24.12.2016

ИЛМ ЙЎЛИ

Бутун умрини физика-математика фани ривожига бағишлаган профессор Ғанижон Икромовнинг илмий тадқиқотлари кенг жамоатчилик томонидан тан олинган, эътироф этилган.

Инсон умри қандай ишларни амалга оширгани, жамиятга, Ватанига келтирган фойдаси, тарбиялаган шогирдлари, ёзган китоблари, қилган яхшиликлари билан ўлчанади. Шу маънода, илм ўрганиш ва уни бошқаларга ўргатиш таниқли олим Ғанижон Икромовнинг умр мазмунига айланди. Ўз касбига садоқат билан қилинган меҳнат самарасини бериб, домла эл-юрт ўртасида катта ҳурмат қозонди.

Бундан олтмиш уч йил муқаддам Жиззахдаги мактабни тамомлаган Ғанижон Икромов Самарқанд давлат университетининг физика-математика факультетига ўқишга кирди. Талабалик йилларида у ўзининг тиришқоқлиги, ташаббускорлиги билан устозларининг эътиборини қозонди. Ўқишни имтиёзли диплом билан тугаллаган бўлғуси олим йўлланма билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтига ишга юборилди.

Мазкур институтда у катта лаборант, муҳандис, катта илмий ходим вазифаларида ишлади ва номзодлик диссертациясини ёқлади. Ғанижон Икромов салкам чорак аср давомида Самарқанд педагогика институтида кафедра мудири, ўқув ишлари бўйича проректор, ректорлик лавозимларида фаолият кўрсатди.

Шу билан бирга, олим устозлари — академиклар Гурий Петровский, Шавкат Воҳидовлар илмий раҳбарлигида изланишлар олиб борди. Айниқса, академик Шавкат Воҳидов Ғанижон Икромовнинг илмий салоҳиятига юқори баҳо бериб, уни қўллаб-қувватлади. Ана шулар натижасида республикамиздаги бир қатор илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-текшириш лабораторияси ташкил этилди ва олим бу ерда шогирдлари — Иззатулла Нуриддинов, Искандар Исаев, Абдулла Абдуллаев, Маннон Ваҳобов, Амриддин Салоҳиддиновлар билан биргаликда оптик шишаларда термарадиацион ҳодисаларни текшириш мавзуида илмий-тадқиқотлар олиб борди.

Узоқ йиллик машаққатли меҳнат натижасида Ғанижон Икромов раҳбарлигида Санкт-Петербургдаги давлат Оптика институти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти билан ҳамкорликда қаттиқ жисмлар радиацион физикаси соҳасидаги кенг қамровли илмий-тадқиқот ишлари йўлга қўйилди ва замонавий воситалар билан жиҳозланган «Терморад» ва «Стандарт» илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этилди. Бу лабораториялар қаттиқ жисм­ларда терморадиацион жараёнларни тадқиқ қилиш борасида алоҳида аҳамият касб этди. Ўтказилган тадқиқотлар самараси сифатида Ғанижон Икромов раҳбарлигида қаттиқ жисмлар радиацион физикаси соҳасида яратилган илмий мактабдан фан докторлари ва номзодлари етишиб чиқди.

Ғанижон Икромов қаттиқ жисмлар радиацион физикаси, нур ўтказувчи оптик толалар физикаси, магнит ҳодисаларига бағишлаб ўтказилган кўплаб халқаро ва минтақавий илмий конференцияларда иштирок этиш билан бирга, ана шу мавзуларга бағишлаб Самарқандда ўтказилган халқаро анжуманга ҳамраислик қилди ва унинг шогирдлари томонидан олиб борилаётган илмий-тад­қиқотлар анжуман иштирокчилари томонидан юксак баҳоланди.

Олим томонидан олиб борилган изланишлар космосни ўзлаштириш соҳасига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. Ерда ҳамда махсус космик шароитда олинган оптик шишаларнинг радиацион хоссалари фар­қли эканлиги, айниқса, космик шароитда ишлов берилган шишалар хоссалари ерда терморадиацион шароитда олинган шишаларнинг хоссаларига ўхшаш эканлигининг исботланиши ўз вақтида илмий жамоатчиликни ҳайратлантирган эди.

Ғанижон Икромовнинг ярим аср­дан кўпроқ вақт давомида олиб борган илмий ишлари бугунги кунда 2 ихтиро, 4 монография, 250 дан ортиқ илмий мақолаларда ўз аксини топган.

Донолар айтганидек, илм йўли игна билан қудуқ қазишдай риёзатга тенг ва унга умрини бағишлаган инсон бахт-саодат топади, комилликка эришади. Буни Ғанижон Икромов ҳаёт йўли мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.