Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
22.12.2016

ВАТАН МАНФААТИ ЙЎЛИДА ҲАМЖИҲАТЛИКНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШИМИЗ КЕРАК

якунига етиб бораётган йилнинг асосий воқеа ва ҳодисалари барчамизни шунга даъват этмоқда

Йил сўнггида ортга бир назар ташлаб, шу даврдаги энг муҳим воқеа ва ҳодисаларни эсга олишга ўрганганмиз. Шу тариқа ўз фаолиятимизга баҳо берамиз, келгуси режаларимизни тузишга ҳаракат қиламиз.

Ниҳоясига етиб бораётган йил Ўзбекистон тарихида алоҳида из қолдириши шубҳасиз. 2016 йилда мамлакатимиз ҳаётида кўплаб ўзгариш ва янгиланишлар содир бўлди. Уларнинг орасида мустабид тузум даврида топталган қадр-қимматимиз, шаънимиз, ғурур-ифтихоримизни тиклаган, ота-боболаримизнинг асрий орзу-интилишларини рўёбга чиқарган буюк тарихий воқеа — Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик қутлуғ тўйи кенг нишонланганини биринчи навбатда тилга олишимиз табиийдир.

Чорак асрлик тараққиёт йўлимиз асрларга татигулик тарихий бир давр бўлди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Истиқлолдан олдинги даврни кўз олдимизга келтирайлик. Собиқ шўро тузумининг адолатсиз ва зўравонлик сиёсати натижасида одамлар орасида тушкунлик ва келажакка ишончсизлик кайфияти ҳукмрон, иқтисодиёт издан чиққан, пештахталар бўм-бўш, дўконларда навбатда турган одамларнинг охири кўринмайди. Юртимизда пахта яккаҳокимлиги авж олган, Ўзбекистон аграр, қолоқ ўлкага айлантирилган, ҳаётимиз жар ёқасида, вазият озгина учқун чиқса, ловуллаб ёниб кетадиган даражада кескинлашиб бораётган бир пайтлар эди.

Ана шу ўта қийин ва мураккаб даврни Биринчи Прези­дентимиз, муҳтарам Ислом ­Каримов «Биз туғилган заҳоти юришга мажбур бўлганмиз» деб ифодалаган эдилар. Ўзбекистон 25 йил ичида нафақат оёққа тургани, шу билан бирга, тез ул­ғайиб, камолга етганини хал­қимизнинг бугунги тинч ва фаровон ҳаёти исботлаб турибди.

Мана, энди ҳар биримиз мус­тақиллик халқимизнинг тарихий ютуғи эканини исботлайдиган мисолларни ўз ҳаётимиздан, оиламиз, маҳалламиз, овулимиз, қишлоғимиз, шаҳримиздаги ўзгаришлардан истаганча келтиришимиз мумкин.

Кеча одамлар дўконлар ёнида нонга, кир совун ва ҳатто бир энлик докага навбатда турган бўлса, бугун тўйхоналарда тўйлар ўтказиш учун навбат кут­япмиз. Ўтган асрнинг 90-йилларида матбуотимизда етишмовчилик, бўм-бўш дўконлар ҳақида тўхтовсиз ёзилар эди, бугун ортиқча дабдаба ва исрофгарчилик тўғрисида бонг урилмоқда. У пайтларда дард тутиб қолган келинчакни туман марказидаги туғруқхонага етказиб боришга қишлоқдан бирорта улов топа олмасдан сарсон бўлганимизни кўп эслаймиз. Ҳозирги кунда деярли ҳар бир хонадонда бир машина — йўлларимизни кенгайтириш, янгиларини қуриш, кўприк ва ўтказгичларни барпо этиш ҳақида ўйламоқдамиз. Илгари экин майдонларининг қарийб 90 фоизига чигит экилган, пахта хомашёсини сув текинга Марказга беришга мажбур бўлган деҳқон бугун ўзи етиштирган ҳосилни қайта ишлашни, уни чет элга валютага сотишни кўзламоқда. Бундан 25-30 йил илгари «улар фақат далада ишлашни эплайди, бошқа нарсага уқуви йўқ» деб камситилган халқ энди автомобиль, телевизор, мобиль телефон, компьютер, музлатгич, автобус, экскаватор ишлаб чиқармоқда, чуқур билим ва юксак технологияни талаб қиладиган маҳсулотларни хорижга экспорт қилмоқда.

