13.12.2016

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИДА

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилади

Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда жаҳон миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган асосий масалалардан бири коррупция муаммосидир. Негаки, ушбу иллат тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдиради. Шу боис мамлакатимизда унга қарши кураш чораларини кучайтириш, бу иллатни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратиляпти.

Хабарингиз бор, бугун Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Унда мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини босқичма-босқич ислоҳ қилишга ҳамда эркинлаштиришга қаратилган бир қатор қонунлар, хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилади.

Ушбу қонун лойиҳаси дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида соҳа мутахассислари, эксперт­лар ва сиёсий партиялар фракциялари ҳамда депутатлар гуруҳи иштирокида қизғин муҳокама қилинди, уларнинг позициялари шакллантирилди. Қонунни қабул қилиш жараёнида улар ҳар томонлама ҳисобга олинди.

 

Хўш, қонуннинг мазмун-моҳияти нимадан иборат

 

Дилмурод Саъдуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аввало, таъкидлаш керакки, мазкур қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлашга қаратилган.

Қонунда коррупцияга қар­ши курашишнинг асосий принциплари белгиланган. Унинг аҳа­миятли томонларидан яна бири шундаки, коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияларнинг ҳуқуқий кафолатлари белгиланган.

Ушбу комиссиялар коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун ташкил этилади. Идоралараро комиссияни шакллантириш ва унинг фаолият тартиби Ўз­бекис­тон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тош­кент шаҳрида ҳудудий идо­ралараро комиссиялар қо­нун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Комиссиянинг асосий вазифаларига коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш киради. Шунингдек, у аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш вазифасини бажаради. Бундан ташқари, комиссия яна қатор ваколатларга эга.

 

Бунёд Эшонқулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— 2008 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясини ратификация қилган. 2010 йилда эса Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилган. Шу боис бу борадаги ҳу­қуқий асосларни янада такомиллаштириш мақсадида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Айтиш керакки, қонунда жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция ҳолатларига тўлиқ барҳам бериш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, коррупция жиноятларининг олдини олишга эътибор қаратилган.

Масалан, қонунда белгиланганидек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупция­га нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича зарур чоралар кўради.

Яна бир муҳим томони, қонунда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ҳам белгиланган. Унга асосан ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра, муайян ҳуқуқлардан, шу жумладан, муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқу­қидан маҳрум этилиши мумкин. Юридик шахслар ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгиланган.

Қонуннинг қабул қилиниши коррупцияга қарши курашиш, давлат ва жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга кенг йўл очади, деб ўйлайман.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: