Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
17.12.2016

ҲАР БИР ИШ ЎРНИ УЧУН КУРАШИШИМИЗ ЗАРУР

Бугун жаҳоннинг турли ҳудудларида ҳукм сураётган нотинчлик, қатор давлатлар тараққаётини ор­қага тортаётган ижтимоий-иқтисодий беқарорлик, хунрезликларнинг асосий сабабларидан бири аҳоли банд­лигини таъминлаш масаласи билан боғлиқ муаммоларга бориб тақалиши таъкидланмоқда. Халқаро эксперт­лар ишсизликни камайтиришда энг ­муҳим омил давлат ва жамият ­­саъй-­ҳаракатларини бирлаштириш эканини айтишяпти.

Демак, меҳнат бозорида фаол сиё­сат олиб бориш, иш ўринларини сақлаб қолиш ва янгиларини ташкил этиш бугуннинг долзарб вазифасига айланди.

Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тасдиқланди.

Унга кўра, келгуси йилда саноатда (131,1 минг), хизматлар соҳасида (69,5 минг), қишлоқ хўжалигида (55,8 минг), қурилишда ва инфратузилма лойиҳаларида (88,9 минг), шунингдек, бўш турган корхоналар фаолия­тини тиклаш ҳисобига (44 минг) янги иш ўринлари ташкил этиш, шу ор­қали 389,3 минг кишини доимий иш билан таъминлаш назарда тутилмоқда.

Бу кенг қамровли Дастурдан ­хал­қимиз, мамлакатимиздаги деярли ҳар бир оила манфаатдор, албатта. Айниқса, бу Дастур таълим даргоҳларини тамомлаб, ҳаётга умид билан кириб келаётган ёшларимизнинг келажаги, тақдирида муҳим ўрин тутади.

Олий Мажлис Сенати аъзолари билан 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дас­тури, унинг ўзига хос хусусиятлари, аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

 

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Одамларнинг муносиб иш ўрнига эга бўлиши жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳар йили аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор иш ўринлари ташкил этиш, ҳудудларда меҳнат ресурсларидан янада тўлиқ ва оқилона фойдаланишга қаратилган тегишли дастурлар қабул қилинади.

Аввало, таъкидлаш керакки, Дастурда демографик омиллар ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар ҳисобга олинган. Унда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини ишга солиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шулар ор­қали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўзаро боғланган ва комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Келгуси йилда аҳолининг ўзини иш билан таъминлашини рағбатлантириш ҳисобига 308,6 минг фуқарода, шу жумладан шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида 272,7 минг кишида, ҳунармандчиликда ва оилавий тадбиркорликда 35,9 минг кишида даромад манбалари пайдо бўлади.

Якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасида 97,7 минг иш ўрни яратилади. Қишлоқ хўжалигида ва қурилишда йилига ўртача 199,1 минг киши мавсумий ҳамда вақтинчалик иш ўринлари билан таъминланади.

Иш ўринларини яратишда инвес­тиция дастури, саноатни устувор ривожлантириш дастурлари, саноат зоналарини яратиш ва улар фао­лиятини ташкил этиш, қурилиш ташкилотларини ривожлантириш, тўқимачилик ва бошқа тармоқларни модернизациялаш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини кенгайтириш асосий омил бўлади.

Айтиш керакки, Навоий, Тошкент ва Жиззах вилоятларида махсус индустриал зоналарнинг фаолият юритиши барқарор янги иш ўринлари ташкил этишда муҳим ўрин тутади. Натижада иқтисо­диётнинг бош­қа тармоқларида (транспорт, қурилиш, ижтимоий инфратузилмада) иш ўринлари очилиши кафолати ҳам мустаҳкамланади.

Яна бир масалани алоҳида таъкидлаш керакки, кичик бизнес, оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорлик, деҳқон ва фермер хўжаликларида аҳолини ишга жойлаштиришнинг реал, мақбул шакл­лари танлаб олинди.

Уй меҳнати билан бандликнинг сезиларли қисми анъанавий миллий ҳунармандчилик марказлари ҳисобланувчи минтақаларда – ­Бухоро, Фарғона, Қашқадарё, ­Хоразм, Наманган, Самарқанд вилоятларида ташкил этилади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ жараёнлар йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда, дас­турнинг кўрсаткичларини иқтисодий жиҳатдан асослаш, яратилаётган иш ўринларининг ҳақ­қонийлигини ошириш бўйича ҳар йили жиддий чоралар кўриляпти. Дастурнинг ижросини таъминлашга ҳар биримиз масъулмиз.

 

Раззоқ ОСТОНОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Тан олиш керак, дастур ижросини сифатли ташкил қилиш энг долзарб вазифа бўлиб қоляпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар йили тегишли чора-тадбирлар белгиланяпти.

Келгуси йилда банд бўлмаган аҳоли ва ишсизларга, биринчи нав­батда ёшларга, хотин-қизларга, имконияти чекланган шахсларга касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва ишга жойлаштириш хизматлари кўрсатилади. Бунинг учун Тошкент ва Самар­қанд шаҳарларида Касб-ҳунарга ўқитиш марказлари (КОИКА)нинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилади. Ушбу марказларда ҳамда базавий касб-ҳунар коллежларида ишсиз фуқаролар машинасозлик, элек­тротехника, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишларида қайта ўқитилади ва малакаси оширилади.

Бундан ташқари, 2017 йилда 508,8 минг нафардан зиёд касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш мўлжалланган. Келгуси йил коллеж битирувчиларининг банд­лигини таъминлаш бўйича янги услублар ҳам қўлланилади.

Масалан, махсус интернет порталида «Ўз бизнесингни ярат» рукнини жойлаштириш белгиланган. Шунингдек, «Бизнес ғоя» тизимини жорий этиш мўлжалланган. Бунда тадбиркорларнинг ёшларни қўллаб-қувватлаши назарда тутилган.

Умуман олганда, 2017 йилда корхоналар (иш берувчилар), коллежлар, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан имзоланадиган тўрт томонлама шартномаларнинг ҳаққонийлигини таъминлашга жиддий эътибор берилади. Коллеж битирувчиларини ишга қабул қилганлик учун кичик корхоналарга тақдим этилган имтиёзлардан тўлароқ фойдаланилади, барча вилоятлар марказларида, йирик шаҳар ва туманларда салоҳиятли иш берувчилар иштирокида ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилади. Тижорат банклари томонидан ёшларнинг ўз ишини бошлаши ва юритиши учун имтиёзли кредитлар ажратиш амалиёти изчил давом эттирилади.

 

Зайнаб БЕРДИЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Бандлик дастури мамлакатимиз тараққиёти, оилалар фаровонлиги билан боғлиқ энг муҳим ҳужжатлардан бири. Шунинг учун унинг ижросини таъминлашда ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб интилишимиз керак.

Дастурнинг ижро механизмини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида урғу бериляпти. Жумладан, келаси йил Меҳнат вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитасининг электрон ахборот тизимидан фойдаланилиб, дастурнинг туман ва шаҳарлар, тармоқлар ва аниқ корхоналар бўйича бажарилиши доимий мониторинг қилинади.

Дастур ижроси реал вақт режимида таҳлил этиб борилади. Ушбу механизм ортда қолиш кузатилган корхоналар ва тармоқларни, туман ва шаҳарларни аниқлаш имконини беради. Шу ор­қали қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш мумкин бўлади.

Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги тегишли комиссиялар фаолияти янада кучайтирилади. Масалан, улар томонидан ўтказиладиган йиғилишлар (туман даражасида — икки ҳафтада камида бир марта, вилоят ҳокимлиги даражасида — бир ойда камида бир марта) жадваллари тасдиқланади. Вилоят даражасидаги битта йиғилишда камида 2-3 тумандаги тегишли муаммоли лойиҳаларни, туман даражасида эса камида 10-15 муаммоли ҳолатларни кўриб чиқиш белгиланган.

Комиссияларнинг тасдиқланган баёнлари ва уларни бажариш бўйича назорат-режалари Меҳнат вазирлиги сайтига жойлаштирилади. Ана шу чора-тадбирларнинг барчаси Дастур ижросини таъминлашда, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишда долзарб аҳамият касб этади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: