27.12.2016

ЭРКИН ВОҲИДОВ ПУБЛИЦИСТИКАСИГА ЧИЗГИЛАР

Таниқли шоир, адиб, драматург, мунаққидлар айни чоғда моҳир публицистлар ҳам бўлишади. Эркин Воҳидов машҳур шоир, ёзувчи, таржимон бўлиш баробарида ўткир, сермаҳсул публицист ҳам эди. Салкам олтмиш йил давомида матбуот саҳифаларида унинг мақола ва интервьюлари, очерк ва эссе­лари, хат ва сафарномалари босилиб, эфир, экран тўлқинларида янграб турди, аксарияти кейинчалик «Шоиру шеъру шуур», «Изтироб», «Дил тубига чўккан лаҳзалар», «Сўз латофати» каби китоблари, кўп жилдликларидан, турли тўпламлардан жой олди.

Қаҳрамон шоирнинг бадиияти ва публицистикаси ажиб тарзда бир-бирини тўлдириб, бойитиб туради. Зеро, Эркин Воҳидов «Ёшлик» журналини бошқарган, радиода тез-тез чиқиб турган, ойнаи жаҳонда «Ғазал оқшоми» кўрсатувини олиб борган, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти раҳбари сифатида кўплаб публицистик асарларнинг чоп қилинишида иштирок этган. Бир қатор таҳририятлар аъзоси бўлган. Бир сўз билан айтганда, бир умр мазкур соҳанинг бевосита ичида бўлган эди.

Эркин Воҳидовнинг публицистикаси мустабид замонга хос бўлган ҳайбаракаллачи, офаринчи, яшасинчи, ҳамду саночи публицистика эмасди, шиорлар публицистикаси ҳам эмасди, аксинча, жамият ижтимоий, иқтисодий, маънавий ҳаётининг долзарб, оғриқли мавзу, ­муаммоларини дадил кўтариб чиқувчи, халқнинг ичга, юрак тубига ҳайдалган дард-изтироблари, орзу-армонларини ошкора юзага чиқарувчи, ўжар далиллар, кутилмаган қиёслар, ўткир мантиқий муҳокамалар, жасоратли фикрлар билан очиб берувчи теран, мардона, мароқли публицистика — мақола ва тақризлар, интервью-суҳбатлар, очерк ва эсселар, хат ва сафарномалар эди.

Бу жиҳатдан шоирнинг 1986-1991 йилларда — юртимиз тарихи, халқимиз тақдири учун энг синовли, масъулиятли, бошида азобли, таҳликали, охирида умидбахш, фараҳли даврларда ёзилган, тўғрироғи, юрак қони билан битилган публицистикасидан таркиб топган «Изтироб» китоби алоҳида эътирофга лойиқдир. Ушбу китоб нафақат шоир ижодида, айни чоғда ўзбек бадиий публицистикасида муҳим воқеа бўлган эди.

Ўтган аср саксонинчи йиллари иккинчи ярмидан турфа фикрлик, плюрализм эпкини эса бошлагач, бу жанрларга бир қадар йўл очилди, собиқ иттифоқ тарқаб, компартия барҳам топгач, имконият эшиклари янада кенг очилди. Иккинчи томондан, интервью, суҳбат қўш­фаолият, қўшмаҳорат маҳсули, савол берувчидан ҳам, жавоб олувчидан ҳам топқирлик, дадиллик, журъат талаб этилади.

Юртимизнинг оғир ижтимоий, иқтисодий аҳволини янги раҳбар бўлиб иш бошлаган Ислом Каримов биринчи бўлиб журъат, қатъият билан айтди. Унинг жасорати, ғояларидан куч, илҳом олиб, янги мисол, далиллар келтириб ёзганлардан бири Эркин Воҳидов бўлди.

Эркин Воҳидов сўз заргари бўлиши баробарида тилимиз жонкуяри, хазинабони, посбони ҳам эди. Тилимиз тақдири ҳақида вақт топганда, ҳуши келганда ёзадиган ҳамкасбларидан фарқли равишда шоиримиз кун сайин, ой сайин, йил сайин она тилимиз ташвиши, қай­ғуси билан яшаган, курашган, ижод қилган. Гўзал шеър ва ғазаллари, дониш мақола ва суҳбатлари, мароқли драма ва таржималари билан унинг беқиёс бойлиги, таровати, нозик товланишларини амалда кўрсатиб, исботлаб келган.

Ҳали тил муаммолари бу қадар долзарб бўлмаган 1976 йилдаёқ «Она тилим ўлмайди», деган ҳайқириқли публицистик шеър ёзиб, вақти келиб, тиллар йўқолади, дунёда бир тил қолади, деган мутлақо асоссиз, мантиқсиз фикрга қатъиян қарши чиққан эди. Шу ўринда шеър билан публицистика эҳтирос, ҳаяжон жиҳатдан ўзаро яқинлигини шоирнинг «Ўзбегим», «Инсон», «Бонг уринг», «Арслон ўргатувчи», «Руҳлар исёни», «Халқ ­депутатларига» каби шеърлари минбарий публицистиканинг етук намуналари саналишини алоҳида таъкидлашни истардим.

Она тилимиз муаммолари ўтган асрнинг саксонинчи йиллари иккинчи ярмида, демократия, ошкоралик, турфа фикрлилик тўлқинларида қалқиб чиқди, кун тартибига тобора кенгроқ, жиддийроқ, қатъийроқ қўйила бошлади, қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида авж нуқтасига чиқди. 1989 йил июнида лойиҳа матбуотда босилиб, муҳокамага қўйилгач, Эркин Воҳидов биринчилардан бўлиб «Ўзбекча саломга ўзбекча алик бўлсин» деган кескин руҳдаги мақола билан чиқиш қилди. Ниҳоят, тўрт ойлик муҳокамадан кейин лойиҳа қайта ишланиб, 21 октябрда қонун қабул қилинди.

Халқ шоири йиллар бўйи ёзган давомли мақолаларини жамлаб, 2014 йили «Сўз латофати» номли гўзал китобни нашр эттирдики, замонавий «Муҳокамат-ул луғатайн» бўлибди, деган юксак баҳога сазовор бўлган ушбу асарга кўплаб мақола, тақризлар бағишланди, камина ҳам «Латофатнома» отлиқ мақоламда, китобнинг «Дастурхон» деб аталган сўнгги боби хотимасидаги кексалар дуосидан фойдаланиб: «Ширин-шарбат, манзил обод, экканнинг (йиққан, ёзганнинг), тикканнинг (босган, чоп этганнинг), еганнинг (ўқиб, ҳузур қилганнинг) отасига раҳмат, омин» — деб тугатган ва бу шоирга жуда маъқул бўлган, қўнғироқ қилиб, миннатдорлик билдирган эди. Муаллиф публицистикасида янги давр адабиёти, санъ­ати, маънавияти ҳақида чўнг, мақбул фикрлар айтилганки, замондошларнинг «То қуёш сочгайки нур» отлиғ салмоқли тўпламида бу хусусда кўп фикрлар билдирилган.

Президентимизнинг буюк шоиримиз Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида чиқарган қарори нафақат Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоирига улкан ҳурматнинг, айни чоғда адабиётимизга кўрсатилаётган катта эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.

 

Сайди УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.



DB query error.
Please try later.