24.12.2016

ҲАЛОЛ МЕҲНАТ — ҚУТ-БАРАКА, ТЎЙУ ТАНТАНА

Қашқадарё вилоят аҳлининг Ҳосил байрамидан репортаж

17 декабрь, шанба куни. Соат тонгги еттидан энди-энди ўта бошлаган палла. Изғирин. Совуқ ёмғир томчилари юзга урилади. Қир-адирлар оралаб ўтган йўл тўғри Калкама сув омборига етказади. Узоқдан Зарафшон тизма тоғларининг оппоқ қор қоплаган чўққилари кўзга ташланади...

 

КЕНГЛИКЛАР ҚЎШИҒИ

Кенгликларнинг адоғи кўзга илинмайди. Бепоён. Ҳайитқул номли қишлоққа бориб боғланадиган қир-адирлар бағрида чироқчиликлар эзгу ният билан «Наврўз са­йилгоҳи» барпо этишибди. Қамровини ҳам айтишди — 92 гектар. Шунча майдонда саноғини бирдан айтиш қийин бўлган ўтов ва замонавий чодирлар тикланибди, дошқозонлар қайнаб ётибди. У қирдан бу қирга пойи-пиёда ёки от чоптириб ўтаётганлар жуда кўп эди.

Мен ҳам юриб, энг баланд тепалардан бирига чиқдим ва яқинда халқ сайлаган раҳбаримизнинг Биринчи Президентимиз ҳақида айтган ушбу гапларини хаёлимдан ўтказдим: «У киши бу воҳани беҳисоб бойликлар кони бўлган Ўзбекистон хазинаси деб таърифлар, Қашқадарё аҳлини эса ҳар қандай шароитда ҳам ишонса бўладиган, меҳр-оқибат, одамийликни жойига қўядиган, бағрикенг ва жасоратли эл сифатида ўзининг ҳақиқий маслакдошлари деб биларди...»

Бу сўзлар ҳар бир қашқадарёлик учун олтиндан қиммат. Истиқлол йилларида воҳа гуллаб-яшнади, тараққий топиб, мамлакатнинг қудратли таянчига айланди. Айни пайт­да вилоят мамлакат миқёсида табиий газнинг 70 фоизини, нефтнинг 78 фоизини, газ конденсатининг 80 фоизини, ғалланинг 13 ва пахтанинг 14 фоиздан зиёдини тайёрлаб бермоқда.

Ҳар йилнинг ўз сарҳисоби ва ўйлари бор. Хусусан, деҳқончилик ҳамиша бирдек бўлиши қийин. Бу об-ҳавонинг келиши, тупроқ унумдорлиги, сув таъминоти каби кўплаб омилларга чамбарчас боғлиқ. Ростига кўчсак, бу йил анча мураккаб келди. Шунга қарамай, воҳа деҳқонлари ғалла шартномасини ошириб адо этишди. Очиғи, пахта етиштириш ҳам, териб олиш ҳам ҳамиша машаққат. Бу йил 157 минг 200 гектар майдонда деҳқончилик қилинди. Жаҳон бозорида юқори баҳоланадиган пахтанинг «Бухоро-6, 8, 102» навлари қатори яна ўндан ортиқ янги хили, жумладан, 5 минг гектарга «Порлоқ» нави ҳам экилди. Натижада вилоят шарт­нома режасини ошириб адо этди. Агар шу кунгача етиштирилаётган пахта толасининг 8-10 фоизи вилоятнинг ўзида қайта ишланаётган бўлса, келажакда бу кўрсаткич камида 40 фоизга етади.

Вилоятда бошқа соҳалар ҳам жадал ривож топмоқда, истиқбол режалари тузилмоқда. Масалан, келгуси беш йилликда вилоятда гўшт етиштириш 1,3, сут 1,5, тухум 1,8, картошка 1,6, мева ва узум 1,4, сабзавот 2 ва балиқ 2 баробардан кўпроқ ортиши кутиляпти. Катта режаларнинг пойдевори ҳозирдан қўйилмоқда. Бу маҳсулотларни сақлаш учун совутгич-омборхоналар, қайта ишлаш корхоналари бунёд этилаяпти. Биргина Шаҳрисабз туманида 30 дан ортиқ кичик корхона гўшт-сутни қайта ишлаб, аҳоли дастурхонига етказиб бераяпти...

Сайилгоҳнинг баланд тепасида туриб, воҳа меҳнат аҳлининг айрим ютуқлари, мўлжалдаги ишларини бир-бир мулоҳаза қилар эканман, «Ҳосил тўйи учун нега Чироқчи тумани танланди?», деган саволга жавоб излайман. Шу онда нуроний бир отахоннинг гапини эсладим: «Ёзинг, отим Боймирза, фамилиям Қўлдошев. Чиял қишлоғиданман. Узоқ йиллар тракторчилик қилдим, дон экдим, мол боқдим, ўғил-қизни элга қўшдим. Ёшим Чироқчи билан тенг. Меҳмонга боринг, хўпми?!»

Билсам, бобо 90 ёшда экан, Чироқчи тумани ҳам бу йил худди шу санани нишонлар экан. Қир-адирларга сочилган қишлоқларда яшаётган бу элнинг бошидан кўп оғир кунлар ўтди. Агар лалми ғалласи ёмғир ёғмай қуриса, ўзи ҳам ўртанди. Аммо удумни бузмади, топганини меҳмон олдига қўйди, бир бурда нонини аямади. Мус­тақиллик йилларида бу ерда ҳам катта ўзгаришлар содир бўлди. Айниқса, кейинги уч йилда туман қаддини тик кўтарди. Чироқчи шаҳри марказида болалар истироҳат боғи, деҳқон бозори бутунлай бош­қатдан қурилди. Чироқчи шаҳрининг бош режаси тайёрланди. Айниқса, асосий тирикчилик манбаи бўлган қишлоқ хўжалигида катта натижаларга эришилди. Ғалла топшириш шартномаси 150 фоиз қилиб адо этилди. Кейинги 12 йил ичида биринчи марта пахта сотиш режаси уддаланди! Ҳисоблашса, 5,1 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилишибди. Мўлжаллари бўйича келгуси йилда экспорт ҳажми яна 3-4 баравар ошаркан. Тадбиркорлар Хитой давлатига бориб, 5 миллион долларга тенг шартнома тузишибди, ҳадемай, зарур технологик ускуналар кела бошлайди. Мана сизга бургут қушдек қанотларини кенг ёзаётган Чироқчи!..

Улкан сайилгоҳ чироқчиликларнинг меҳмонга ҳамиша очиқ саховатли қучоғига ўхшайди. Кайвонилар гурас-гурас келаётган одамларнинг ҳисобига етиб-етолмай, охири 100 мингдан ошиқ экан, дейишди. Қарангки, воҳа тарихида бунча киши йиғилган тадбир ўтмаганди. Аммо мезбонлар роса қойил қолдиришди. Меҳмонлар учун тикланадиган ўтов ва чодирларнинг жойини белгилашди. Ўзлари ҳам қир-адирлар бағрида 59 чодир тикиб, қозон осишди. Барча туман, жумладан, Чироқчи тумани ташкилот, муассаса, корхоналари эрталаб соат 8 дан бошлаб элга ош беришди, дастурхонга ноз-неъмат қўйишди.

— Бугун катта тўйга яна бир тўй қўшилган, — дейди биз билан кўришаркан алп қоматли, туман «Маҳалла» хайрия жамғармаси раиси вазифасини бажараётган партиямиз фаоли Шоназар Жовлиев. — Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандларидан, шу жумладан, 19-махсус мактаб-интернатнинг ўқувчиларидан 63 нафар боланинг суннат тўйини ҳам ўтказаяпмиз. Тўй болалар кенг далаларда ўйнаб яйрашяпти. Биз ҳам қувонаяпмиз...


 

МУЛОҚОТ ВА МАШВАРАТ

Ёмғир кучайиб бораётган эди. Устимдаги куртка жиққа ҳўл бўлди. Бироқ одам кўпайса, кўпаярдики, асло камаймасди, гурас-гурас қилиб са­йилгоҳ майдонига эниб келишарди. Минглаб, юз минглаб ҳамюртларимизнинг қалбидаги ниятларини уқаман: «Тинч-тотув юртга тўй ярашади, ҳамиша омонликда кўришиб юрайлик!..»

Катта тепа бошида йирик ҳарфлар билан «2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб ёзилган стенд барчага баралла кўриниб турарди. Шу жойдан қир-адирлар бағридаги катта-кичик тўйхоналар, чодирлар, ўйинлар бошланган майдонларга сочилган томошабинлар ҳузурига энаман. Шаррос қуя бошлаган ёмғирдан ёзув дафтаримни одамларнинг тўнлари, момоларимизнинг рўмоллар панасига тутиб, дил сўзларини ёзиб олишга уринаман, ҳаяжонда чўнтагимдаги диктофонни ишга солишни унутаман. Улкан издиҳом ичидаги бетакрор, жўшқин, қудратини кўз-кўз қилаётган буюк ҳаёт жилваси мени ўзига мафтун қилиб қўяди. Ана, ҳали гўдак ўғилчасини елкасига кўтарган барваста йигит кураш майдони сари одимлаяпти. Ана, ёмғир томчилари соқолидан оқиб тушаётган юзи кўркам бобо издиҳомга кулимсираб қараб турибди. Ана, яқинда чимилдиқ кўрган келинчак ёнидаги умр йўлдоши билан ширин гурунглашиб, санъаткорлар қўшиқ айтаётган улкан саҳна томон ўтиб кетишди. Ана, ана!..

— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг гапларини телевизордан кўриб-эшитиб, кўнглимга ҳавас тушди, — дейди курашни томоша қилаётган 65 ёшли Норқора Эгамназаров. — Қаердан дейсизми? Ёнимдаги дўстим Шавқиддин билан хўжаликда ишладик, дон етиштирдик, мол боқдик. Ўғил-қизлар тиниб кетган. Раҳбаримиз «Халқнинг кўнглига қулоқ сол!» деганларида, роса севиндик. Бизга нима керак? Аввало, тинчлик! Ўғил-қизларимизнинг бахтини кўрайлик. Қишлоқлар обод, ёшлар ишли бўлсин, ҳар томонга оғиб кетмасин. Ота-она боласи учун жавобгар, деганлари ҳам маъқул гап. Етим-есир ўксимасин. Далаларимиз донга тўлсин. Яна нима дей? Элга шундай катта тўй қилиб бераётганларга минг раҳмат!..

— Мен кураш тушгани келганман, — дейди устига шунга мос кийим кийган Шаҳодат Субхонова. — Раҳмат давлатимизга, Ҳумо қишлоғида 1-спорт мактабини ишга тушириб беришди, шу жойда дзюдо бўйича мураббийман. Турмуш ўртоғим футболчи, оиламизда спортга иштиёқ баланд. Қишлоғимизда шароит яратилгач, спорт майдонимизда эрта тонгдан 100 дан ортиқ аёллар, қизлар югуришаяпти. Ростини айтсам, Бразилияда ўтган Олимпия ўйинларида юртимиз байроғини баланд кўтарган, маҳоратини намойиш қилган спортчиларимиз билан роса фахрландик. Насиб этса, менинг шогирдларим орасидан ҳам моҳир спортчилар етишиб чиқади. Юринг, қандай курашаётганимни томоша қиласиз...

Унга омад тилаб, чодирлар, ўтовлар сари йўл оламан. Бағрида ўнлаб конлар мавж ураётган, йирик корхоналар довруқ солаётган Муборак ва Ғузор туманлари деҳқонлари, чорвадорлари ҳосил тўйига яхши ютуқлар билан келишди. Узоқдан Миришкор, Косон туманлари чодирлари кўзга ташланади. Катта бунёдкорликлар давом этаётган Шаҳрисабз тумани, Қарши шаҳри одамлари тиккан чодирлар ҳам ниҳоятда гавжум. Илгари фақат лалми ерга термулган, эндиликда темир йўл ва йирик калийли ўғитлар заводи қурилиб, тараққиёт йўлига тушиб олаётган Деҳқонобод тумани алоҳида ўтов тикиб, полвонлари, халқ бахшилари билан тўйда қатнашаётган экан. Қамаши тумани ҳосил тўйига ҳам муносиб тўёналар билан келибди.

Юриб-юриб, Китоб тумани чодирига етиб бордим. Кейинги йилларда туман пахтадан воз кечиб, боғдорчилик ва сабзавотчилик йўналишида ривожланмоқда. Маҳаллий хом­ашёни қайта ишлаш саноати ривожланиб бораяпти. Анча йил ишламай ётган ип-йигирув фабрикаси қайта жиҳозланиб, хорижга калава-ип экспорт қилаяпти. Ҳосил тўйида қатнашаётган туман ҳокимлигининг етакчи мутахассиси Бахтиёржон Каримовнинг айтишича, шу йил фақат қишлоқ хўжалик неъматларининг экспорти 7 миллион доллардан ошибди. Ҳозир туманда 50 минг тонна ноз-неъматни қайта ишлайдиган 6 корхона бор экан. Маҳсулот сақлайдиган 24 совутгич-омборхона қурилибди.

Сал ўтиб, алоҳида чодир тиккан яккабоғликлар билан суҳбатлашаман. Яккабоғ тумани ғалла ва пахта режаларини ортиғи билан адо этди. Энг кўп пахта толасини қайта ишлайдиган корхоналар ҳам шу туманда. Бу йил йирик қувватли мевани қайта ишлайдиган МЧЖ ишга тушди. «Қумаш кўз файзи» паррандачилик хўжалиги қўшни Афғонистонга 150 минг долларлик тухум етказиб берди. «Жами экспортимиз 9 миллион долларга яқин. Боғлар, мевазорлар кўпаймоқда. Имкониятларимиз етарли, фақат ишлашимиз керак», дейди Яккабоғ туман ҳокимининг иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Бойназар Давуров.

Менга энг чекка туман — Нишоннинг рамзий дарвозаси жуда ёқди. Унинг икки четига мева-сабзавотлар сурати туширилган — бу пахта ва ғалладан бошқа тармоқлар ҳам ривожланади, дегани. Рости, туман ерларининг унумдорлиги пасайиб кетган эди. Бу йил ҳукуматимиз томонидан туманда 1040 лойиҳани амалга ошириш юзасидан алоҳида қарор қабул қилинди. Уларнинг кўлами кенг ва турли соҳаларга дахлдор. Биргина мелиорацияга эътибор туфайли 6 минг гектардан зиёд ернинг ҳолати яхшиланди. Шу пайтгача 51 минг гектардан кўпроқ ерда асосан пахта ва ғалла етиштириб келинган бўлса, эндиликда 500 гектар ерга сабзавот ва озуқа экинлари экилади. Туманда балиқчилик яхши ривожланган. Келгусида қайта ишлаш корхоналари барпо этилади. «Ҳали ишимиз яна ривож топади», дейди ишонч билан фермер Ойбек Нормўминов.

— Халқимиз яйраб байрам қилаяпти, — дейди шодлигини яширмай «Нуроний» жамғармаси Касби туман бўлими раиси, партиямиз фаоли Чўли Жўраев. — Бундай қутлуғ кунларга эш бўлиш лозим. Туманимизда ривожланиш, олдинга силжиш кўзга ташланяпти. Кўплашиб дам олиш ва истироҳат боғимизни қайтадан бунёд қилдик. Деҳ­қонларимиз ғаллачиликда яхши натижага эришишди, 70 минг тонна пахта сотиб, вилоятда энг юқори кўрсаткичга эришдик. Буларнинг бари нимадан? Аҳилликдан, куч-имкониятларни юзага чиқаришдан!..

 

ЎЛМАС РУҲ ВА ҚАДРИЯТЛАР

Халқ сайилгоҳи — улкан, очиқ саҳна. Бу саҳнада санъати, ҳунарини кўрсатишга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Лекин шу куни майдонга бел боғлаб чиққанлар маҳорат синовидан муваффақият билан ўтишди.

Омон ёр айтайлиг-а, омон ёр,

Белингни боғласангчи-я, омон ёр.

Шундай қутлуғ замонда-я, омон ёр,

Очилиб ўйнасангчи-я, омон ёр!..

Бу халқ қўшиғини «Чироқчи чироқлари» фольклор-этнографик ансамб­ли иштирокчилари ижро этганда, ҳамма бир бўлиб олқишлади. Етмиш олти ёшли Тошой момо Ҳайитова чан­қовузда қадимий куйни чалиб берганда, кўз ўнгимизда халқ ботирлари, тулпорларини елдираётган чавандозлар, боласини эмизаётган оналар, буғдой бошоғини кўтаролмай тебранаётган ғаллазорлар кўрингандай бўлди. Халқ санъати ўлмайди, деган фикр хаёлдан ўтди.

Сайилгоҳда барча туманларнинг ҳаваскорлари қатори Тошкент ва Қаршидан келган таниқли санъаткорлар ҳам қўшиқ куйлашди...

— Ҳой, биродарлар, қадами қутлуғ меҳмонлар! — дерди баланд овоз билан кураш беллашувининг бош ҳаками Дилмурод Намозов. — Олиш ҳалол бўлади, ғирромликка жой ҳам, зот ҳам йўқ!..

— Ҳаай, овозингдан!.. — дейди зав­қи тошиб томошага келган кўксида «Эл-юрт ҳурмати» ордени чўғдек порлаб турган чироқчилик адиб Ғози Раҳмон. У эринмай қишлоқ-шаҳарларни кезиб, қутлуғ ишни бажарди, «Қашқадарё полвонлари тарихи», «Соҳибқирон юртининг полвонлари» китобларини чоп эттирди.

Ғурурланиб жуда катта кураш гилами устидаги полвонларга қарайман. Чироқчилик Жаҳонгир Қўзиев рақибини чиройли усулда йиқитиб, зотини олди. Ёнимда кексалар ўртасида миллий кураш бўйича 3 марта жаҳон чемпиони Абдурашид бобо Мирзаев ҳозирги 75 ёшига қарамай, кўплаб шогирд тайёрлаётганини тилга олади. Айни чоғда ўзи ташкил қилган спорт клубига 100 дан ортиқ ёш курашчи қатнаётган экан... Ана, яна ҳалол ғалаба!.. Хуллас, катта совринни Ғузор туманидан келган кураш бўйича жаҳон чемпиони Шерали Жўраев олди. Бухоро, Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари, воҳанинг барча туманларидан келган полвонлар 500 нафардан кўпроқ экан. Машҳур полвонимиз Абдулла Тангриев ҳам сайилгоҳга келибди. Усуллар, кураш мактаблари синовдан ўтди. Ҳай, баракалла!..

Кўпкарисиз тўй-тўй бўладими, ахир?! Биров минг, биров беш минг, дейди, хуллас тўрт-беш вилоят, воҳанинг барча ҳудудларидан сара отлар улоқ узишди. Ўзиям отлар йиғилган экан, қорабайир, тўриқ, саман, тулпор... Алпомишнинг афсонавий арғумоғидан асло қолишмайди. Шу аснода Амир Темур бобомизнинг қутлуғ 670 йиллик тўйига бағишлаб қиш ойида, қор бураб турган паллада Яккабоғ туманида ўтказилган кўпкарини эсладим. Суҳбатлашганимда, улуғ шоиримиз Абдулла Орипов «Биласизми, Темур бобомизнинг Қанг Ўғлон лақабли ниҳоятда уч­қур оти бўлган, мен уни Кун Ўғлон атайман. Бўлмаса эшитинг...» дея, ўша лаҳзада туғилган олтиндек қуйма мисраларни айтган эди. Нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиётининг буюк намояндаси бугун орамизда йўқ, бироқ унинг ўлмас асарлари юрагимизда яшаяпти.

Темур руҳи барорингни қўлласин,

Кун Ўғлони тулпорингни қўлласин!..

Агар улуғ шоиримиз ҳаёт бўлганида бу тўйда ҳам албатта қатнашган, шеърлар ўқиган бўларди...

...Мана, Ўзбекистон Республикаси Президентининг меҳмон айтдиси, яъни соврини эълон қилинди. Ҳаяжон кучайди. Отлар учди, чавандозлар ҳайқирди... Ахийри, толиққан, лекин юз-кўзида ишонч балқиб турган марди майдон ҳакамларга яқинлашди. Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев Президент соврини — янги русумдаги «Нексия» машинасининг калитини ғолиб чавандоз — чироқчилик Элмурод полвон Бўриевга топширди. Олқишлар кўкни кўтарди...

Баланд тепада туриб ҳайқириб-ҳайқириб олишаётган паҳлавонлар, даврада от сураётган чавандозларни кузатар эканман, миллий қадриятларимиз, халқимиз эъзозлаб келаётган анъаналар йўқолмаслигига, ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик тараққиётимиз учун сув ва ҳаводек зарур эканига имон келтираман. Халқимиз чинакам бахтли ҳаёт гаштини сураётганини юрак-юракдан ҳис этаман. Қалбимда мавжланган туйғулар тилимга кўчади:

— Дунё тургунча тургин, жону жаҳоним — Ўзбекистоним!

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: