20.12.2016

ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ УЧУН

фаолиятимизни тубдан кучайтиришимиз зарур

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросим ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришишга бағишланган Олий Мажлис ­палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларида илгари сурилган ғоялар, ҳаётий ташаббуслар мазмун-моҳияти, партия ташкилотлари, депутатлар олдида турган долзарб вазифалар хусусида сўз юритилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон ХДП Марказий ­Кенгаши раиси Хатамжон Кетмонов маъруза қилди.

Партия ташкилотларининг электорат вакиллари билан мулоқот механизмини қайта кўриб чиқиш, қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсирини кучайтириш, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини ошириш, бу борада фракция фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарур, деди партия етакчиси.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, Марказий ва минтақавий кенгашлар, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришишга бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиши бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси ­Шуҳрат Турсунбоев. — Ислоҳотларнинг хал­қимиз турмуш фаровонлигида акс этишида мазкур ёндашув муҳим аҳамиятга эга. Шу пайтга қадар айрим мансабдор шахсларнинг ўз фаолия­тига эътиборсизлиги натижасида йиғилиб қолган ўткир ижтимоий масалаларга ечим топишда бу механизм яхши самара беради. Барча даражадаги депутатлар буни чуқур англаган ҳолда, ўз фаолиятига қатъий ёндашишлари лозим. Электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишларимизни тубдан кучайтириш талаб этилади.

— Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, узоқни кўзлаб айтилган таклифлар ҳар биримизни ўз ишимизга холис баҳо беришга, керакли хулосалар чиқаришга ундади, — дейди Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси Дилором ­Абдураҳимова. — Келгуси йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилиниши фаолиятимизни чуқур таҳлил қилишга даъват этди. Биз одамлар орасига, ҳаётга чуқур кириб боришимиз, бунинг учун биринчи навбатда партиямизнинг Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини кучайтиришимиз лозим. Бу жараёнда фойдаланилмаган имкониятларни алоҳида эътиборга олиш талаб этилади.

— Мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш, ўз мустақил ишини бошлаш ниятидаги юртдошларимизнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Робия Казимова. — Президентимиз маърузасида бу борада бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг амалга оширилиши партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга тайёр бўлмаган кишилар манфаатларига хизмат қилади, албатта.

Шунинг учун партиямиз гуруҳлари сессия ёки доимий комиссияларга масала киритишда ташаббус кўрсатиши, қонунлар ва давлат дастурлари бажарилишини депутатлик назорати тартибида изчил ўрганиши зарур. Бу давлат органлари мансабдор шахсларнинг ижтимоий масалалар бўйича ҳисоботлари эшитувини доимий йўлга қўйишимизда муҳим аҳамият касб этади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.