17.12.2016

ОДАМЛАРНИ РОЗИ ҚИЛИШ —

демократик ислоҳотларнинг бош мезони

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатимизни келгуси йилларда изчил ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, уларни ўйлантираётган муаммоларни кечиктирмасдан ҳал этиш билан боғлиқ муҳим масалалар кўтарилди, аниқ вазифалар белгиланди. Мажлисда илгари сурилган фикрлар хал­қимизнинг юрагига етиб борди, одамларимизнинг кўнглини кўтарди, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Президентимиз белгилаб берган бугунги кунимиз учун ниҳоятда долзарб масалалар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фаоллари, депутатлар, экс­пертлар томонидан чуқур ўрганилмоқда.

 

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қўшма мажлисда жамия­тимизнинг барча соҳаларини жадал ривожлантириш, одамлар учун яхши турмуш шароит­ларини яратиш, хусусан, ижтимоий ҳимояни кучайтириш борасида муҳим масалалар ўртага ташланди. Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати олдига қўйилган долзарб вазифалар жамият ривожида катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Хусусан, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакл­лантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳа­қиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш таклиф этилгани биз депутатлар зиммасига улкан масъулият юклайди. Бу, биринчи навбатда бизга ишониб овоз берган сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, шу билан бирга, ижро ҳокимияти масъулиятини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

«Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг ижросини барча соҳаларда мониторинг қилиш парламентнинг жамиятимиз ҳаётидаги таъсир кучини янада оширишга хизмат қилади. Чунки парламент мамлакатда кечаётган ҳар бир ўзгариш ва янгиланишларнинг бошида бўлиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда асосий механизм вазифасини ўташи керак.

Бунда айнан маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш муҳим ўрин тутади. Фикримча, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳар бир фракция ўзининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик бирлашмалари билан тез-тез учрашиб, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлаши, ижро ҳокимиятининг масъулиятини оширишга эътибор қаратиши лозим.

Барча масалаларни фақатгина ижро ҳокимиятига юклаб қўймасдан, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам ўз позициясини билдириши, амалий натижалар учун тинимсиз ҳаракат қилиши лозим.

 

Ҳасан НОРМУРОДОВ, «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Қўшма мажлисда кексаларга эътибор кўрсатиш, уларнинг кўнглини олиш, ижтимоий таъминотини кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз, жумладан, шундай деди: «... ёши улуғ инсонлар, катта авлод вакилларига эътибор ва амалий ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг пенсияларини ошириш, тиббий хизмат ва ижтимоий-маиший таъминотини яхшилаш бундан буён ҳам Президент учун, Ҳукуматимиз ва барча ҳокимликлар учун энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолади».

Албатта, кексалари эъзоз­ланган, қадрланган халқ завол кўрмайди. Ёши улуғ инсонларнинг кўнглини олган раҳбар доимо хал­қи ардоғида бўлади.

Таъкидланганидек, пенсионерлар, ёлғиз қария ва ногиронларга давлат кўмагини кучайтириш бўйича айни пайтда кенг қамровли чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил татбиқ этилади.

Бу борада «Нуроний» жамғармаси олдида ҳам жуда катта вазифалар турибди. Нутқда ушбу тузилманинг қамровини кенгайтириш, ходимлар штатларини кўпайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бўйича кўплаб ишлар қилиниши қайд этилди.

«Нуроний» жамғармаси кексаларимизнинг ҳақиқий ғамхўри ва кўмакчисига айланиши керак. Шундагина унинг одамлар, жамият ҳаётидаги ўрни янада ошади. Чунки бу жамғарма фаоллари одамлар ичига кириб борган: қаерда қандай камчилик бор, ким ёрдамга муҳтож, кимнинг саломатлиги йўқ, буларнинг барчасидан яхши хабардор.

Фарзандларимизни, набираларимизни ҳар томонлама билимли, зукко, ватанига садоқатли, ота-онасини ҳурмат қиладиган, олдига юқори мақсадлар қўя оладиган инсонлар қилиб камолга етказиш бизнинг бурчимиз.

Биз буни яхши англаб, билиб турибмиз. Айрим ҳолларда фарзандларимизни нотўғри йўлга кириб кетишидан асраб қололмаётган пайтларимиз ҳам йўқ эмас. Демак, биз оиладаги, фарзандлар, набиралар тарбия­сидаги таъсир кучимизни янада оширишимиз керак, деб ўйлайман.

 

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳридаги 44-оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Президентимиз деярли ҳар бир чиқишларида соғлиқни сақлаш тизими олдида турган устувор вазифалар, йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммолар ҳақида куюниб гапираяптилар. Бу — бежиз эмас, албатта. Чунки бугун ҳақиқатан ҳам, тиббиёт тизимини замон талаблари даражасига кўтариш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш долзарб вазифа саналади.

Аҳолининг саломатлиги мустаҳкам бўлса, соғлом авлод камолга етади, одамлар эртанги кун ҳақида қайғуради, ўйлайди.

Қўшма мажлисдаги нутқда қуйидаги фикр­лар айтилди: «Биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам ва юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатадиган, ихтисослашган махсус марказларни янада ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш Ҳукуматнинг эътибор марказида бўлиши даркор».

Худди қишлоқ врачлик пунктлари сингари оилавий поликлиникалар ҳам аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим ўрин тутади. Чунки бу тузилма бевосита оилаларга кириб бориши, ҳар бир оила аъзосининг саломатлигини ўрганиши ва тезда зарур чораларни кўриши лозим.

Бироқ тан олиш керак, биз, тиббиёт ходимлари ўз зиммамизга юклатилган вазифаларни тўла-тўкис адо этаяпмиз, деб айта олмайман. Малакали мутахассисларнинг етишмаслиги, дори-дармон таъминоти, ходимларимизнинг аҳолига хизмат мадания­тини ошириш масалаларида камчиликлар оз эмас. Замон олдимизга қўяётган талаблардан келиб чиқиб, ишимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз, аҳоли саломатлигини асрашда фидойи бўлиб хизмат қилишимиз зарур.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: