10.12.2016

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ

одамлар ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшашининг кафолатидир

Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар, халқимиз ҳаётини янада фаровонлаштириш мақсадида илгари сурилган ғоялар, фуқароларимизни ўйлантираётган муҳим масалалар юзасидан айтилган ўткир мулоҳазалар одамларнинг юрагига етиб борди, уларни ҳаяжонга солди. ­Халқимизнинг келажакка ишончи янада мустаҳкамланди. Маърузада Биринчи ­Президентимиз Ислом Каримов бошлаб берган инсон манфаатлари устуворлиги, унинг ҳақ-ҳуқуқларини сўзсиз таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилиши алоҳида қайд этилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, кириб келаётган 2017 йил «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари» йили деб эълон қилинди. Янги йилга бундай ном берилишининг аҳамиияти ва мазмун-моҳияти зиёлилар, олимлар, депутатлар, экспертлар томонидан қизғин муҳокама этилмоқда, бу ҳақда кўплаб фикр-мулоҳазалар билдириляпти.

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

– Ҳар жиҳатдан кенг қамровли, концептуал маърузада ўртага ташланган муҳим таклифлардан бири — бу, шубҳасиз, туман ва шаҳарларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш масаласидир.

Албатта, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг ўзи сайланган ҳудуднинг ижроия ҳокимияти органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши ва тегишли хулоса бериши амалиётини йўлга қўйиш яхши самара беради.

Очиғи, шу пайтга қадар ҳам йилнинг ҳар чорагида қонунчиликка мувофиқ, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб келинар эди. Учрашувларда сайловчилар томонидан турли муаммолар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид таклифлар муҳокама қилинарди. Бироқ уларни ўша жойнинг ўзида ҳал этиш ёки ижроия ҳокимияти органи масъулиятини ошириш бўйича бирор аниқ механизм йўқ эди. Тўғрисини айтиш керак, биз депутатларда қатъият ва фидойилик етишмагани, ҳақиқатнинг юзига тик қарамаганимиз учун ҳам вазият шу аҳволга келиб қолди.

Агар маърузада айтилган таклиф ҳаётга татбиқ этилиб, депутатлар 10-12 кун давомида иккита тумандаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб, бу борада аниқ хулоса бериш тартиби жорий этиладиган бўлса, одамларнинг манфаатлари тўлароқ ҳимоя қилинади. Халқ билан давлат органлари ўртасида очиқ, ошкора мулоқот муҳити юзага келади.

Энг асосийси, халқ вакиллари, ижроия ҳокимияти органлари масъулияти янада ортади. Қолаверса, қонунларни қабул қилиш жараёнида реал ҳаёт билан солиштириш ва энг тўғри хулосага келиш имкони туғилади.

 

Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири, юридик фанлар номзоди:

– Тантанали маросимда бевосита иштирок этган инсон сифатида шуни айтишим керакки, маърузада эътибор қаратилган энг асосий жиҳатлардан бири — бу қонунлар ижросини таъминлаш, яъни ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантиришдир. Кўплаб қонунлар қабул қилинаяпти, барча соҳалар бўйича ҳуқуқий асослар яратилаяпти. Бироқ айнан уларнинг ­ижросини таъминлаш борасида ҳақиқатан ҳам муаммолар мавжуд. Ҳатто, қабул қилинган қонунни қуйидаги ижрочиларга етказиш билан боғлиқ камчиликлар ҳам оз эмас.

Шавкат Мирзиёевнинг маърузасида Адлия вазирлигининг бу ­борадаги фаолияти талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонунлар мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш масалалари ҳам оқсаётганига урғу берилди.

Ҳуқуқшунос сифатида шуни айтишим керакки, қабул қилинаётган қонунга жамиятда ҳақиқатан ҳам талаб бўлса, эҳтиёж бўлса, у сўзсиз ишлайди. Кейинги масала эса бизда қабул қилинаётган аксарият қонунлар ҳужжатлари тарғиб этилмайди. Ёки муайян доира ­билан чекланиб қолинади, қуйига етиб бормайди. Қонун — бу фақатгина муайян қатлам тушунадиган ҳужжат эмас, балки аҳолининг барча бўғинларига етиб борадиган тартиб-қоидалар мезони бўлиши керак.

Жамиятдаги айрим муаммолар ниманинг оқибатида юзага келади? Аввало, ўз ҳуқуқини билмаслик ёки бош­қаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилмасликдан. Мисол учун, айрим тадбиркорлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ билмасликлари туфайли муаммоларга дуч келишади.

Демак, биринчи навбатда, бу масалаларни бартараф этиш учун қонун ҳужжатлари тарғиботи ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга йўналтирилган ишларимизни кучайтиришимиз, янги механизмлардан самарали фойдаланишимиз талаб этилади.

Қайси касб, қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар, ёшларимиз тарбияси ҳаммамизга тегишли, ўта долзарб ва ҳаётий вазифадир.

 

Боймурод ЮСУПОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири:

– Маърузада айтилган халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган фикр демократик ислоҳотларнинг туб моҳиятини очиб беради. Дарҳақиқат, инсонларни рози қилиш, манфаатларини таъминлашда уларнинг мурожаатлари билан ишлаш муҳим аҳамиятга эга.

Маърузада жумладан, шундай дейилади: «Мухтасар айтганда, одамлар дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш — аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади».

Хўш, бу борада партиямиз фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг вазифалари нималардан иборат? Биз, ҳар бир сиё­сий партия вакиллари аввало ана шу саволга жавоб беришимиз шарт.

Биринчи навбатда, партиямиз тизимида мавжуд бўлган «Жамоатчилик қабулхоналари» ишини янада жонлантиришимиз, керак бўлса, тубдан қайта кўриб чиқишимиз лозим. Шу орқали одамларни ўйлантираётган масалаларни ўз вақтида аниқлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш имконияти пайдо бўлади.

Умуман, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш, сиёсий партияларнинг, жумладан, депутатларнинг энг устувор вазифасига айланиши зарур.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

– Маърузада аҳолини иш билан таъминлаш, турмуш даражасини юксалтириш, иш ҳақи, нафақа, пенсия ва стипендиялар миқдорини тизимли равишда ошириб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу, албатта, аҳолининг яхши яшаши, мазмунли ҳордиқ чиқариши, турли хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Аҳолини иш билан таъминлаш нафақат иқтисодий, айни пайтда катта ижтимоий аҳамиятга эга масаладир.

Чунки иши бор одамнинг ҳаёти фаровон бўлади, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлади. Шу маънода, маърузада таъкидланганидек, ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, иш берувчи ташкилотлар билан бир қаторда банк муассасалари ҳам бу ишда янада фаол бўлиши керак.

Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпи қишлоқ жойларда яшайди. Уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш долзарб аҳамиятга эгадир. Шу сабабли маърузада бундан буён ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, илғор технологияларни жорий этишга асосий эътибор қаратилгани бежиз эмас. Бу вазифалар халқ депутатлари Кенгашлари, депутатлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

 

Умрбек БЕКТЕМИРОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Ёшлар вакили бўлганим учун биз ёшларга боғлиқ фикрларни алоҳида ҳаяжон билан тингладим. Маъруза матбуотда эълон қилингач, қайта-қайта ўқиб чиқдим. Зиммамизда жуда катта вазифалар турганлигини ҳис этдим. Хусусан, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш диққат марказида бўлиши таъкидланди.

Бу бежиз эмас, албатта. Бугунги таҳликали даврда ёшларни йўлдан ­урадиган, ўз юрти, ота-онасига қарши қайрайдиган ғаразли кучлар оз эмас. Ёшлар вакили сифатида шуни айтишим керакки, бугунги тенгдошларимиз ўз олдига аниқ мақсад қўйган, хорижий тилларни биладиган, шунинг­дек, ҳаётда юксак марраларни орзу қиладиган ёшлардир ва бунга тинимсиз ҳаракат қилишмоқда.

Афсуски, ғаразли тўдалар, нопок кучлар таъсирига тушиб қолаётган тенгдошларимиз ҳам йўқ эмас. Гоҳида ота-оналарнинг, атрофдагиларнинг бефарқлиги бунга сабаб бўляпти.

Ёшлар билан кўпроқ гаплашиш, қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш муҳим аҳамиятга эга.

Маърузада ўртага ташланган таклиф — ҳар бир туман ҳокими ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш айни муддао бўлади. Мамлакатимиздаги барча ёшлар, хусусан, «Истиқбол» ёшлар қанотининг 140 мингдан ортиқ аъзолари бу таклифни фаол қўллаб-қувватлайди.

Биз ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ишларимизни тубдан кучайтиришимиз, барча тадбирларимизни аниқ мақсадга йўналтиришимиз, эркин мулоқот масаласига жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: