27.12.2016

«ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАЛАРИ» БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШАДИ

Янги йил арафасида жойларга етказиладиган ўқув анжомлари, турли ширинликлардан иборат «Президент совғалари» кичкинтойлар учун унутилмас туҳфадир.

Бу йил ҳам Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, «Sen yolg»iz emassan» республика жамоатчилик болалар жам­ғармаси томонидан ушбу байрамни юксак савияда ўтказиш учун қизғин ҳозирлик кўрилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари ўғил-қизлари, «SOS — болалар маҳаллалари» тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар учун Президентимизнинг Янги йил сов­ғалари етказилмоқда.

Фарзандларимиз бахту камоли йўлида кўрсатилаётган улкан ғамхўрликлар уларни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб улғайтириш, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётир. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар давлатимизнинг доимий ғамхўрлиги ва эътиборидадир.

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, маданият ва санъат саройларида Янги йил байрами тадбирларига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

— Ҳар йили Янги йил арафасида «Президент арчаси» шодиёналари тинч-осойишта кунларимиз, осмонимиз мусаффолигию, истиқлол неъматларига шукроналик туйғулари билан уйғун бўлади, — дейди Халқ таълими вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Баҳриддин Шайвалиев. — Болалар учун беғубор орзу-умидлар байрамига айланган ушбу тантаналар давомида Президентимиз совғалари кичкинтойларнинг қувончига қувонч қўшади. Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тақдим этиладиган 12 номдаги ўқув қуроллари ва 15 номдаги ширинликлардан иборат бўлган совғалар тайёрланди. Президент совғалари Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига автотранспортда, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг самолётлари орқали жорий йилнинг 25-28 декабрь кунлари жадвал асосида етказиб берилмоқда.

Совғалар 29 декабрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда ташкил этиладиган «Президент арчаси» тадбирларида кичкинтойларга тантанали равишда топширилади.

 

А.ҚИЁСОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.