13.12.2016

САЙЁҲ КУНДАЛИГИ: ЎЗБЕКИСТОН МЎЪЖИЗАЛАРИ

Покистоннинг pakteahouse.net сайтида Амир Аббос Турининг Ўзбекистон ҳақидаги мақоласи эълон қилинган. Биз уни бироз қисқартирилган ҳолда газетхонларимиз эътиборига ҳавола қиляпмиз.

«Мен Ўзбекистонда беш кун бўлдим. У ерда ўзимни эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилдим. Ўзбек халқига оид бунчалик бой ва юксак маданиятни кўрганимдан сўнг бу ҳақда ёзишга қарор қилдим. Тўғрисини тан олганим яхши, кўнглимдан ўтган кечинмаларнинг барчасини сўз билан таърифлаб беролмасам керак.

Ўзбекистонда бизга йўл бошловчилик қилган аёлнинг кўнгли очиқ, доимо кулиб турар экан.

Мазкур ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад жаҳонга маш­ҳур «Қўҳи Қоф» афсонаси ҳақида маълумот тўплаш, ислом тамаддунида беқиёс ўрин тутган Тошкент, Буюк Ипак йўлининг энг марказий шаҳарларидан бўлмиш Бухоро ва Самарқандни томоша қилиш эди.

1991 йилда мустақилликка эришган Ўзбекистонда бир пайтлар асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилар эди. Ҳозирда саноат корхоналари жуда кўп, нефть ишлаб чиқариш ҳам юқори даражада йўлга қўйилган. Ўзбекистонда аҳолининг саводхонлик даражаси 99,3 фоизни ташкил қилар экан. Бизнинг Покистонда бу рақам 54,9 фоиз холос. Энди бу ёғини ўзингиз таққослаб кўраверинг.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида яққол ажралиб туради. Чунки бу юртнинг тарихий илдизлари жуда чуқур. Ўзбек халқининг буюк аждодлари бошқалардан фарқли равишда маҳобатли, гўзал, бетакрор иморатлар қурган. Қувонарли томони шундаки, Ўзбекистон халқи ҳамон ўша қадимий улуғворлигини, юксак маънавиятини сақлаб келмоқда. Буюк Ипак йўли дунёнинг кўп мамлакатларидан ўтган. Ўзбекистон Буюк Ипак йўли тарихида, тараққиётида жуда муҳим ўрин тутади. Чунки дунёнинг ҳеч бир давлати Буюк Ипак йўлида Ўзбекистончалик кўп бозорга эга эмас.

Ўзбекистонда қадимий масжидлар ва қалъалар ҳамон сақланиб қолган. Хожа Аҳрор Вали масжиди, Амир Темур мақбараси, Руҳобод масжиди ва кўплаб бошқа обидалар бугун ҳам Самарқандни бутун дунёга машҳур қилиб турибди. Бухорода сўфий аёлларнинг Қиз Биби мажмуаси Марказий Осиёдаги энг машҳур тарихий ёдгорликлардан биридир.

Ўзбек халқининг турмуш тарзи ва анъаналари узоқ асрларга бориб тақалади. Ўзига хос, ранг-баранг бўлган бу менталитет турли даврлар ва динлар негизида шакл­ланган бўлиб, неча минг йиллар давомида ўзгармасдан келмоқда. Гарчи қанчадан-қанча босқинларни бошидан кечирган бўлса-да, халқ ўзининг маданиятига, урф-одатларига собит қолган.

Буюк Ипак йўлининг мамлакат ижтимоий-маданий ҳаётига таъсири жуда катта бўлгани айни ҳақиқатдир. Турли маданиятларнинг учрашиши оқибатида бутун инсониятнинг мулкига айланган кўплаб бетакрор мўъжизалар яратилган.

Ўзбекларнинг боғдорчилик санъатига ҳам тан бериш керак. Бу мамлакат ерларининг ҳаммаси ҳам деҳ­қончилик учун яроқли эмас. Шундай бўлса ҳам бу халқнинг меҳнаткашлиги туфайли тоғу тошларда ҳам боғлар барпо этилган. Бундан таш­қари, маҳаллий аҳолининг пазандалиги ҳам юксак даражада эканини алоҳида таъкидлаш зарур.

Ўзбек халқига хос бўлган кўп аср­лик анъана ва одатлар аждодлардан авлодларга ўтиб келмоқда. Аксарият Осиё давлатларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам асосий қадриятлар оилавий масалалар билан боғлиқ: фарзанд туғилиши ва тўйлар. Ўзбек халқининг урф-одатларига назар солар эканмиз, уларнинг мусулмончиликка айни тўғри келиши ҳайратлантиради. Меҳмон­дўстлик, ёши улуғларга ҳурмат ва эътибор юксак даражада шаклланган.

Ўзбек тили мамлакатда давлат тили ҳисобланади. Шу ўринда аҳолининг катта қисми рус тилида, бугунги ёшлари инглиз тилида бемалол гаплашишини таъкидлаш жоиз. Самар­қанд ва Бухоронинг маҳаллий аҳолиси тожик тилини ҳам билар экан.

Ўзбекларнинг меҳмондўстлиги ҳақида гапирар эканмиз, ўзбек ошхонасига алоҳида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Менга айниқса, гуручдан тайёрланадиган палов жуда ёқди. Ўзбеклар замонавий стол-стуллар билан бир қаторда ўзларининг қадимий хонтахталарини ҳам сақлаб қолгани эътиборга сазовор.

Тошкентда биз Амир Темур хиёбони, Мустақиллик майдони, Ҳазрати Имом мажмуаси ва Чорсу бозорига бордик. Ўйлашим бўйича, маълум бир мамлакатни яхшилаб ўрганиш учун халқининг ичига кириш керак.

Самарқандда Регистонни томоша қилаётганимизда мен ва немис сайёҳини маҳаллий аҳоли вакилларидан бири уйига таклиф қилди. Ушбу хонадонда бўлиб ўтган меҳмондорчиликни таърифлашга тилим ожизлик қилади. Зиёфатдан сўнг Амир Темур мақбараси ва Шоҳи Зинда мажмуасини бориб кўрдим. Улар ҳам менда катта таассурот қолдирди.

Бухорода ўзбек ёшлари билан иқтисод ҳақида суҳбатлашдим ва улар яшаётган жамият ҳақида анча маълумотга эга бўлдим. Дунёда тарихий шаҳарлар кўп. Аммо улар орасида Бухоро ўзгача ўрин тутади. Бу шаҳар дунё маданиятининг марказларидан бири бўлган ва бу мақомни ҳамон сақлаб келмоқда. Унинг тарихи бир неча минг йилларга бориб тақалади. Бухоро шаҳрининг марказида масжид ва мадрасалар жуда кўп ҳамда улар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон рўйхатига киритилган. Мен эртакларда тасвирланадиган, маҳобатли ва гўзал саройлар айнан Бухорода эканига амин бўлдим.

Ўз навбатида, Хивага ҳам бордим. Бу шаҳар ҳам кўп минг йиллик тарихга эга.

Амир Темур ва унинг авлодлари даврида нафақат Самарқандда, балки бошқа шаҳарларда ҳам жуда кўп меъморий обидалар қурилган. Бундан ташқари Соҳибқирон тиббиётни ривожлантириш, олим ва рассомларни ўз юртига таклиф қилиш ҳамда уларни рағбатлантириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратган. Унинг набираси бўлмиш Мирзо Улуғбек дунё тарихида биринчи ҳақиқий астрономдир.

Биз Самарқанддан унча узоқ бўлмаган Имом Бухорий мажмуасига ҳам бордик. Исмоил ал-Бухорий буюк олим, ер юзидаги барча муҳаддислар орасида энг кўп саҳиҳ ҳадислар тўплаган инсон бўлган. Биз ўша ердаги масжидда шом ва хуфтон намозларини адо этдик.

«Қўҳи Қоф» жуда катта тарихга эга бўлиб, унинг замирида кўплаб халқ эртаклари ва турли афсоналар пайдо бўлган. Гўзал шаҳарлар, буюк давлат арбоблари, ўлмас севги қиссалари ҳақидаги ҳикоялар бизга аждодларимиздан етиб келган.

Ўзбекистонга борганимдан ке­йин бу мамлакат ҳақидаги тасаввурларим бутунлай ўзгариб кетди. Мен бу кўҳна диёрни «Қўҳи Қоф» эртакларида тасвирланган жойларга ўхшатдим ва дўстларимга Ўзбекистонга боришни, бу мўъжизаларнинг ҳаммасини ўз кўзлари билан кўришни маслаҳат бердим».

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: