўтган тадбирда ана шундай дилбар сўзлар таъкидланди.

— Эркин ака оқ халат кийган касб эгаларини жуда ҳурмат қиларди. Дўстларининг 80 фоизи тиббиёт соҳаси ходимлари, олимлар бўлгани боис қизларини шифокорлар оиласига узатди, — дея сўз бошлади адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуров. — Агар шифокорлар одамларнинг ҳаётига қайтадан йўлланма берса, ёзувчи ва шоирлар сўз билан инсонга мал­ҳам, дардига дармон бўлади. Шоир ҳақида гап кетганда, болаликни хотирламаслик мумкин эмас. Эркин ака билан Тахтапулдаги 22-мактабда бирга ўқиганмиз, бирга ўсганмиз. Барча ўқитувчилар, айниқса, физика, геометрия, алгебра, адабиёт фани ўқитувчилари Эркин акани бир-биридан қизғонар эди. У киши биздан бир ёш катта бўлиб, 1936 йил 28 декабрда туғилган, мен 1937 йил 27 декабрда туғилганман. Шоир давраларда «Иброҳимжон мендан бир кун олдин ва бир йил кейин туғилган!», деб ҳазиллашарди.

Эркин ака нафақат адабиёт фанидан, балки аниқ фанлар бўйича ҳам жуда иқтидорли эди. Уни ҳамма келажаги порлоқ олим бўлади, деб ўйларди. Масалаларни ҳам китобда йўқ формулалар асосида ечишга уринарди. Сал кейинроқ ундаги адабиётга бўлган меҳр кучайиб, шеър ёза бошлади. Кутубхонадаги барча китобларни ўқиб чиққани боис, пойтахт марказидаги кутубхоналарга қатнай бошлади. У бош­қаларга ўхшамасликни ёқтирарди. Ҳатто шоҳмотда ҳам оддий ўйнамас, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган юришлар қўллар эди...

— Инсон ҳақиқий шоир бўлиши учун унинг виждони, имони пок бўлиши керак. Халқни чин дилдан севиши лозим. Ана шундагина у иккинчи ҳаётда яшайди. Яъни, вафотидан сўнг ҳам бар­ҳаёт сиймо сифатида умр кечиради, — деди таниқли адабиётшунос олим Омонулла Мадаев. — Шоир ва ёзувчилар инсонларни тўғри йўлга бошлай олади. Боиси, улар сизу бизнинг нигоҳимиз илғамаган нарсаларни кўриш қобилиятига эга. Масалан, фақат ўрик дарахтигина барг чиқармасдан гуллайди. Шоир буни «Қуёш этагига оқ булут боғлаб, Ўрик шохларида қовурди бодроқ», дея таърифлайди.

Эркин ака ҳаётни ўта синчковлик билан кузатиб, чуқур хулосалар чиқарарди. Унинг қуйидаги фикри буни исботлайди: «Одамларнинг тафаккур кучи ортиб боргани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ, шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли ҳолдир»...

Мумтоз шеърият билан замонавий шеъриятни боғлаган шоир чин маънода ошиқ эди. Унинг ҳар бир сатри одамни ҳайратга солади.

Шунингдек, тадбирда китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳақида сўз борди. Китоб нутқ ҳамда тафаккурнинг чархи экани таъкидланди. Маънавиятли инсон жамият равнақига хизмат қилади, мамлакатни ҳар қандай таназзулдан сақлайди, уни тараққиёт сари етаклайди. Кўпни кўрган олим устозлар бу ҳақда ибратли фикр­лар айтишди.

Тадбирда Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси ўринбосари Нилуфар Юлдашева, Тошкент давлат фармацевтика инс­титути проректори, профессор Рустам Турсунов, доцент Раҳимбой Жуманиёзов ҳамда талабалар Эркин Воҳидов шеърияти, улуғ шоир қолдирган маънавий мероснинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти ҳақида илиқ фикр-мулоҳазалар билдирди.

— Бугунги тадбирда айтилган гаплар адабиётга, китобга бўлган меҳримни оширди, — деди институт талабаси Санжар Юсупов. — Эркин Воҳидов шахси, ижодини ўзим учун янгидан кашф этдим. У нафақат адабиётга улкан ҳисса қўшган, балки биз ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, боқий шеърлар битган.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: