13.12.2016

САМИМИЙ ҚУТЛОВЛАР

Мамлакатимизда 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани муносабати билан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий мамлакатларнинг таниқли жамоат арбобларидан самимий тилаклар билдирилган қутловлар келмоқда.

 

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

Сиз, Жаноби Олийларини Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиз муносабати билан чин дилдан муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Бугунги кунгача Сиз Жаноби Олийлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири сифатида мамлакатнинг ички сиёсатини бошқариб келдингиз. Жаноби Олийлари, Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон янада жадал тараққиётга эришади, бу ўз навбатида бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва фаровонлигига улкан ҳисса бўлиб қўшилади.

Биринчи Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки томонлама алоқаларимиз дўстлик ва ўзаро қулайлик муҳитида давом этмоқда. Ўзбекистонга ўтган йилги ташрифим давомида Сиз Жаноби Олийлари мени самимий кутиб олганингиз ва бутун ташриф давомида ҳамроҳлик қилганингиз мен учун улкан шараф бўлди. Япон ҳарбийлари мангу қўним топган масканни зиёрат қилиш, Навоий номидаги театрга ташриф, хотира концертида иштирок этиш ташрифимни жуда бойитди ва шахсан менда унутилмас таассурот қолдирди. Шу муносабат билан Сизга яна бир бор самимий миннатдорлигимни изҳор этишга рухсат бергайсиз. Сиз Жаноби Олийлари билан яқин ҳамкорликда мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд дўстона муносабатларни янада ривожлантириш тарафдориман. Бундан ташқари, биз “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасида бутун Марказий Осиё билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрмиз.

Сиз Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик ва улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига бахт ва фаровонлик тилаб қоламан.

Самимий эҳтиром билан,

Шиндзо АБЭ,

Япония Бош вазири

 

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

Сиз Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиз муносабати билан энг эзгу тилакларимни йўллашдан мамнунман.

Сизнинг ишончли ғалабангиз Ўзбекистон хал­қи раҳбарлик қобилиятингизга қатъий ишонишидан далолатдир. Бу Сизнинг узоқни кўзлаган раҳбарлигингизда Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий тараққиётда эришган улкан ютуқларнинг эътирофидир.

Покистон ва Ўзбекистонни қардошлик ва дўстлик муносабатлари боғлаб туради. Мамлакатларимиз кўп йиллар давомида кенг доирадаги масалалар бўйича ўзаро алоқаларнинг юксак даражасига эришган. Ишонаманки, яқин ва самимий муносабатларимиз халқларимиз ва мамлакатларимиз манфаатлари ва фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамланиб бораверади.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик ва улкан зафарлар, Ўзбекистон халқига тинчлик, ривожланиш ва фаровонлик тилайман.

Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

Мамнун ҲУСАЙН,

Покистон Ислом Республикаси Президенти

 

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Президент Жаноблари!

Польша халқи ва шахсан ўз номимдан Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиз муносабати билан самимий муборакбод этаман.

Польша Ўзбекистонда, шу жумладан, ке­йинги ойларда Сизнинг раҳбарлигингизда иқтисодиётни ва жамиятни ислоҳ этиш борасида амалга оширилган ишларни ҳурмат билан қайд этади. Жаноб Президент, Сизга Ўзбекистонда барқарорлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли ҳаёт даражасини юксалтиришдаги ишларингизда муваффақиятлар тилайман.

Польша ўзаро ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор. Шу муносабат билан 2017 йилда Польша — Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтиши ҳамда ушбу мажлис ўзаро иқтисодий муносабатларимизнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлишига умид қиламан.

Сизга жорий йил 9 ноябрда йўллаган мактубингиз ва олий даражадаги ташрифлар алмашиш тўғрисидаги таклифингиз учун миннатдорлик билдираман. Жаноб Президент, Ўзбекистон Республикаси ва унинг халқи фаровонлиги йўлидаги масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар ва мустаҳкам соғлик тилаган самимий истакларимни қабул қилгайсиз.

Ҳурмат билан,

Анджей ДУДА,

Польша Республикаси Президенти

 

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги ғалабангиз билан чин дилдан муборакбод этаман. Сиз эришган муваффақият Ўзбекистон халқининг мамлакатдаги тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлини изчил давом эттиришга қатъий қароридан далолатдир.

Арманистон — Ўзбекистон ўртасидаги давлатлараро муносабатларга янада жадал суръат бағишлашдан Арманистон манфаатдор эканини тасдиқлайман. Ишонаманки, ўзаро алоқаларимиз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш халқларимиз ва мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилади.

Сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида Сизни, муҳтарам Шавкат Миромонович, Арманистон Республикасига расмий ташриф буюришингизни таклиф этаман.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга юксак давлат лавозимидаги фаолиятингизга муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Эҳтиром билан,

Серж САРГСЯН,

Арманистон Республикаси Президенти

 

Шунингдек, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:

 

Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати Ижроия кенгаши раиси — доктор Абдулла Абдулла

Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари — Ильяс Умаханов

Россия Федерацияси Давлат Думасининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси — Леонид Слуцкий

«Российские железные дороги» ОАЖ президенти, МДҲга аъзо давлатлар Темир йўл транспорти бўйича кенгаши раиси — Олег Белозеров

Европа Парламенти депутати — Херберт Дорфманн

Нагоя университети президенти — Сеичи Мацуо

«ЛУКОЙЛ» нефть-газ компанияси президенти — Вагит Алекперов

«Боинг — фуқаролик самолётлари» компанияси президенти ва бош ижрочи директори, «Боинг» корпорацияси вице-президенти — Рэймонд Коннер

Умумий касаба уюшмалари Конфедерацияси бош котиби — Владимир Шербаков

«Клаас» компанияси кузатув кенгаши раиси — Катрина Клаас Мюлхойзер

«Клаас» компанияси бошқаруви аъзоси — Ян-Хендрик Мор

«Мир» давлатлараро телерадиокомпанияси раиси — Радик Батиршин

 

Қутловлар келиши давом этмоқда.



DB query error.
Please try later.