10.12.2016

КИТОБДАГИ БОШ ШИФОХОНА

янгидан қад ростлади, сифатли таъмирланди ва жиҳозланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда бошқа соҳалар қатори тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш борасида бир қатор масалаларни ўртага ташлади. Вилоятда келгуси 5 йил ичида учта янги тиббиёт муассасаси қурилиши, 33 шифохона капитал таъмирланиши мўлжалланган. Дастурга кирган Китоб туманидаги марказий шифохонани тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларининг биринчи босқичи яқинда якунланди.

Бу воқеага уч йилдан ошди. Янги йил арафаси, кечқурун, қор қаттиқ ёғаётган пайт эди. Автоҳалокатга учраб, қаттиқ жароҳат олдим. Китоб туман марказий шифохонасида бир ойга яқин даволанишга тўғри келди.

Гапнинг сираси, журналист бемор ҳолда ҳам тинчимайди. Ташқарида гупиллаб қор ёғар, хона яхши иситилмас, юрагим сиқилар, аммо ноилож эдим. Асли китоблик бўл­сам-да, бош шифохона шўро ҳукумати қулоқ қилиб юборган бир бадавлат инсоннинг ҳовлисида жойлашганини билмас эканман. Баъзан яқин қариндошлардан хабар олгани келганимда, оддий иморатлар, чор-ночор шароитни бир неча бор кузатганман. Хуллас, туман аҳолиси кўпайиб, янги касалхонага эҳтиёж ошиб борса-да, масала ечилмаётган эди. Тўғрироғи, мутасаддиларнинг қурби етмасди. Ўша йилларда катта миқдорда пахта, вилоятнинг 60-65 фоиз узум, мева ва сабзавотини етиштириб бераётган туман учун битта шифохона қуриб бериш пайсалга солинарди.

— Саксонинчи йилда Олий советга сайлов белгиланган, мен ўшанда туман сайлов комиссиясининг аъзоси эдим, — дея ҳикоя қилади Китоб туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Аҳмаджон Абдусамадов. — Воқеалар кечагидек эсимда. Номзоди туманимиздан кўрсатилган Пахта тозалаш саноати вазири Ваҳобжон Усмонов олдига янги касалхона қурилиши масаласи кўндаланг қўйилди. Бу осон иш эмаслигини билар эдик. Барча умидимиз ундан эди. Ваҳобжон Усмонов ҳам масъулият нечоғлик катта эканлигини анг­лаганди.

— Мен у кишининг қизи Лола Усмонова билан институтда бирга ўқиганман, — деган эди марказий поликлиника бош шифокори Муҳаммади Аминов. — Жуда ҳаракатчан қиз эди. Бу оиладаги яхши тарбиянинг маҳсули эди.

Биз яқин ўтмишдаги тарихимизни ҳали тугал ўрганган эмасмиз. Бугунги кунларнинг қадрига етиш учун ҳам кечмишимиздан бохабар бўлмоғимиз лозим. Мен «Қонсираган жаллодлар» китобида келтирилган Ваҳобжон Усмоновнинг сўнгги видолашув мактубини ўқиб қолдим: «Менинг жондан азиз болажонларим — Аҳмаджон, Адҳамжон, Лолахон, Илҳомжон, Раънохон! Сизлар етим бўлиб қолаётган отангиз эса туҳмат билан отишга ҳукм қилинган экан, бунинг учун туҳматчилар айбдордир. Мен судда фақат ҳақиқатни гапирганимга ўзларинг ҳам гувоҳ бўлдингизлар. Менинг виждоним пок. Мен кўп ишладим, сизларга ҳалол луқма едирдим. Шу боисдан ҳам сизлар кишилар кўзига ёруғ юз билан қарай оласизлар...»

Доноларнинг зикр этишича инсон сўнгги дамда бутун ҳаётини яхши-ёмон ишларини кўз ўнгидан ўтказар экан. Ваҳобжон Усмонов ҳам охирги лаҳзаларда бутун ҳаёти, амалга оширган ишларини, хусусан Китобда қурилаётган шифохонани ҳам эслаган бўлса, не ажаб. Чунки бу одамларнинг истаги, кўпчиликнинг нияти эди. Аввал, яхши лойиҳа тайёрланди. Пахта етиштириладиган ердан алоҳида майдон ажратиб олиш ҳам осон кечмади. Пахта сиёсати жуда оғир эди. Улкан шифохона биноси қурилишини молиялаштириш борасидаги сансалорликлар ҳаммасидан ошиб тушарди. Йўқ, Ваҳобжон Усмонов барча масалаларни қатъий туриб ҳал қилди, ўз сайловчилари, унга ишонган китобликларнинг орзуларини рўёбга чиқариш учун курашди. Лойиҳага кўра, тўрт ва беш қаватли 6 корпусдан 4 таси қурилганда, ишлар тўхтаб қолди. Чунки бу ишларга бош бўлган инсон ноҳақлик қурбони бўлган эди. Оқибатда қурилиш йиллар давомида тўхтаб қолди. Охири тўқсонинчи йилда якунига етди. Ростига кўчсак, бу шифохона биноси воҳадаги энг яхшиларидан бири эди. Мустақиллик йилларида вилоятда янги-янги тиббиёт муассасалари қад кўтарди, шароит тубдан яхшиланди.

— Тўқсонинчи йилда институтни битириб қурилишда иш бошлаган кезларим эди, — дея эслайди 225-қурилиш МЧЖнинг моҳир устаси Актамжон Рўзиев. — Ўшанда шифохонанинг чала қолган 4 қаватли охирги иморати қурилишини тугаллагандик. Тақдирни қарангки, ўша иморатларни таъмирлаш бизнинг жамоа­мизга насиб этди...

Дарҳақиқат, ҳукуматимизнинг қарори ва дастури асосида бир неча йилдан буён мамлакатимиздаги кўплаб шифохоналар капитал таъмирланмоқда ва реконструкция қилинмоқда. Китоб туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонани таъмирлаш учун 4 миллиард 440 миллион сўм маблағ ажратилди. Китоб­даги 225-қурилиш МЧЖ танловда ғолиб бўлиб, қурилиш ишларини бошлаб юборди. Кези келганда бу ташкилот нафақат туманда, балки воҳада сифатли иши билан оғизга тушганини қайд этиш лозим. Жамоа ўнлаб мактаб, коллеж, намунали уйларни қуриб битказди. Шаҳрисабз шаҳридаги бош майдон ободончилигига ҳисса қўшди. Айниқса, ўтган йили вилоят сил касалликлари шифохонасини сифатли капитал таъмирлаб ол­қишга сазовор бўлди.

Эсимда, шу йилнинг ёзи эди. Йўлим тушганда 4-5 қаватли биноларга тақалган баланд ҳавозаларни кўргандим. Уларнинг баландлиги 17 метрдан кам эмас экан. Жами 5,7 минг кв.метр деворлар қум сувоқ қилинибди. 3 та 36 кишилик сувоқчилар гуруҳи 4 ой меҳнат қилишибди. Бу борада уста сувоқчи Фаттоҳ Розиқовнинг хизматлари катта экан. Ташкилотнинг таъмирлаш ишлари бошида турган Ўктам Рўзиев шундай ҳикоя қилади: «Бошлиғимиз Абдумажид Ғаффоров жуда қаттиққўл, қўл учида ишлаганларни асло ёқтирмайди. Қолаверса, нонимизни ҳалоллаб ейишга ўрганганмиз. Ҳозир айрим ишларни айтмасам бўлмас. Аввало, эшик-деразалар тўлиқ янгиланди. Ички хоналарнинг нотекис деворлари қайтадан сувоқ қилинди. Ламинат, паркетлар Тошкентдаги «Вудманн» қўшма корхонасида тайёрланган. Иситиш тизими бутунлай янгиланди. Жами 66 «Аристон» сув иситиш мосламаси ўрнатиб берилди. Янги замонавий канализация қувурлари тортилди. Айниқса, жиҳозлар ранг-баранг. Кроват, жавон ва бош­қа ашёларни Шаҳрисабздаги «Ҳисор Зайниддин» кичик корхонаси мебелсозлари ясаб беришди. Масалан, битта «Тез шошилинч ёрдам» бўлимини олайлик. Жами 21 хона сифатли таъмирланди. Овқат пишириш учун алоҳида электр печ ўрнатиб бердик. Нимкат, мебеллар тўла янгиланди. Бундай таъмирлаш ва жиҳозлаш барча бўлимларда амалга оширилди. Ҳа-я, 5 қаватли бинога кўтариладиган лифтни ҳам соз­лаб ишлатиб бердик. Бу ҳам қулайлик. Ишимиздан рози бўлишса, бас...»

— Ҳа, қурувчилар яхши меҳнат қилишди, — дейди Китоб туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдуғани Усмонов. — Аввало, биз 130 ўринли туғуруқ комплекси, 130 ўринли болалар, 100 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда 240 ўринли марказий касалхонага эгамиз. Марказий ва болалар поликлиникалари ҳам ишлаб турибди.

— Китоб тоғ олди тумани, — дейман бош шифокорга. — Аҳолининг 25-30 фоизи тоғ қишлоқларида истиқомат қилади. Шунга...

— Фикрингизни тушундим, — дейди Абдуғани. — Туманимизда 157 қишлоқ бор. Жами 20 ҚВП ташкил этилган. Шароити ёмон эмас, ҳали янада яхшиланади. Узоқ жойлардаги беморларни марказий шифохонага олиб келиш учун транспорт билан таъминланганмиз. Келинг, масалага кенгроқ қарайлик. «Саломатлик» — 1, 2, 3 лойиҳалари асосида ҳукуматимиз шифохоналарга катта маблағлар ажратди.

— Хоналаримиз ярқираб турибди, — мамнун бўлади клиник лаборатория мудири Ашуржон Бекбоев. — Иссиқ, совуқ сув мунтазам узатил­япти. Қон таҳлили ва бошқа вазифаларни бажарадиган бир қанча замонавий ускуналар келтирилди.

— Мен 26 йилдан буён шу жойда меҳнат қилаяпман, — дейди стериллаш бўлими бошлиғи Шаҳло Дониёрова. — Бизнинг ишимиз ниҳоятда масъулиятли. Энди 3 янги автоматик тозалаш ускунасига эга бўлдик. Демак, фақат яхши меҳнат қилишимиз керак.

— Раҳмат сизга, — мамнун бўлади Абдуғани Усмонов ва яна янги бўлимларга бошлайди. — Мана, жарроҳлик бўлимига анча йилдан буён тажрибали шифокор Илҳом Бобомуродов раҳбар. Янги нимкатлар билан таъминланди. Яна бир янгилик шу бўлдики, беморларни қабул қилиш ва ташхис қўйиш бир жойда амалга оширилаяпти. Тиббиёт яхши ускуналарсиз ривожланмайди. Энди энг замонавий рентген аппаратига эга бўлдик. 6 янги УЗИ ишлатилади. Реанимация бўлимига 7 махсус кроватлар келтирилди. Бундай янгиликлар жуда кўп.

— Илгари транспорт воситалари шифохона ҳовлисига киритиларди, — фикримни тушунтира бошлайман. — Эндиликда ўша майдонларда майсалар ўстирилиб дарахт кўчатлари экиларкан. Хуллас, ободончилик ҳақида ҳам гапирсангиз.

— Тўғри, — дейди Абдуғани ва ташқарига бошлайди. — Шифохонамиз ҳовлисининг орқа томонидан 100 автоулов сақланадиган алоҳида майдонча тайёрланмоқда. Умуман, жами ҳовлимиз 4,5 гектар, шундан 80 сотих майдонда дарахтлар ўстирилган. Яна янгиларини ўтқазамиз. Барча экинлар томчилатиб суғорилади. Таъмирлашнинг биринчи босқичи якунланди. Келгусида марказий поликлиника, ошхона, шифохонанинг иситиш қозонхонаси ва бош­қа иншоотлар таъмирдан чиқарилади...

— Мен қайтадан таъмирланган шифохонамизга бордим, — дейди яқин дўстим Ғуломжон Эрназаров. — Очиғи, янгидан қурилгандай бўлибди. Кўпдан буён умуртқамда оғриқ сезаман. Энди шу касалхонада яхшилаб даволанмоқчиман. Шундай шароитни яратиб бераётган, ғамхўр­лик қилаётган давлатимизга минг раҳмат!

 

 Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: