Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
15.12.2016

ЁШЛАР ТАЪЛИМ-ТАРБИЯСИ — ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини катта ҳаяжон билан тингладим. Ҳар бир масала юзасидан очиқ-ошкора, оддий ва тушунарли қилиб, фикр-мулоҳаза билдирилганидан, тўғриси, роса қувондим.

Мен педагог-иқтисодчиман. Шу боис маърузада таълим-тарбия, айниқса, ўқитувчилар билим ва маҳорат даражаси, бола тарбиясида ота-онанинг жавобгарлиги ҳақида билдирилган фикрлар юрагимдан чуқур жой олди.

Ўзбекистондаги касб-ҳунар коллежлари тизимидан ибрат олиш лозим, деган фикрларни кўҳна Марғилонимизга ташриф буюрган кўплаб хорижлик мутахассис, фан, таълим соҳаси етакчилари, давлат арбобларидан эшитганман. Дар­ҳақиқат, Биринчи Президентимиз асос сол­ган касб-ҳунар таълими босқичидан ўтган миллионлаб ёшлар бугун мустақил ҳаётга кириб келдилар. Улар энг замонавий технологияларни бошқариб, ишлаб чиқаришнинг етакчи кучига айланмоқда.

Мен ҳам анжуманда билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялардан руҳланиб, юрагимдагиларни айтмоқчиман. Ҳа, ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар оз эмас. Компьютер технологияларига ихтисослашган айрим коллеж ўқув хоналарида зарур жиҳозлар етишмаслиги ёки бори ҳам эскириб, яроқсиз ҳолга келгани ва амалий маш­ғулот ўтказиш талаб даражасида эмаслигини яширмайман. Баъзан эса кутубхоналар фондини бойитишга маблағ етишмаяпти, деган гапларни ҳам эшитиб турамиз. Фарзандларимиз орасида китобхонлик изчил эмас, деймиз. Бу ҳақ гап. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Масалан, китоб тарғиботи, айниқса, янги китоб­лар тарғиботи қай аҳволда? Кутубхоналарда соҳанинг маълумотли мутахассислари ишлаяптими?

Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган сессиясида таъкидланишича, коллеж ва лицей битирувчиларининг атиги уч фоизга яқини олий ўқув юртларида ўқишни давом эттираётган экан. Хўш, олий ўқув юртига қабул қилинмаган ёшлар ҳозир қаерда, нима билан машғул?

Яқинда ЎзХДП вилоят кенгаши, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва «Камолот» ЁИҲ билан ҳамкорликда сайлов арафасида шаҳар ва туманлардаги барча уюшмаган ёшлар учун «Ёшлар ва сайлов» мавзусида форум ўтказди. Мен тадбир иштирокчилари билан суҳбатлашдим. Бундай эътибордан қувонган ёшлар форум учун миннатдорлик изҳор этиб, бўлаётган воқеаларга нисбатан нуқтаи-назарларини билдиришди. Мен педагог сифатида айтаманки, ёшлар билан ишлашда камчиликлар оз эмас, бажарилиши керак бўлган вазифалар кўп. Президентимиз ёшлар масаласида гапираётиб, «Биз шаҳар туманлар ҳокимликларида ёшлар масаласи билан шуғулланадиган ўринбосар жорий этамиз», — деганида, масалага энди ечим топилганини англадим.

Ёшларнинг буюк истиқболи йўлида партиямиз ғоявий мақсадларига ҳамоҳанг бўлган яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Статистик маълумотларга кўра, олий ўқув юртларидаги бир талабалик ўрни учун ўртача 8-10 талабгор кураш олиб боради. Абитуриентларнинг тўртдан уч қисми кириш синовларида иккинчи, учинчи бор иштирок этаётганлардир. Бу қониқарли аҳволми? Ўйлаб кўрайлик, мамлакатимизда бир йилда беш юз мингдан ортиқ ёшлар касб-ҳунар коллежи ва академик лицейни битиради. Улар учун олий ўқув юртларида атиги олтмиш мингга яқин талабалик ўрни бор. Фикримча, бу масалани ҳам жиддий ўйлаб кўриш зарур.

Яна бир мисол. 8 миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган Фарғона водийси вилоятларида иқтисодий билим берадиган учта университет, тўртта институт бўлса-да, уларнинг барчаси ҳисобига 10 иқтисодчи-магистр ўрни ажратилган. Ёки, Фарғона вилоятининг ўзида 88, қўшни Андижон, Наманган вилоятларида бундан бироз камроқ ОАВ фаолият кўрсатаётган бўлишига қарамай, ўрта-махсус маълумотли фотомухбир, дизайнчи, монтажчи, тасвирчи каби мутахассислар тайёрлайдиган бирорта ҳам коллеж ёки ихтисослашган академик лицей йўқ...

Президентимиз маърузасида жамиятимиздаги кўпдан-кўп муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилаётганини кўриб-билиб турибмиз. Ўз навбатида, биз маърузадаги барча вазифалар ва ғояларни ўта долзарб ва ҳаётий, деб биламиз. Биз, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари бу ислоҳотларни астойдил қўллаб-қувватлашимиз, улар амалга ошишида фаол иштирок этишимиз лозим, деб ҳисоблайман.

 

Нозима ТОШМАТОВА,

Марғилон педагогика касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси,

ЎзХДП аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: