20.12.2016

ПОЛВОНЛАРНИНГ САРАСИ ПОЙТАХТ ГИЛАМЛАРИДА ҒОЛИБЛИК УЧУН КУРАШ ОЛИБ БОРМОҚДА

Пойтахтимиздаги «Универсиал» спорт мажмуасида юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича мамлакат чемпионати қизғин давом этмоқда.

Мусобақада дастлаб юнон-рум кураши усталари медаллар учун баҳс юритишди. Унда Ислом Баҳромов (59 кг, Тошкент), Мирзобек Раҳматов (66 кг, Бухоро), Фазлиддин Намозов (71 кг, Тошкент), Жалғас Бердимуратов (75 кг, Қорақалпоғистон), Дилшод Турдиев (80 кг, Тошкент), Муҳаммадали Шамсиддинов (85 кг, Бухоро), Жаҳонгир Турдиев (98 кг, Тошкент) ҳамда Мўминжон Абдуллаев (130 кг, Самар­қанд)ларга тенг келадиган рақиб топилмади.

— Якунланаётган мавсум юртимиз полвонлари учун унутилмас дамларни ҳадя этгани шубҳасиз, — дейди юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Комил Фатхулин. — Курашчиларимиз кўплаб йирик халқаро турнирлар, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, Рио-де-Жанейрода ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида муносиб қатнашдилар. Рио-де-Жанейро олимпиадасида юнон-рум кураши бўйича Элмурод Тасмуродов, эркин курашчиларимиз Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимовларнинг бронза медаллари билан тақдирлангани меҳнатларимиз бесамар кетмаётганлигини кўрсатиб берди. Ўзбекис­тон чемпионатида кўплаб истеъдодли полвонларнинг беллашувларига гувоҳ бўлдим. Мусобақа якунида бир қатор янги номлар кашф этилди.

Чемпионатнинг аёллар ўртасидаги баҳсларида Асалхон Собирова (48 кг), Нодира Собирова (53 кг, иккиси ҳам — Хоразм), Шаҳодат Жуллибоева (55 кг), Севара Ешмуратова (58 кг), Асем Сейдаметова (60 кг), Набира Есенбаева (63 кг), Нилуфар Гадоева (69 кг), Лолахон Ўринбоеава (75 кг, барчаси — Қорақалпоғистон)лар олтин медаль билан тақдирланди.

Эркин кураш бўйича ўтказилган дастлабки кунги беллашувларда тўртта вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Унда Ғуломжон Абдуллаев (57 кг, Хоразм), Муҳаммадкарим Усмонов (65 кг, Сирдарё), Дайбек Отарбоев (74 кг, Қорақалпоғистон) ҳамда Баҳодир Аслонов (97 кг, Навоий)лар шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олишди.

 

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.