Мустақиллик даврида Ўзбекистон иқтисодиёти 5 каррадан зиёд ўсди. Мамлакатимиз аҳолиси 10,5 миллионга ­кўпайгани ҳолда, унинг даромадлари қарийб 9 баробар ошди. Хал­қимизнинг ўртача ёши 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга узайди. Ке­йинги йилларда ялпи ички маҳсулотимиз барқарор суръатларда ўсмоқда.

Ушбу ўзгариш ва юксалишлар хақаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шу ўринда нуфузли халқаро экс­перт ташкилотлари ва рейтинг компаниялари томонидан ўтказилаётган айрим тадқиқотлар ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтиш ўринли, деб ўйлаймиз.

Жаҳон иқтисодий форуми иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Мазкур маълумотда 2014 йилдан 2017 йилгача бўлган даврда йиллик ўсиш даражаси энг юқори бўлган давлатлар орасида Ўзбекистон 5-ўринда қайд этилган.

Биргина ўтган йили юртимизда рўй берган айрим воқеаларни эътиборга оладиган бўлсак ҳам мустақиллик бутун мазмун-моҳияти билан халқимиз ҳаётида улкан янгиланишлар, ўзгаришларга асос бўлиб келаётганини сезиш қийин эмас.

Бухоро вилоятида хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда қурилиши бошланган (18 апрель) улкан лойиҳа — қиймати 2,6 миллиард долларга тенг Қандим газни қайта ишлаш заводи келажакда йилига 8,1 миллиард куб метр газни қазиб олиш ва қайта ишлаш, шу асосда жаҳон бозорида харидоргир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Бир пайтлар аграр республика деб камситилган мамлакатимизда саноатнинг тез суръатлар билан ривожланаётгани, йирик-йирик корхона, завод ва фабрикалар барпо этилгани, уларда минг-минглаб йигит-қизларимиз меҳнат қилаётгани, бир сўз билан айтганда, иқтисодиётимизда саноатнинг салмоғи 1990 йилга қараганда 4 мартадан кўпроққа, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 17,6 фоиздан 33,5 фоизга ўсгани мус­тақиллик йилларидаги энг муҳим ютуқларимиздан бири, десак, хато бўлмайди. 2030 йилга бориб иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш режалаштирилгани бу борадаги ишларнинг кўлами нечоғлик катта ва кенг эканидан далолатдир.

Шу йилнинг 13 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил қилингани моҳияти ва аҳамияти нуқтаи назаридан маънавий-маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлди. Тил — миллатнинг яшаш шаклларидан бири, тил ўзликни ифодаловчи энг муҳим восита, у халқнинг ўзаги, негизи, асоси. Мамлакатимизнинг мустақиллик сари йўли ҳам айнан она тилини асрашдан, унга давлат тили мақоми берилишидан бошланганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Адабиёт эса тарбиячи, миллий адабиёт миллат камолоти йўлида хизмат қилади, унинг руҳиятини, маънавиятини турли бало-қазолардан ҳимоя этади. Шу маънода, ҳақиқатан ҳам улуғ маърифатпарвар бобомиз, шоир Абдулҳамид Чўлпон таъкидлаганидек «адабиёт яшаса, миллат яшайди».

Бугунги шиддатли, инсон, миллат, халқ қалби, маънавиятини эгаллаш учун кураш авж олган, тарихий илдизларга нисбатан хавф-хатар кучайган замонда ўз келажагини ўйлаган халқ, ҳеч шубҳасиз, она тилининг софлиги, адабиёти тараққиёти, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мақоми ҳақида қайғуриши табиий ҳол. Айниқса, ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тад­қиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш масаласи янги олий ўқув юртининг асосий вазифаси этиб белгилангани муҳим воқеа бўлди.

Жорий йилнинг май ва июнь ойларида фақат Ўзбекистонга хос бўлган сайлов тизими — фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари ва маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтди. Албатта, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб демократик институти бўлган маҳалла тузилмаси ва ушбу миллий сайлов тизими ҳақида узоқ гапириш мумкин. Дунёнинг кўп жойларида инсоннинг жамиятдан бегоналашуви, унинг индивидуализм қобиғига ўралиб, фақат ўзи учун яшаши тарғиб қилинаётган бир пайтда ижтимоий хабардорлик, ижтимоий дахлдорлик туйғуларини шакллантиришдаги бебаҳо даргоҳ — маҳалла институти биз учун сув билан ҳаводек муҳим. У азалий қадриятларимиз бўлган қўни-қўшничилик, маҳалла-кўй, меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиш каби фазилатларнинг мустаҳкамланиб, авлоддан-авлодга ўтишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ҳаётида маҳалланинг ўрни ва роли юқорилигини, бу тузилма давлат билан халқ ўртасида бамисоли кўприк вазифасини бажараётгани ҳамда бугунги кунда унга одамлар ҳаёти, ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ ҳисобланган 30 дан ортиқ вазифалар юклатилганини назарда тутсак, бу жараённинг очиқ-ошкора бўлиши, 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг қарийб 100 мингга яқин маслаҳатчисига муносиб одамларнинг сайланиши ўта муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш ўринлидир.

Фарғона водийси билан Тошкент воҳаси ўртасидаги масофани бир қадам қилган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши 2016 йилни эмас, бутун бир юз йилликни безайдиган воқеа десак тўғри бўлади.

Асрий тоғу тошлар, дашту биёбонлар бағридан ўтадиган 123 километрдан зиёд бўлган бу темир йўлнинг қисқа даврда, ҳаммаси бўлиб 33 ойда фойдаланишга топширилишининг ўзи мамлакатимиз қудрати, халқимиз бунёдкорлигининг яна бир намойишидир.

Бу темир йўлнинг 19,2 километрлик туннели денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликда жойлашган мураккаб тоғ тизмаларини кесиб ўтган. У Ўрта Осиёда ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида энг узун замонавий ер ости темир йўли ҳисобланиб, дунё миқёсида эса 13-ўринда туради.

Халқимизнинг асрий орзуси ушалди. Ушбу темир йўл 10 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган Фарғона водийси вилоятларини пўлат белбоғ орқали республикамизнинг бошқа ҳу­дудлари билан бевосита боғлади, натижада мамлакатимизда ягона ва яхлит миллий темир йўл тизими яратилиши ниҳоясига етказилди. Энди одамларимиз мамлакатимизнинг бир ҳудудидан иккинчисига темир йўл орқали боришда бошқа давлат ҳудудидан қийналиб ўтишга мажбур бўлмайди. Халқимиз, айниқса, Фарғона водийси аҳли Тошкент вилоятидан 2-3 соатлик узоқ масофада бўлган манзилларга етиб олиш учун қўшни давлатлар чегарасида сарсон бўлган, ортиқча вақт ва маблағ сарфлашга мажбур бўлган пайт­ларни албатта яхши эслайди. Бу йўл ана шундай овора ва сарсонликларга барҳам бериб, ҳар қандай иқлим шароитида водийни юртимизнинг бошқа минтақалари билан ишончли ва самарали боғлайди.

Мустақиллик байрами арафасида Тошкент — Андижон йўналиши бўйлаб доимий йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ангрен — Поп темир йўли бўйлаб ҳаракат қиладиган ушбу қатнов шу йилнинг ўзида 600 минг йўловчининг узоғини яқин қилди.

Янги йўлнинг фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкентдан Фарғона водийси вилоятларига юк ташиш вақти 2 баробар қисқарди, юк ташиш тарифи салкам 4 марта камайди. Бу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши мамлакатимиз учун йилига 10 мил­лион тоннадан ортиқ юк ташиш ва транзит ҳисобидан 140 миллион доллар маблағни тежаш имконини беради.

Шуни таъкидлаш зарурки, Ангрен — Поп электрлаштирилган янги темир йўли Хитой — Марказий Осиё — Европа хал­қаро темир йўл транзит коридорининг ажралмас қисми сифатида Европа билан Осиё қитъасини ўзаро боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг ўта муҳим узвий бўғинини ташкил этади. Бу йўл Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғининг стратегик йўналиши ҳисобланади. У қадимий Буюк ипак йўлининг янгича маъно-мазмун касб этадиган, замонавий йўналиши саналиб, Ўзбекистоннинг Хитойга, Хитойнинг Ўзбекистонга, жумладан, Марказий ва Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, ­Анг­рен — Поп темир йўлини ­Ватанимизнинг тараққиёт йўли — фаровонлик йўли, десак, тўғри бўлади. Ўз навбатида, бу воқеа нафақат йил воқеаси, қолаверса, келажак, истиқбол воқеасидир.

Ўтган йили мамлакатимиз иккита муҳим халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Ўзбекистон томонидан амалдаги раис сифатида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўн бешинчи, юбилей саммити юқори савияда ташкил этилди (23-24 июнь). Унда аъзо ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари, ШҲТга раҳбарлик қилаётган томон меҳмони — Турк­манис­тон Президенти, БМТ бош котиби ўринбосари, МДҲ ижрочи котиби, АСЕАН ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиблари, Осиё­да ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ижрочи директори ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди. Тошкент анжумани ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон давлатларининг тенг ҳуқуқли аъзо бўлиб кириши билан ҳам ШҲТ тарихида қолиши шубҳасиз.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясига (18-19 октябрь) 30 га яқин давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари, ИҲТ ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия, Швейцариянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби қатор тузилмалар вакиллари ҳам ташриф буюрди.

Ушбу анжуманда Ўзбекистон томонидан билдирилган қатор таклифлар қизғин кутиб олинди. Жумладан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доира­сида Самарқандда Имом Бу­хорий халқаро тадқиқотлар маркази таъсис этиш таклифи аъзо мамлакатлар томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Ана шундай иккита нуфузли халқаро тузилмага раҳбарлик қилиш ва муҳим тадбирларнинг айнан юртимизда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро обрў-эътибори янада юксалиб бораётганининг амалдаги ифодаси ҳисобланади.

2016 йилда спорт оламидаги иккита қувончли воқеа хал­қимиз қалбидан мустаҳкам жой олди. Мамлакатимизда шаклланган уч босқичли спорт ўйинларининг юқори босқичи бўл­миш Универсиада ўйинлари Фарғонада юксак савияда бўлиб ўтди. Унинг саралаш бос­қичларида 165 мингдан зиёд талаба иштирок этди. Соғ­лом турмуш тарзини тар­ғиб этиш, спортни оммалаштириш, ёш авлодни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш борасида юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ишлар туфайли охирги ўн йилда спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси болалар ва ўсмирлар ўртасида 30 фоиздан 57 фоизга, қиз болалар ўртасида 24 фоиздан 47 ­фоизга ўсганини фахр билан тилга олиш ўринлидир. Дарҳақиқат, фарзанд соғлом бўлса, оила мустаҳкам, мамлакат қудратли бўлади.

Спорт соҳасидаги беш йилликнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган ёзги Олимпиада ва Пар­алимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларимиз жорий йилда тарихий натижани қўлга киритдилар. Бу йилги 31-олимпиадада қатнашган 206 та давлат орасида мамлакатимиз спортчиларининг 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 21-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иккинчи, Осиё қитъасида тўртинчи, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллагани нафақат миллий спортимиз, керак бўлса, жаҳон олимпиада ҳаракати тарихида катта ва унутилмас воқеадир.

Жасорат, матонат ва мардлик намунасини кўрсатган паралимпиячиларимиз эса 7 та Паралимпия ўйинлари, 6 та жаҳон ва 12 та Осиё рекордини янгилаб, жами 31 та медалга сазовор бўлдилар. Жамоамиз Марказий Осиёда биринчи, МДҲда иккинчи, Осиёда учинчи поғонани эгаллади.

Эришилган ғалабанинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган аҳамияти шундаки, у авваламбор Ўзбекистон номини, Ватанимизнинг обрў-эътибори ва нуфузини бутун ­дунёда янада юксалтириш, хал­қимизнинг куч-қудрати ва салоҳияти, қандай буюк ишларга қодир эканимизни намоён этишга хизмат қилади. Ёшларимизда она Ватанимизга меҳр-муҳаббат туйғусини кучайтиради. Бугунги кунда ўсмирларимиз орасидан жаҳон ва олимпиада чемпиони бўлиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришни орзу қилмаган йигит-қизни топиш қийин. Кўзланган манзилга етиш йўли — тинимсиз ҳаракат, мақсад сари интилишдан иборат эканига улар Рио чемпионлари мисолида яна бир бор амин бўлдилар.

Шу йил 25 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати порталида Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси — pm.gov.uz очилгани йилнинг жамият ҳаётида из қолдирадиган яна бир муҳим воқеасига айланди. Унда фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммо, камчилик ёки бошқа масалалар юзасидан тўғридан-тўғри Бош вазирга мурожаат қилиш имконига эга бўлди. Виртуал қабулхона тезда хал­қимиз ишончига кириб, унга мурожаат қилувчилар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Биргина мисол. Ўтган даврда ушбу қабулхонага фуқаролардан 218 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг қарийб 59 фоизи ўз ечимини топган.

Мурожаатлардан бугунги кунда аҳолини кўпроқ турли соҳалардаги бюрократик тўсиқлар, қонунга зид бўлган идоравий йўриқномалар, кредит олиш билан боғлиқ масалалар, ноқонуний текширишлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ноқонуний фаолияти, уй-жой қурилиши, коммунал, транспорт ва савдо хизмати, энергия таъминоти, ички йўлларнинг ҳолати билан боғлиқ муаммолар қийнаётгани маълум бўлмоқда.

Электрон қабулхонага йў­налтирилган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатяптики, жойлардаги идора ва ташкилотларнинг мутасадди ва раҳбарлари аҳолининг муаммолари билан кўп ҳам шуғулланмаяпти, улар билан фаол ва очиқ мулоқотни йўлга қўймаган. Мансабдор шахсларнинг эшиги фуқаролар учун ҳар доим ҳам очиқ эмас. Халқнинг ичига кирмасдан, унинг муаммоларига ечим қидирмасдан туриб эса раҳбар бўлиш, яхши раҳбар бўлиш қийин. Раҳбар, биринчи навбатда, одамларнинг манфаатини ўйлаши, шу йўлда ишлаши, фидойи бўлиши керак. Шу маънода, келгуси йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номлангани чуқур маъно-мазмунга эга. Халқ билан мулоқот — бу ҳаммани эшитиш, улар билан суҳбатлашиш, одамларга яқин, очиқ ва ғамхўр бўлиш дегани.

Ўз ҳаёти ва фаолиятини она юртимиз мустақиллиги ва равнақи, халқимиз, фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмасдан яшаши учун бағишлаган улуғ давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти хал­қимиз учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган жудолик бўлди. Бу оғир жудолик бутун дунёда чуқур қайғу ва ҳамдардлик туйғулари билан кутиб олинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳи олдида жаҳондаги ана шу энг нуфузли ташкилот байроғи туширилиб, унга аъзо мамлакатлар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеяси 71-сессиясида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, бир дақиқалик сукут сақлангани ва беш қитъа вакиллари мустақил Ўзбекистон давлати асосчисининг фаолияти ҳақида маъруза қилгани улуғ Йўлбошчимизга дунё аҳли томонидан кўрсатилган эҳтиромнинг юксак намунаси бўлди.

Ўтган даврда Ўзбекистонда эришилган барча ютуқ ва марраларни халқимиз ҳақли равишда буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов номи билан боғлайди. Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлига, қадр-қимматига эга бўлди. Мамлакатимизда ҳар бир инсон қадрига етиши керак бўлган тинчлик ва хотиржамлик, хавф-хатарсиз ҳаёт қарор топди. Ўзбекистон миллий тотувлик, диний бағрикенг­лик том маънода таъминланган дунёдаги саноқли давлатлар қаторига киради. Жаҳон иқтисодий-молия­вий инқирози шароитида иқтисодиёти жадал ривож топаётган оз сонли давлатлар орасида Ўзбекистонимиз ҳам бор. Ислом Каримов бошчилигида мамлакатимиз барча соҳаларда тўла мус­тақилликка эришди. Ўзбе­кис­тон бир ҳафта-ўн кунлик буғдой қолган кунлардан ­бугунги фаровон кунларга етди. ­Биринчи Президентимиз «Ўзбек халқи ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди» деган сўзларни алоҳида таъкидлар эдилар. Глобал дунёда, энергия ресурслари учун кураш авж олган, гегемонлик ва империячилик кайфияти кучайиб бораётган бир даврда мустақил сиёсат юргизиш, мустақилликни асраб қолишнинг ўзи бўлмайди. Аслида БМТнинг бош қароргоҳи олдида байроқни тикиб, мустақилман, дейиш билан мустақиллик таъминланиб қол­маслиги аён ҳақиқат. Ислом ­Каримов бутун онгли ҳаётини ўз халқи ва Ватани ривожига, унинг озод ва обод бўлишига бағишлади. Ва орзу қилгани каби у кишидан бизга озод ва обод Ватан — Ўзбекистон қолди.

Шу маънода, Ўзбекистон хал­қи ўзининг улуғ фарзандини ҳеч қачон унутмайди.

Халқимиз шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтган умумий сайловда мамлакатимизда бошланган ислоҳотларнинг давомчиси, Биринчи Президентимизнинг муносиб сафдоши Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайлади. Тенглик ва муқобиллик асосида ўтган ушбу сиёсий жараён, ҳеч шуб­ҳасиз, юртимиз тарихидаги ўта муҳим воқеадир.

Сайлов жараёнида 5 та халқаро ташкилот ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчилар иштирок этди. Жумладан, илк бор Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 32 та мамлакатга мансуб 200 нафарга яқин таркибдаги тўлақонли миссияси кузатувчилари қатнашдилар. Барча чет эллик кузатувчилар томонидан сайлов тенглик ва адолат принциплари асосида, очиқ ва ошкора ўтгани эътироф этилди.

Сайлов натижалари яна бир бор халқимизнинг ҳамжиҳатлигини, тараққиёт йўлида собит экани, ўз келажагига катта ишонч ва умид билан қараётганини кўрсатди. Муқобиллик асосда ўтган сайловда қарийб 90 фоиз овоз олиш — бу хал­қимизнинг ўзи сайлаган Президентга бўлган катта ишончи ифодасидир.

Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев ушбу олий лавозимга киришар экан, «Сиз, азизларнинг, эл-юртимизнинг менга билдирган мана шундай юксак ишончини ўзим учун катта шараф ва улкан масъулият деб ҳисоблайман, — деб алоҳида таъкидлади. — Ҳеч нарса билан қиёслаб, ўлчаб бўлмайдиган бундай олий ишончни оқлаш учун бор куч-ғайратим, билим ва тажрибамни, бутун борлиғимни бағишлашга ваъда бераман.

Мен, бугун Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, жамоат ташкилотлари, бутун халқимизнинг саъй-ҳаракатларини, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, барчамиз учун азиз ва қадр­ли бўлган Ислом Абдуғаниевич ­Каримов бизга васият қилиб қолдирган ягона мақсад йўлида бирлаштиришга даъват этаман.

Бу олижаноб мақсад — изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишдан иборатдир» .

Дарҳақиқат, жонажон Ватанимизнинг эртанги куни янада ёруғ ва фаровон бўлиши йўлида янада ҳамжиҳат бўлиш, билим ва салоҳиятимизни, куч-ғайратимизни ана шу улуғ ишга сафарбар этиш — барчамизнинг инсоний ва фуқаролик бурчимиздир.

Якунланаётган йил ҳаммамизга ана шундай ҳаёт сабоғини уқтирмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади.

 

Акбар ЖОНУЗОҚОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: