13.12.2016

ХАЛҚ БИЛАН ФИКРЛАШГАН ОДАМ КАМ БЎЛМАЙДИ

Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди. У ҳар доим, керак бўлса, ҳар куни, ҳар соатда ўзгаради, ривожланади, зиммамизга янгидан-янги вазифалар юклайди. Бу азалий қонуниятни бўйнига олмаган одам бир кун келиб қаттиқ янглишганини, хатога йўл қўйганини тушунади, замон шиддати ва тараққиётдан орқада қолади.

 

ЭЗГУ МАҚСАДГА ИШОНЧ

Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев маърузасида билдирилган ўткир фикр-мулоҳазалар, узоқни кўзлаб айтилган таклифлар барча даражадаги раҳбарлар, парламент аъзолари, сенаторлар, умуман, ҳар биримизни ўз ишимизга холис баҳо беришга, керакли хулосалар чиқаришга ундади. Келаётган йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб белгиланиши, ушбу таклифнинг мамлакатимиз жамоатчилиги томонидан фаол қўллаб-қувватланиши янгича фикр­лаб ишлаш, вазифаларимизга муносабатни тубдан ўзгартириш ниҳоятда зарур эканини кўрсатди.

Ўтган йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг дастлабки ташкилий йиғилишида Биринчи Президентимиз буюк фаолияти давомида ўзи доим амал қилган бир ҳақиқатни ҳаммамизга яна бир бор эслатган эди:

«...Кимки ҳаётнинг тараққиёт суръатлари билан ҳамқадам бўлмаса, унга лоқайд ва беписанд қараса, эришган ютуқларига маҳлиё бўлиб, хотиржамлик ва ҳаволаниш кайфиятига берилса, ҳеч шуб­ҳасиз, тез ўзгариб бораётган тарихнинг бир чеккасида, қолоқлик ва армонда қолиб кетади. Бу – ҳаётнинг бешафқат, аччиқ ҳақиқати ва биз буни асло унутмаслигимиз керак...»

Бу сўзлар Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда олдимизга қўйилган аниқ вазифалар билан нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани бизни доим ўйлашга, қатъиятли ва иродали бўлишга даъват этади.

Вақтида тузатилмаган хато, камчилик одамни доим таъқиб қилади. Бугун бўлмаса, эртага, ҳозир бўлмаса, кейинроқ, лекин барибир, оёғимиздан чалади. Кичик, арзимасдек кўринган масалалар ҳал этилмагач, катталашади, бора-бора муаммога айланади, газак олади. Давлат ва жамият тараққиётига зил-замбил тўсиқ бўлади.

Маҳаллий ҳокимларнинг халқ олдида ҳисобот бериши, депутатлар ва сенаторларнинг жойлардаги муаммоларни изчил ўрганиши одамларни ўйлантириб келаётган масалаларга ечим топишда, вакиллик ҳокимияти ва ижро ҳокимиятининг бир-бирига мувофиқ фаолият юритишида, инсон манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: агар катта-кичик раҳбарлар, халқ вакиллари эскича фикр, аллақачон умрини ўтаб бўлган дунёқараш билан фаолият кўрсатса, шунга таяниб қарор чиқарса, нима бўлади?.. Агар депутат ва сенаторлар ўзларига билдирилган ишончни ваколат, деб тушунса, «ниятимга етдим, энди хотиржам юрсам бўлаверади», «имкон қадар ўзимга қулайлик яратишим керак, нима бўлса ҳам менинг жоним қийналмасин», деб хато ўйласа, ҳокимнинг фикри бир жойда қотиб қолган бўлса, иш юришмайди, ислоҳотларда самара бўлмайди, албатта.

Айниқса, бундай зарарли кайфият ёшларга, уларнинг эътиқоди ва ишончига қаттиқ зарба беради. Янгиликка, ўзгариш ва ривожланишга интилувчан қалблардаги оловнинг тафти пасаяди, умидлар чилпарчин бўлади. Бундай мураккаб шароитда ёшларнинг боши гангиб қолади.

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган халқона нақл бежиз айтилмас экан. Эзгу ният билан ташкил этилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига тушаётган мурожаатлар, савол ва таклифлар бу гапнинг ҳақиқат ­эканини яна бир бор тасдиқлади, кўзимизни очди, десак, тўғри бўлади. Муаммоларни очиқ айтиб, муҳокама қилиш, уларнинг ечимига биргаликда чора излаш ҳаётнинг қатъий талаби, ҳақиқатнинг юзига тик қараб гапириш эса мард одамнинг ишидир.

«Худога шукр, мамлакат мустақил, қолгани секин-аста бўлади-да», деган хулоса бугунги кунда ҳеч бир соҳага мутлақо тўғри келмайди. Олий неъматимиз – Мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш ҳақида, она юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, мавқеи, келажаги ҳақида ҳар кун, ҳар дақиқа ўйламаса бўлмайди. Дунёда рўй бераётган бир-биридан чигал воқеа-ҳодисаларни кўриб, хулоса қилиб турибмиз. Бу ҳақда ортиқча гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, албатта. Бугун халқлар ва давлатлар ўз обрўси, ризқи ва керак бўлса, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун кечаю кундуз курашяпти. Инвестиция жалб қилиш, янги технологиялар яратиш, дунё нигоҳида мамлакатнинг жозибадор қиёфаси, имижини шакллантириш, бошқаларни ўзига маҳлиё қилиб, бозорда кўпроқ, кенгроқ ўрин эгаллаш, каттароқ фойда кўриш, ҳар томонлама муносиб турмуш кечириш ҳақида ўйлаяпти ва бу табиийдир.

Олиму мутахассисларнинг таъкидлашича, бугун ҳар қандай мамлакат равнақи табиий бойликлар билан эмас, балки у ерда яшаётган одамларнинг салоҳияти, янгиликка интилувчанлиги, замонавий фикрлаши, имкониятлар излаб топиш қобилияти, бир сўз билан айтганда, инсон омили билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Ўзимизга тасаввур қилиб кўрайлик. Одамлар қачон янгиликка, яхшиликка, тараққиётга жон дили билан интилади? Қачон ҳақ-ҳуқуқини, мамлакат қонунларини, адолатни қаттиқ туриб ҳимоя қилади? Қачон майда икир-чикирлар билан ўралашиб қолмай, аксинча, муносиб турмушни орзу қилиб, юксак маънавиятли ҳаётга талпинади?

Албатта, бу саволларга жавоб бериш анча мураккаб. Лекин шуниси аниқки, ўз салоҳияти, иродаси, орзуларига ишонган одам кучли бўлади. Инсон бу ҳаётда астойдил ҳаракат қилиб, аниқ натижага эришишига ишонса, қўлидан кўп иш келади, ўзгаришга, ўзгартиришга, манф­а­атларини ҳимоя қилишга қодир бўлади. Инсон таклифи ҳисобга олинишини билса, уни айтади, ҳал этилишини билса, мурожаат қилади.

Буларнинг ҳаммаси қачон рўй ­беради? Қачонки жамоат ўз ҳокими, нозири, депутати, сенаторини қаршисида кўрса, ҳамма ҳамжиҳат эканини билса, унинг кучига куч, ишончига ишонч қўшилади.

 

ОДАМЛАР КУТГАН, ОРЗУ ҚИЛГАН МУЛОҚОТ

Халқимизнинг табиати шундай: ҳар бир ишда раҳбардан, ўз вакилларидан ўрнак ва ибрат олади. Бир вазият юзага келса, энг аввал уларнинг фикрини кутади. Яхшилик кўрса, ҳеч қачон унутмайди. Ҳокимини ҳам, депутатини ҳам бошида кўтаради. Бунга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, ҳукумат ташаббуси билан ҳокимликларнинг телевидение орқали аҳоли билан жонли мулоқот қилиши охирги йилларда анъанага, яхши одатга айланиб бораяпти. Бу тажрибани жамоатчилигимиз мамлакатимизнинг барча ҳудудида фаол қўллаб-қувватлади. Очиқ мулоқотларда аксарият ҳолларда ижтимоий, кундалик турмуш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилгани учун онахонлар, хотин-қизларимиз ҳам бу тадбирга катта қизиқиш билан қарашди. Бу кўрсатувлар ҳатто хориж сериалларидан ҳам кўпроқ мухлис йиққани бежиз эмас. Хабар тарқатувчи интернет сайтлар ўтган йили бу ҳақда бир неча марта қизиқиб ёзишган эди.

Бундан қандай хулоса келиб чиқади? Демак, одамларимизнинг дунёқараши ўсган, фикрлаш доираси кенгайган, фуқаролик маънавияти юксалган. Халқимиз ҳаётдан узоқ, кундалик турмушга тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган баланд­парвоз гапларни ёқтирмайди. Бунинг учун чуқур, асосли, жиддий сабаблар бор. Очиғи, совет замонида халқимиз осмон­ўпар шиорлардан, «қизил» гаплардан чарчаб, безиб кетган. Одамлар ҳозир аниқ вазифа, аниқ мақсад, бошқача айт­ганда, аниқ саволга аниқ жавоб кутяпти.

Яшаётган кўча-ю маҳалласи, фар­занд­лари ўқиётган мактабу коллеж, газ, электр таъминоти, йўл созланиши, иш ўрни яратилиши, мурожаатлар тингланиши, таклифлар ҳурмат қилиниши ва ҳисобга олиниши ҳақидаги гапларни одамлар жон деб, бутун вужуди қулоққа айланиб эшитади. Вазият очиқ-ойдин тушунтирилса, рост гапирилса, муаммо ҳал бўлгунча кутади, имкони бўлса, ёрдам беради.

Телевизор орқали ҳокимини кўриб тинглаган одамлар уни қаршисида кўрса, кўпроқ ишонади, қўллаб-қувватлайди, меҳр қўяди. Демак, маърузада айтилган муҳим масала – ҳокимлар ва бошқа мутасадди раҳбарларнинг жамоат олдида ҳисобот бериши нафақат аҳолига, балки раҳбарларга ҳам катта фойда бўлади. Яна шуниси борки, халқ билан мулоқот қилган, кўп билан фикрлашган раҳбарнинг кўнгли ёзилади, ўзига катта куч ва сабоқ олади.

Аҳолимиз масъул раҳбарлар билан мулоқотга ҳар томонлама тайёр. Тан олайлик, бу мулоқотга фуқароларимизнинг ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий, ҳам маънавий жиҳатдан тўлиқ ҳаққи бор.

 

ҲОКИМНИ КИМ ТАНИЙДИ?..

Бундан анча йиллар аввал қишлоғимиз билан қўшни қишлоқ ўртасида сув масаласида чигаллик келиб чиққан эди. Битта насос чиқарадиган сув икки қишлоқ деҳқончилиги учун етмасди. Вазият шу даражага етдики, у қишлоқнинг одамлари бу қишлоқда бемалол юролмайдиган бўлиб қолди. Бундан бошқа қишлоқлар, бутун туман хабардор ­эди-ю, лекин ҳоким жим эди. Шунда икки қишлоқнинг нуроний отахонлари кўчамиздан ҳоким ўтишини эшитиб, уни йўлда тўхтатиб, муаммони айтган, аммо ҳеч қандай натижа чиқмаган эди. Ўшанда ҳоким икки-уч юз қадам жойга кириб, вазиятни ўрганган эмас. Нуронийларимизнинг гапи ерда қолган, деҳқончиликдан бош­қа умиди, илинжи бўлмаган одамлар узоқ пайт қийналган эди. Лекин бугун бундай совуққонликни замон кўтармайди, бундай бефарқлик билан асло муроса қилмайди.

Туман ёки шаҳар раҳбари, мутасаддилари, масъулларини маҳаллий аҳоли билиши, таниши муҳимдир. Шу ўринда ўзимизга ҳаққоний савол бериб кўрайлик: хўш, бугун ҳамма ўз ҳокимини танийдими?..

Яшириб нима қилдик, ҳокимиятга йўли тушмайдиган, йиғилишга бормайдиган ёки расмий тадбирларда қатнашмайдиган одамларнинг аксарияти, биров кўрсатмаса, ҳокимни танимайди. Исми, фамилиясини эслаб қолган бўлиши мумкин, лекин ҳокимнинг ўзини билмайди.

Юқорида эслаганимиздек, охирги йилларда маҳаллий ҳокимият мутасаддилари билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар бу борада муҳим қадам бўлди. Келгусида бу масалада аниқ, доимий ишлайдиган механизм яратилиши депутатларни сайловчилар билан, ҳокимни аҳоли билан яқинлаштиради. Эркин мулоқот пайтида мурожаатлар ҳал этилади, саволларга жавоб берилади, таклиф-мулоҳазалар билдирилади. Яна бир қимматли томони шундаки, бу жараёнда одамларимизнинг дунёқараши, тафаккури юксалади, ўз ҳудуди, юртида бўлаётган ислоҳотлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлгач, дахлдорлик туйғуси ошади, фуқаролик позицияси мустаҳкамланади. Маърифати, маънавияти юксалади.

 

ХАЛҚ МЕҲРИ – ҚУДРАТЛИ КУЧ

Депутат, сенатор, ҳоким, прокурор ва бошқа масъуллар билан фикрлашган одамларимиз ўзгаради: нима тўғ­ри-ю нима нотўғри эканини билади, нима аҳамиятли-ю нима зарур эканини тушунади, демократик тартиб-қоидаларни ўрганади. Буларнинг барчаси жамиятимизда ҳамжиҳатликни, алалхусус, демократияни қарор топтиришда, одамларнинг энг аввало ўзига, келажагимизга ишончини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ҳоким қанчалик билимли, тажрибали, фидойи бўлмасин, у, барибир, бир киши. Унинг зиммасида бир вақт­нинг ўзида бир нечта масалани кўриб чиқиш, оқилона, одилона қарор қабул қилиш мажбурияти, бир пайтнинг ўзида бир қанча саволларга жавоб топиш масъулияти туради. Бу жуда мураккаб ва бажариш қийин бўлган вазифа, албатта. Шу маънода, жамоат таклифлари, мулоҳазалари ҳокимларимизга қўшимча куч, мадад, тўғри қарор қабул қилишда бебаҳо кўмак бўларди.

Халқнинг қўллаб-қувватлаши, хайрихоҳлигини ҳис қилган ҳоким ёки бош­қа мутасадди раҳбарлар янада ­фаоллик, масъулият билан хизмат қилишига шубҳа йўқ. Шу тариқа ижро ҳокимияти ва фуқаролар ўртасидаги масофа яқинлашади, доимий мулоқот муҳити юзага келади. Бошқача айтганда, халқ билан ёнма-ён турган, кўпнинг фикри ва дуосини олган раҳбарлар, депутат ва сенаторлар ҳеч қачон кам бўлмайди.

Халқ истаги — эзгу, халқ истаги — ҳақиқат. Инсоният бошидан ўтказган неча-неча асрлар гувоҳ, бунга тарих гувоҳ: халқ истаги, албатта, ижобат бўлади. Чунки бу истак халқнинг ўзи каби абадийдир. Чунки бу истак ҳаммамизни бир ёруғ мақсад сари, ота-боболаримиз орзу қилган буюк келажак сари мустаҳкам эътиқод билан олға қадам ташлашга ундайверади.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.