29.12.2016

ФУҚАРОЛИК

шахс сифатида барча ҳуқуқларга эга бўлишдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида»ги фармони жамиятимиз ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди. Ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан Тошкент давлат юридик университети доценти, юридик фанлар номзоди Хушвақт Ҳайитовга айрим саволлар билан мурожаат этдик.

— Сизнингча, ушбу фармон инсон ҳуқуқларини таъминлашда қандай аҳамиятга эга? Унинг моҳияти ҳақида ўз фикрларингизни билдирсангиз...

— Аввало, бу ҳужжатни фуқаролик берилишини сўраб мурожаат этган инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва муҳофаза қилиш борасидаги улкан ютуқ сифатида баҳолаш жоиз, деб ўйлайман. Чунки фармонга мувофиқ, 179 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Бу эса ушбу шахслар ва уларнинг оила аъзолари учун улкан имконият сифатида фахр, хурсандчилик, мамнунлик туйғусини бахш этиши шубҳасиз. Фуқаролик сабабли ушбу шахслар Ўзбекистонимизда яратилган барча шароитлардан эмин-эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлди ҳамда кўпгина сиёсий ҳуқуқларни қўлга киритди.

Ўз мазмунига кўра, фуқаролик шахснинг шу мамлакат тақдири билан ўз тақдирини чамбарчас боғлашига оид сиёсий-ҳуқуқий ҳодисадир. Таъкидлаш лозимки, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари даражаси, шунингдек, унинг бурчлари ушбу шахсда маълум бир давлат фуқаролигининг мавжудлиги билан бевосита боғлиқ. Фуқаролик миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ нормаларининг ўзаро мутаносиблиги ифодаланган институтдир. Мазкур масала бўйича миллий қонунчиликдан таш­қари давлатларнинг фуқаролик масалаларини тартибга солувчи икки ва кўп томонлама шартномалари ҳам мавжуд.

Фуқаролик — бу мустаҳкам, узоқ давом этадиган сиёсий ҳуқуқий алоқа бўлиб, фуқароларнинг давлатга тегишли эканлигини ҳамда унинг ушбу мамлакатдаги барча ҳуқуқларга ва мажбуриятларга эга эканини англатади. Бу алоқа фуқаро билан давлатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларига асосланади. Бундай мақомга эга бўлиш инсон учун тўла маънода ўз ҳуқуқи ва эркинликларини амалга ошириш, олган барча мажбуриятларини бажариш имкониятини беради.

Ҳар бир шахснинг фуқаро бўлиш ҳуқуқи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Хусусан, 1948 йилда қабул қилинган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси» 15-моддасининг 1-бандида ҳар бир инсоннинг фуқаро бўлиш ҳуқуқи борлиги кўрсатилган бўлса, 2-банд­да ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз фуқаролигидан ёки фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмаслиги кўрсатиб ўтилган. «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги хал­қаро пактнинг 16-моддасида ҳар бир шахс қаерда бўлишидан қатъи назар, унинг субъект­лик ҳуқуқи тан олиниши ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган бўлса, 24-моддасининг 3-бандида ҳар бир бола фуқаролик олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган.

—      Қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжат муайян асосларга таянади. Умуман, фуқароликка қабул қилиш масаласи қонунчиликда қандай белгиланган?

— Фуқаролик ҳуқуқий мақомининг асосий қоидалари Кон­с­­титуциямиз нормалари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган. Масалан, Бош қомусимизнинг 19-моддасида «Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар», де­йилган. Унинг 21-моддасида эса «Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир. Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади. Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун билан белгиланади», деб кўрсатилган. Ушбу асослар ҳамда тартиб «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги қонунда ҳам белгилаб қўйилган.

Конституциямизнинг 93-моддаси 22-бандига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига оид масалаларни ҳал этишга ҳақлидир. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддасига биноан, Президент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш, чет элда яшаётган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президентига тегишли илтимоснома билан мурожаат этган тақдирда уларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тиклаш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.

— Албатта, фармоннинг ижтимоий-сиёсий, қолаверса, маънавий аҳамияти ҳам жуда юқори...

— Тўғри таъкидладингиз, мазкур фармоннинг қабул қилиниши чин маънода юртдошларимизнинг кайфиятини, руҳини янада кўтариб юборди. Чунки мамлакатимизда яшаб шу юрт, шу халқ учун хизмат қилишни истайдиган, ўз тақдирини шу Ватан келажаги билан уйғун тасаввур қиладиган фуқароларимизнинг кўпайиши ижобий ҳолатдир.

Инсоннинг қадри эъзозланган юртда файз бўлади, барака бўлади. Агар фуқароликка қабул қилинган инсонларнинг оила аъзоларини ҳам ҳисобга олганда, яна юзлаб кишиларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланганини тушуниш, ҳис қилиш қийин эмас. Қолаверса, бу каби инсонпарвар сиёсат одамлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик сингари қадриятлар улуғланишига хизмат қилади.

—      Фуқаролик билан боғлиқ масалалар дунё тажрибасида қандай ҳал этилади? Шу ҳақда ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз...

— «Фуқаро» атамасидан илк бора 1789 йилги Франциянинг Инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари декларациясида фойдаланилган ва у юридик жиҳатдан мустаҳкамланган эди. Вақт ўтиши билан бу институт халқаро ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлди ва шахснинг давлатга тааллуқлилигини ифодалади. Ушбу термин аслида барчанинг қонун олдида тенг­лигини англатган.

Фуқароликни қўлга киритишнинг асосий йўлларидан бири туғилганлик бўйича, яъни «filiatia» (филиация) йўли билан фуқароликни олиш ҳисобланади. Бунда икки хил асосга таянилади. Биринчиси «қон ҳуқуқи» деб номланади. Унга кўра, бола қаерда туғилганидан қатъи назар ота-онасининг фуқаролигини олади. Иккинчиси «замин ҳуқуқи» дейилади. Яъни, бола қайси давлат ҳудудида туғилган бўлса, ота-онасининг фуқаролигига қарамай, ўша давлат фуқаролигини олади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: