27.12.2016

ИЗЧИЛ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЮКСАК САМАРАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 25 декабрь куни Навоий вилоятидаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Навоий вилоятида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар ободонлашиб, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, таълим ва тиббиёт муассасалари, боғ ва хиёбонлар бунёд этилаётир.

Истиқлол йилларида Навоий вилояти мамлакатимизнинг саноати ривожланган ҳудудларидан бирига айланди. Маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳажми ошмоқда. Саноат корхоналарини техник ва технологик қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Президентимиз дастлаб «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасига ташриф буюрди. Комбинатда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ишлар, иқтисодий кўрсаткичлар ва истиқболдаги режалар билан танишди.

«Навоий кон-металлургия» комбинати мамлакатимиздаги энг йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхонада 2017-2021 йилларда 16 янги йирик лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳаларни ўз вақтида ва юқори сифат даражасида амалга ошириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Навоийазот» акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган янги йирик лойиҳалар билан танишди. Биринчи лойиҳа каустик сода ва метанол ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиб, йилига 260 миллион долларлик маҳсулот тайёрлаш ўзлаштирилади. 900 дан зиёд янги иш жойи ташкил этилиши кўзда тутилган мазкур лойиҳа тўла маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлайди.

Иккинчи лойиҳа доирасида аммиак карбамид ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Йилига 173 миллион долларлик маҳсулот тайёрлаш имконини берадиган мазкур корхонада 500 га яқин иш ўрни ташкил этилади.

Азот кислотаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган учинчи лойиҳа энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради. Бу ерда тайёрланган маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилиши билан бирга экспортга ҳам жўнатилади. Корхона ишга тушиши билан азот ўғитларининг нархи сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мазкур янги лойиҳаларни тез ва сифатли амалга ошириш иқтисодиётимиз ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Президентимиз «Навоий» эркин иқтисодий зонасида бўлиб, бу ердаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.

Бугунги кунда «Навоий» эркин иқтисодий зонасида 18 корхона самарали фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналарда 100 дан ортиқ турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2008 йилда ташкил этилган мазкур эркин иқтисодий зонада бугунги кунда Хитой, Сингапур, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Италия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия каби давлатлар билан ҳамкорликда автомобиль саноати учун зарур эҳтиёт қисмлар, энергетика тизимида фойдаланиладиган кабель, рақамли телемосламалар, маиший электрон техникалар ва бош­қа харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

2015 йилда мазкур иқтисодий зонадаги корхоналар томонидан 184 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Президентимиз иқтисодий зона фаолиятини янада такомиллаштириш, хорижлик янги ҳамкорларни жалб этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш лозимлигини, истиқболдаги вазифалар ғоят салмоқли эканини алоҳида таъкидлади. Иқтисодий зонада яратилган улкан имкониятлар, имтиёзлар, шарт-шароитлардан тўла, самарали фойдаланиш зарурлиги, бу иқтисодиётимиз учун муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари «Навоий» эркин иқтисодий зонасида 2017 йилда ишга туширилиши режалаштирилган 15 лойиҳа билан танишар экан, уларнинг замонавий технологияларни ўзлаштириш, иқтисодиётимизни диверсификация қилиш, импортни қисқартириш ва экспорт ҳажмини оширишдаги аҳамияти катта эканлигини алоҳида таъкидлади. Мазкур иқтисодий зона фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди.

 

 

А.ЎРОЗОВ,

ЎзА махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.