20.12.2016

ЁШЛАРНИНГ ЧИН ДЎСТИ КИМ?..

Тантанали йиғилиш ниҳоясига етди. Мен ҳамон телевизор экранидан кўз уза олмасдим. Кутилмаганда қўнғироқ хаёлимни бўлди.

— Опажон, раҳбаримизнинг гапларини эшитдингизми? Ўқитувчиларнинг олдида турган катта масъулиятни яна бир бор эслатганларига эътибор бердингизми? Мен ўзимни, шогирдларимни ўйлай бошладим. Уларга муносиб муаллимманми, деган савол юрагимни ёндирди. Мен шундай ўйлайман: болаларнинг умрини беҳуда ўтказадиган, дарсга тайёргарликсиз келадиган, ўқувчиларни ўз фарзандидай кўрмайдиган ўқитувчининг ишлашга ҳаққи йўқ! Нима дедингиз?!..

Туман ҳокимининг ўринбосари бўлганимга энди бир йил тўляпти. Унгача ўттиз йил болаларга она тили ва адабиётдан дарс бердим, роса ўн йил 21-мактаб раҳбари бўлиб ишладим. Менга қўнғироқ қилган аёл шу мактабдаги шогирдларимдан бири — биология фани ўқитувчиси Манзура Бегимқулова эди. Ташкилотчи, иқтидорли, жонкуяр. Унга жавоб бердиму телефонни қўйдим. Олдимизда турган вазифаларнинг кенг кўламлилиги, аниқлиги, ҳаёт сингари теран ва зарурият эканлигидан фахрланаётган, шу қатори «эплай оламизми?», деган саволни қайта-қайта ўзимга бераётган эдим. Кейинги кун Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини газетадан ўқи­дим, қайтадан ўқидим, кейин фикримни бир жойга тўплаб, қўлимга қалам олдим.

Қашқадарё воҳасининг энг улкан ва энг кўп аҳоли истиқомат қилаётган туманимизда ке­йинги пайтда нимага эришган бўлсак, ўзимизники. Мен таълим, ёшлар билан ишлаш соҳасидаги айрим қийинчиликлар, эътиборимизда турган, тузатишга уринаётган камчиликларимизни қоғозга тушира бошладим.

Биринчи мулоҳаза: тумандаги 177-мактабда минглаб бола таълим оляпти. Ўнлаб мактабда турли фан ўқитувчилари етишмаяпти. Айниқса, 70-мактабда 524 нафар ўқувчи таълим олаётган бўлса, уларнинг 256 нафари қизлар. Аммо у ерда таълим бераётган ўқи­тувчиларнинг бор-йўғи 2 нафари аёл ўқитувчи. Худди шу мактабнинг айрим ўқувчи қизларини ёш турмушга узатиш ҳодисалари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган. Қуш тилини қуш билади, дейдилар. Аёл ўқитувчилар кўпроқ бўл­сачи?..

Иккинчи мулоҳаза: Туман ҳокимлиги ва прокуратура ҳамкорлигида ўрганиб кўрилганда, Оқтўнли қишлоғидаги саноат, агробизнес ва бошқа айрим коллежларда давомат пастлиги, ўқувчилар сабабсиз машғулотларга келишмаётгани аниқланган. Бундай ўқувчилар қайси касб­ни яхши эгаллашади?..

Учинчи мулоҳаза: «Наймансарой» қишлоғида вилоят халқ таълим бошқармасига қарашли 19-сонли махсус мактаб-интернат фаолият кўрсатяпти. Унда туғма ногирон ва нутқи нуқсонли болалар илм олишади ва яшашади. Давлатимиз томонидан етарли маблағ ажратилган. Ҳомийлари ибратли, туман ҳокимлиги доим хабар олиб туради. Яқинда ҳокимимиз болаларнинг ҳолидан хабар олгани борган экан, айрим ўқувчилар совуқда юпун кийинганликларини кўриб, қаттиқ ранжибди. Нима етишмайди? Ўқитувчиларнинг масъулияти, жони ачиши! Маълум бўлишича, муассасадаги 42 нафар ўқитувчи-тарбиячиларнинг фақат биттаси тили нуқсонли ўқувчилар билан ишлаш бўйича мутахассис, 12 нафари қайта тайёргарликдан ўтган экан. Тарбия­чилар орасида 29 нафари номутахассис, педагогикадан бехабар кишилар экан. Нега аҳвол бу даражага келиб қолган?..

Бошқа мулоҳазалар ҳам кўп. Биз бу каби камчиликларни тузатишга уриняпмиз. Бироқ юқори натижага бирдан эришиб бўлмайди. Аввало, барча мактаб ва коллежларда мутахассис, ташаббускор, изланувчан муаллимлар ишлашига эришишимиз лозим. Бу ҳақда Президентимиз шундай дедилар: «Биз таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз».

Бу ҳаётий талабдан келиб чиқадиган бўлсак, тумандаги камчиликларни тезликда аниқ­лаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўришимиз лозим. Мактаб, коллеж, ота-она ва маҳалла ҳамкорлиги бу борада ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам туман ҳокими ва ички ишлар бўлими раҳбарининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари лавозимини жорий этишни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Келажагимиз давомчилари бўлган ёшларни камолга етказиш борасида қўйилаётган вазифалар нақадар масъулиятли эканлигини юракдан ҳис қиляпман. Ота-она, ўқитувчи, маҳалла фаоли ким бўлишидан қатъи назар, агар ёшларнинг қалбига йўл топа олмаса, ишида самара бўлмайди. Ёшларнинг чин дўсти бўлишимиз лозим. Чин дўстнинг қалби эзгуликка лиммо-лим бўлади.

 

Дурдона АКБАРОВА,

Чироқчи туман ҳокими ўринбосари,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: