Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.12.2016

ХАЛҚИМИЗНИНГ БОШ ҚЎШИҒИ

10 декабрь — Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун

— Шоҳсупада турибману, ўзимга айтаман: «Бўлди, ўзингни қўлга ол, Олимпиада ёпилишига бир соат қолди, ҳозир Ўзбекистонда ярим тун, лекин оилам, маҳалладош­ларим, бутун халқимиз ­менинг ғалабамни байрам қилмоқда, балки дунёда юз миллионлаб одамлар мени кузатиб тургандир». Мадҳиямиз янграши билан бирдан титрай бошладим...

Бу — Бразилияда ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг финал жангида Озарбайжон вакили Лоренсо Сотомайорни мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритган моҳир боксчимиз Фазлиддин Ғоипназаровнинг кўнглидан ўтган гаплар. Ўшанда ўзбек ўғлонига бутун дунё тан берди, ўша ҳаяжонли дамларни ҳеч қачон унутмаймиз.

Хўш, шунча шиддатли жангларда тани қилт этмаган спортчиларимиз нега Давлатимиз мадҳияси янграганда бир зум «мушти қаттиқ, кўнгли бўш бола»га айланиб қолади? Жавоб оддий: ўз халқи қандай буюк ишларга қодирлигини инсоният олдида исботлаб бериш бахти. Ҳа, ­дунёда қўшиқлар кўп, аммо халқни бирлаштирадиган, қўлларни елкама-елка жипс­лаштирадиган ягона қўшиқ — Давлат мадҳияси.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1992 йил 10 декабрда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаромизнинг ватанпарварлик бурчидир.

Бугун мадҳиямизнинг муаззам садолари расмий ташрифлар чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамларида, кўплаб йирик халқаро анжуманлар, спорт мусобақалари очилишида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида янграмоқда.

Бу йил мадҳиямиз мусиқаси муаллифи — Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал ­Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди.

— Истиқлолнинг дастлабки кунларидан Давлат мадҳияси учун танлов эълон қилинганда, дастлаб 70 вариант таклиф этилган, улар сараланиб-сараланиб, якуний босқичда Биринчи Президентимиз, депутатлар ва халқимиз ҳозирги мадҳиямизни қўллаб-­қувватлаган, — дейди Ўзбекис­тон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам ­Абдуллаев. — Чунки мадҳиямиз мусиқасида улуғворлик, миллийлик, тантанаворлик, кучли шижоат бор. Уни тинг­лаганда, ўзини шу халқ, шу Ватанга мансуб санаган одам борки, жарангдор руҳ ва ички оҳангдорликдан қувват олиб, эл-юрт равнақига ҳисса қў­шишга аҳд қилади.

Давлатимиз мадҳияси матнини битган атоқли ­шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла ­Орипов «Унутилмас Мутал акамиз» мақоласида хал­қимизнинг бу муаззам қўшиғи ҳақида шундай ёзган эди: «Мадҳия — тирик ҳаёт, жонли турмуш. У турли фикрдаги ватандошларни бир неча дақиқадаёқ сўз ва оҳанг кучи билан бирлаштира олувчи буюк қудратдир».

Чиндан ҳам мадҳиямиздаги олтмиш бетакрор сўзнинг ҳар бири халқимизнинг асрий орзу-армонлари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончини ўзида мужассам этган. Ватанимиз ва халқимизга берилган ҳар бир таъриф узоқ йиллик умуммиллий қарашлар тизимидан келиб чиқиб танланган, ўзига хос чуқур фалсафий маъноларни ифодалайди.

Серқуёш — юртимиздаги бетакрор иқлим ва танланган тараққиётнинг ёруғ йўли, ҳур — миллий мустақиллик ва ривожланишнинг ўзига хос концепцияси, ҳақсевар — Ватанимиз табарруклиги ва адолат тантанаси, оламни маҳлиё айлаганлик — бой ўтмиш, гўзаллик, юксак салоҳият ва қудрат тимсолларидир.

Юртимизнинг элга бахт ва нажот бўлиши — миллий бутунликдаги тарақ­қиётни, дўстларга йўлдош ва меҳрибонлиги — халқ­аро ҳамжамиятга фаол интеграциялашув жараёнида ҳамиша тинчлик ва фаровонлик тарафдори эканини англатади.

Жаҳонда то абад илму фан, ижод яшнар экан, ­Ватанимиз шуҳрати ҳам мангу порлаши — улуғ аждодларимиздан мерос буюк интеллектуал сало­ҳиятнинг авлодлар оша абадий яшаши ва амалда ўзини намоён этавериши рамзидир. Мадҳиямизда аждодларимиз — мардона руҳ эгаси, авлодлар — эркин ва ёш қанот тарзида таърифлангани улуғ халқ қудратининг миллий негизини янада ойдинроқ ифодалайди.

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони — ҳаётимизни барҳаёт, умрзоқ ва бизни ҳамиша саодатга элтувчи миллий мезонлар асосига қурганимизни, ўзимиз танлаган йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, бу йўлда истиқлол машъала ва тинчлик посбони бўлишини англатади.

...Ҳар тонгда мадҳиямиз садолари остида янги кунга пешвоз чиқарканмиз, Ватанимизнинг бош қў­шиғи тан-жонимизга она сути, алласи ва улуғ аждодларимиз ўгити билан кирган бемисл миллий қудрат, юксак интеллект, мустаҳкам иродани эслатиб туради. Ва беихтиёр унга жўр бўлиб куйлай бошлаймиз:

...Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!

 

Умид ЁҚУБОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.